Меню

Қашқадарё

20.10.2020 1599

Қамашилик нуронийларга қулайлик

Президентнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида фахрийлар вақтини мазмунли ўтказиши, ҳордиқ чиқариши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун зарур шарт-шароитга эга “Нуронийлар маскани” мажмуалари ташкил этилаётганидан хабарингиз бор.

Яқинда қамашилик нуронийларнинг ҳам қувончига қувонч қўшилди. Туман марказида жойлашган истироҳат боғи ҳудудида “Нуронийлар маскани” қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мажмуа қурилишига 471 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, қурилиш ишларини “Капитал инвест фарм” корхонаси бунёдкорлари бажаришди.

Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг фахрийлар билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси Январ Иноятов, туман ҳокими Ботир Тоғаев ва бошқалар қатнашиб, мамлакатимизда кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.

– Бу ердаги шароитлар биз кексалар учун айни муддао бўлибди, – дейди меҳнат фахрийси Абдураим Ибодов. – Китоб ўқиш, жисмоний машқ қилиш, шахмат, шашка ўйнаш, тиббий муолажа олиш, намоз ўқиш имкони мавжуд. Бу ер зерикканда келиб-кетиладиган эмас, вақтни унумли ўтказишда асқатадиган маскан бўлишига шубҳа йўқ.

Тадбир нуроний отахонларнинг бир пиёла чой устидаги суҳбати билан давом этди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!