Меню
Қашқадарё
ҚАМАШИЛИК 100 ОИЛА ГУЛХАЙРИ ЕТИШТИРМОҚДА. УНИ НИМА ҚИЛИШАРКАН?
Вилоятимизнинг қишлоқ ва маҳаллаларида истиқомат қиладиган аксарият оилалар томорқа ер майдонига эга. Аммо ҳамма ҳам томорқага экин экиб, ундан самарали фойдаланишни уддалай олмайди. Бунга кўп ҳолларда уларнинг маълум бир маҳсулотни етиштириш борасида етарли тажрибага эга эмаслиги, қолаверса, етиштирилган маҳсулотни кимга ва қай тартибда реализация қилишда аниқ режаси йўқлиги сабаб бўлиши сир эмас.
Қамаши туманида фаолият юритаётган "BBU - AZAMAT" хусусий корхонаси эса бу борада томорқа ер эгаларига ҳамкорлик таклиф этмоқда.
- Ўтган йили корхонамиз тасарруфидаги майдонда гулхайри ўсимлигини етиштириш билан фаолиятни бошлаган эдик, - дейди корхона раҳбари Азамат Чориев. - Натижа ёмон бўлмади. Етиштирилган маҳсулотни деярли тўлиқ Европа давлатларига экспорт қилдик. Бизда табиий шароитда, иссиқ қуёш тафтида етиштирилган доривор гиёҳнинг сифати хорижлик ҳамкорларимизга маъқул. Шу боис бу йил ишни янада кенгайтиришга қарор қилиб, корхонамиз тасарруфидаги майдондан ташқари, томорқа ер эгалари билан ҳам ҳамкорлик бошладик. Чунки уларда ер бор, бизда эса маҳсулотга талаб. Бу ҳар икки томон учун бирдек фойдали.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, йил бошида аҳолига шундай таклиф билан чиққач, кўпчилик бу лойиҳага қизиқиб, ҳамкорлик қилиш истагини билдирган. Шундан сўнг уларга ер майдонига қараб уруғлик етказиб берилган ва экиш ҳамда парваришлаш жараёнида корхона мутахассислари томонидан тавсиявий ёрдам кўрсатиб борилган.
- Айни пайтда экин ҳосилини териш ва қуритиш ишлари кетмоқда, - дейди Азамат Чориев. - Ўсимлик гули кунига икки маротаба - эрталаб ва кечки салқинда териб олиниб, сўнг соя жойда бир неча кун давомида қуритилади. Томорқа эгалари ўсимлик қуриб, тайёр ҳолга келгач, бизни чақиради. Хом ашё сифатига қараб, унинг ҳар килосини 60-70 минг сўмдан сотиб олаяпмиз. Бир сотих жойдан ўртача 100 кило доривор хом ашё олиш мумкин. Бу 7 миллион сўм пул дегани. Тўрт, беш сотих жойга гулхайри экиб, йигирма беш, ўттиз миллионлаб даромад олаётган оилалар бор.
- Уч сотих ерда доривор гул парваришладик, - дейди Чим қишлоғида яшовчи Амирқул Кубаев. - Корхона ходимлари тез-тез келиб, ўз маслаҳатларини бериб борди. Шу боис парваришлашга сира қийналганимиз йўқ. Ҳозир ҳосилни йиғиб олаяпмиз. Тайёр бўлганини эса пайма-пай сотиб олишмоқда. Корхона раҳбарияти карантин даврида ҳам ҳамкорликда ишлаётган барча оилаларни қўллаб-қувватлаб, ун, ёғ ҳамда бошқа зарур озиқ-овқат маҳсулотларини аванс сифатида етказиб бериб турди. Бу ҳамкорликни давом эттириб, келгуси йил томорқамизнинг янада кўпроқ қисмига доривор гул экмоқчимиз.
Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз: гулхайри (Алтей) гулхайридошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, тиббиётда унинг икки тури ишлатилади: доривор гулхайри (Алтей лекарственный) ва Арман гурхайриси (Алтей армянский).
Тиббиётда унинг илдизи ишлатилади. Илдизи таркибида кўп миқдорда шиллиқ моддалар, крахмал, пектин ва бошқалар бор. Гулхайри илдизи препаратлари (кукуни, дамламаси, қуруқ экстракти ва шарбати) ва мукалтин препарати балғам кўчирувчи, юмшатувчи, қоплаб олувчи ва яллиғланишга қарши восита сифатида нафас олиш йўллари шамоллаши ҳамда меъда-ичак касалликларини даволашда ишлатилади. Майдаланган илдизи нафас йўллари шамоллаганда ишлатиладиган юмшатувчи кўкрак йиғмалар - чойлар таркибига киради.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.