Меню
Қашқадарё
ҚАМАШИ ТУМАНИДА 297 ТА, ШАҲРИСАБЗ ШАҲРИДА ЭСА 157 ТА ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
Ушбу ҳужжатлар асосида вилоятимизнинг мазкур икки маъмурий ҳудудини 2019-2020 йилларда комплекс ривожлантириш дастурлари тасдиқланиб, кўрсатилган қисқа даврда амалга ошириладиган лойиҳалар ва уларнинг молиялаштириш манбалари аниқ белгилаб берилди. Масаланинг моҳияти шундаки, ривожлантириш чора-тадбирлари натижаси ана шу ҳудудларда соҳаларни жонлантириш, янги иш ўринлари яратиш, халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли ошириш негизида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришни назарда тутади.
***
Аввал, Қамаши тумани бўйича тўхталсак, тегишли қарор билан тасдиқланган дастур асосида ҳудудда 297 та истиқболли лойиҳа ва тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Улар етти йўналиш бўйича ажратилиб, 191 таси муҳандислик-коммуникация тизимлари, 33 таси ижтимоий соҳа, 22 таси боғ ва токзорлар ташкил қилиш, 20 таси саноат, 15 таси хизмат кўрсатиш, 11 таси қишлоқ хўжалиги ва 5 таси ирригация ва мелиорация тадбирларига оиддир. Ушбу лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун 430 миллиард 544 миллион сўм сарфланиши кўзда тутилган бўлиб, унинг 138 миллиард 154 миллион сўми республика бюджети, 121 миллиард 68 миллион сўми ташаббускорлар, 71 миллиард 438 миллион сўми тижорат банклари кредитлари, 29 миллиард 970 миллион сўми махсус жамғармалар, 7 миллиард 329 миллион сўми тармоқ корхоналари, 6 миллиард 824 миллион сўми хорижий инвестиция, 3 миллиард 900 миллион сўми маҳаллий бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Натижада жорий йил 695 та, келгуси йилда эса 873 та янги иш ўрни яратилиб, ҳудудда ишга тушириладиган ушбу лойиҳалар негизида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2019 йилда 26 миллиард 890 миллион сўмни, 2020 йилда эса 290 миллиард 449 миллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинган.
Дастурга киритилган лойиҳалар ва тадбирларни қисқача таҳлил этсак, уларнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатишга оидлари аввало туман ички имкониятларини ҳисобга олиб ишлаб чиқилганига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, коммуникация тизимлари, ижтимоий соҳа объектлари, ирригация ва мелиорация тадбирлари бўйича таклиф этилган лойиҳалар ҳам ҳудудда узоқ йиллар давомида юзага чиқиб, аҳолини қийнаб келаётган қатор муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Аниқ мисолларга ўтамиз. Масалан, саноат йўналишида лойиҳа таклиф этаётган "Матанат" МЧЖ хорижий корхонаси Қамашида гипс хом ашёсидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мўлжаллаяпти. Бунинг учун жамият мулкдорлари 16 миллиард 770 миллион сўм инвестиция киритишга тайёр. Бинобарин, лойиҳа истиқболи ҳудудда зарур хом ашё ресурслари етарли эканлиги билан ҳам юқори баҳоланади. Энг муҳими, келгуси йил охирларида ишга туширилиши кўзда тутилаётган янги субъектда 300 ишчи ўрни яратилиши белгиланган.
Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича вилоят давлат ўрмон хўжалиги таклиф этаётган лойиҳа ҳам эътиборга молик. У асосида туманнинг тоғолди ерларида 2500 гектар пистазор барпо қилиниши режалаштирилаяпти. Жами 330 та янги иш ўрни ташкил этишга замин яратиши белгиланган лойиҳанинг истиқболини таъминлаш учун ташаббускор субъект 50 миллиард сўм инвестиция киритишга жазм этган.
"Kinder сentr" МЧЖ мулкдорлари жорий йил сўнгига қадар хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этишмоқчи. Уларнинг таклифи асосида дастурдан жой олган тегишли лойиҳани амалга ошириш учун 2 миллиард 557 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, 13 янги иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Қамаши туманини комплекс ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳаларнинг 64 фоизи муҳандислик коммуникация, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилишга оид тадбирлар эканлиги диққатни тортади. Бинобарин, бу борада белгиланган чора-тадбирлар мақсади ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш билан изоҳланади. Хусусан, мавжуд 67 километр турли тоифага кирувчи йўлларни таъмирлаш, туман марказини оқар сув билан таъминлаш, қатор аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 7 та артезиан қудуғи қазиш, электр тизимида 141 пунктли, кўп қаватли уйлар ва улар атрофида 11 пунктли тадбирлар режасини амалга ошириш каби кўплаб манзилли ишлар шунга замин яратади.
Дастур доирасида тумандаги таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича тасдиқланган инвестиция лойиҳаларига асосан 8 та умумтаълим мактабида, 11 та мактабгача таълим ва 12 та соғлиқни сақлаш муассасасида, шунингдек, марказдаги маданият ва аҳоли дам олиш маскани, Манғит маҳалласидаги марказий ўйингоҳда бажарилиши белгиланган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳам қамашиликларни ҳаётдан рози бўлиб яшашга ундаши тайин.
Ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш ва фойдаланишдан чиқариб юборилган ерларни фойдаланишга қайтариш ҳам аввало туман аҳли учун манфаатли бўлиши аниқ. Дастур доирасида ушбу йўналишда амалга оширилиши белгиланган ишларнинг дастлабки қиймати 20 миллиард 70 миллион сўмни ташкил этмоқда. Натижада 5 махсус техника сотиб олиниб, 11 та насос агрегати янгидан ўрнатилади, яна 2 таси таъмирланади. 60 та артезиан қудуғи янгидан ишга туширилиши эвазига 2000 гектар лалми ер майдони ўзлаштирилиб, боғ ва токзорлар барпо қилинади.
Яна, тегишли дастурда тўғридан-тўғри аҳоли иштирокида улар даромадларини оширишни кўзлаган чора-тадбирлар ҳам белгиланганки, бу ҳақда ҳам тўхталиш жоиз.
Маълумки, Қамаши одамлари паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик фаолиятига анча уқувли. Шунга монанд, тумандаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш ва хонадонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш мақсадида 6 минг хонадонга 600 мингта курка етиштириш, 3 минг хонадонга 40 мингта қуён сотиб олиш, чет элдан 2 минг бош наслли чорва моллари келтириш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши кўзда тутилаётгани айни муддао. Бу оддий одамларнинг реал даромадлари ўсишига хизмат қилиши билан бирга, ҳудудда парҳез гўшт тайёрлаш ва гўштни қайта ишлаш тармоқлари ривожига туртки бериши турган гап.
Умуман, Қамаши туманини комплекс ривожлантириш дастури қамрови анча кенг, унда назарда тутилган лойиҳа ва тадбирларнинг рўйи-рост ҳаётда ўз ифодасини топиши эса ҳудуд аҳолиси наздида катта воқелик сифатида баҳоланиши аниқ.
***
"Шаҳрисабз Текстиль" МЧЖ мулкдорлари жорий йил сўнгига қадар ип-калава ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи йирик лойиҳани амалга оширишга азм этишди. Бунинг учун улар 167 миллиард сўм инвестиция йўналтиришни мақсад қилишган. Натижада 270 янги иш ўрни яратилади.
Ушбу лойиҳа Шаҳрисабз шаҳрининг саноат салоҳиятини янада кенгайтириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал қуриш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини тараққий эттириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишни кўзда тутувчи комплекс ривожлантириш дастуридан ўрин олган.
Умуман, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган мазкур дастурга ҳудудда амалга ошириладиган 157 та лойиҳа ва тадбирлар киритилган бўлиб, уларни рўёбга чиқариш учун 867 миллиард 639 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Шундан қарийб 321 миллиард 390 миллион сўми ташаббускорлар, 203 миллиард 23 миллион сўми тижорат банклари кредитлари, 71 миллиард 291 миллион 400 минг сўми республика бюджети, 29 миллиард 500 миллион сўми хорижий инвестиция, 18 миллиард 561 миллион сўми маҳаллий бюджет, 8 миллиард 524 миллион сўми тармоқ корхоналари ҳиссасига тўғри келади.
Тўлиқ амалга оширилиши натижасида 1547 та янги иш ўрни яратилилиши мўлжалланаётган дастурнинг ишлаб чиқариш йўналишидан 24 та лойиҳа ўрин олган бўлиб, 6 таси мебель ва қоғоз, яна 6 таси озиқ-овқат, 5 таси текстиль ва тўқимачилик, 4 таси қурилиш материаллари, 2 таси кимё ва нефть-кимё саноатига оид. Яна бир лойиҳада алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини модернизация қилиш назарда тутилган.
Мисол учун, сунъий декоратив қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққан "Zonda Dеcor Invest" хусусий корхонаси мулкдори шу мақсадга 3 миллиард 320 миллион сўм маблағ йўналтиришини билдирган. Келгуси йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши белгиланган ушбу лойиҳа асосида 20 та янги иш ўрни очилиши қайд этилган.
Маълумки, Шаҳрисабз шаҳрида хизматлар соҳаси, сервис инфратузилмаси, туризм ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун улкан салоҳият ва шароит бор. Ҳамма гап бундай имкониятлардан унумли фойдалана билишда. Бинобарин, ҳудудда тилга олинган соҳаларда фаолият олиб бориб, довруғ қозонган тадбиркору ишбилармонлар, ҳунармандлар талайгина. Бироқ, ҳамон турли хизматларга бўлган талаб таклифдан юқори қолаётгани 64 та субъектнинг янги ғоялар устида ишлашига туртки берди. Улар ташаббус билан чиқиб, шаҳарни комплекс ривожлантириш дастурига ўз лойиҳаларини таклиф этишди. Хусусан, "Сухроб Сардор қурилиш" МЧЖ мулкдорлари 12 миллиард сўм сарфлаб, оилавий меҳмонхона ташкил этишни кўзлашган бўлса, 18 миллиард 400 миллион сўм инвестиция қилишга тайёр "Асқар қурилиш инвест" МЧЖ мулкдорлари замонавий савдо дўкони очиб, мижозларга сифатли хизмат кўрсатишни бошлашмоқчи.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, дастур бўйича яратилиши мўлжалланган жами янги иш ўринларининг 922 таси хизмат кўрсатиш ва сервис, туризм ва ҳунармандчиликни ривожлантириш йўналиши ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам кўп нарсани англатади. Зеро, ишсиз аҳоли вакилларини доимий иш билан таъминлаш, улар учун муқим даромад манбаи яратиш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш дастурига, шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишига оид 12 та истиқболли инвестиция лойиҳаси киритилган. Уларнинг 4 тасида иссиқхона ташкил этиш, яна 4 тасида паррандачилик фаолиятини ривожлантириш, 3 таси совуткичли омборхона қуриш ва ниҳоят, 1 тасида чорвачиликни ривожлантириш назарда тутилган. Бунинг учун лойиҳа ташаббускорлари 11 миллиард 130 миллион сўм тикишга шай. Фақат, ушбу маблағнинг ярмидан кўпини шакллантиришда улар банк кўмагидан фойдаланишни кўзлаб туришибди.
Ҳудуд аҳолиси турмуш фаровонлигига тўғридан-тўғри таъсир этиши кутилаётган чора-тадбирлар тегишли дастурнинг муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш йўналишидан ўрин олган. Унга асосан мавжуд кўп қаватли уйларни таъмирлаш бўйича 6 та, табиий газ таъминотини яхшилаш бўйича 5 та, йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича 4 та, ичимлик суви, канализация ва оқова сув таъминотини яхшилаш бўйича 3 та, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 3 та, арзон уй-жойлар қуриш бўйича 1 та ва кўмир таъминотини яхшилаш бўйича 1 та пунктдан иборат тадбирларни бажариш режалаштирилган.
Шаҳарнинг шарқий қисми шаҳарсозлик ҳужжатларини, Ғалаба ва Пиллакашлик маҳаллаларида жойлаштирилиши мўлжалланган "Shahrisabz city" мажмуаси лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказини қуриш юмушлари ҳам ана шу йўналишда қайд этилган.
Дастурнинг таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа турдаги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш йўналишидаги инвестиция лойиҳалари рўёби учун 104 миллиард 203 миллион 700 минг сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Бунинг эвазига Чоштепа маҳалласида янги мактаб биноси қурилса, ҳудуддаги 12-, 14-, 17-, 18-мактаблар, 9-, 21-, 23-, 27-, 28-, 29-мактабгача таълим, 3 та соғлиқни сақлаш муассасаси биноларида реконструкция ишлари бажарилади. Яна, бир нечта фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари учун бино барпо этиш, уларни жиҳозлаш, Наматон маданият маркази биносини реконструкция қилиш, туризм ва бошқа турдаги ижтимоий соҳа объектларини қуриш каби қатор лойиҳалар ҳам ана шу йўналиш бўйича сарфланиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Шаҳар ҳокимлиги, ФҲДЁ учун янги бинолар қуриш, истироҳат боғи ташкил этиш ана шулар жумласидан.
Дарвоқе, тегишли қарорда Шаҳрисабз шаҳрининг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган қисмида амалга ошириладиган қурилиш лойиҳалари ЮНЕСКОнинг фақат ижобий хулосаси олингандан сўнг амалга оширилиши белгилаб қўйилган, буни асло унутмаслик керак.
***
Мухтасар қилганда, 2019-2020 йилларда Қамаши тумани ҳамда Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурлари иккала ҳудуд ривожи ва уларда яшовчи аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришни назарда тутгани билан аҳамиятли. Гарчи мазкур дастурлар кўрсатилган маъмурий регионларнинг мавжуд иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари қамровини, қалқиб турган барча муаммоларини ўзида тўлиқ намоён этмаган бўлса-да, уларда кўзда тутилган лойиҳа ва тадбирлар нисбатан қисқа муддатда ушбу туман ва шаҳар ҳаётида муайян ижобий ўзгаришлар ясаш учун етарли бўлишига шубҳа йўқ. Фақат, жорий йилнинг 7 ойдан ортиқ фурсати ўтиб бўлгани ҳолда тегишли дастурларда белгиланган барча чора-тадбирларнинг ўз вақтида тўкис амалга оширилиши таъминланса бас.
Камолиддин КАРИМОВ