Меню

Қашқадарё

05.06.2020 2113

ҚАМАШИ КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИДА БИР ЙИЛДАН БУЁН АТИГИ БИТТА ТАДБИРКОР ИШЛАЯПТИ. НЕГА?

 Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Кичик саноат зонаси  шундай ҳудудки, у ерда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, сўнг муҳандислик-техника ва транспорт коммуникациялари билан таъминланган ушбу жой ёки бино танлов асосида тадбиркорларга бепул тақдим этилади.

У ерда фаолият юритадиган кичик бизнес субъектлари учун солиқ ва  бошқа тўловлар бўйича кўплаб имтиёз ва преференциялар берилади. Натижада кичик саноат зоналари тадбиркорликни кенг ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш ва рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, пировардида эса аҳоли ва ҳудудларнинг фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Худди шу омил сабаб ҳудудларда кичик саноат зоналари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятимизда ҳам бундай ишлаб чиқариш майдонлари дастлаб Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ва Нишон туманларида  ташкил этилган бўлса, Президентнинг 2018 йил 29 мартдаги "Қашқадарё вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан вилоятимиздаги яна 7 та ҳудудда 10 кичик саноат зонаси барпо этилиши белгиланган эди.

Мана, орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтди. Баъзи кичик саноат зоналарида ишлар ўз вақтида бажарилиб, тадбиркорлар аллақачон ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаб юборган, ҳудуддаги юзлаб ёшлар ўзларига иш топишган бўлса, айримларининг фаолияти ўлда-жўлда. Бирида ҳокимлик томонидан белгиланган шарт-шароитлар етарли даражада яратиб берилмаган, бошқасида тадбиркор ерни эгаллаб қўйиб, йиллар давомида лойиҳани бажаришни пайсалга солиб келмоқда. Ҳеч кимнинг у билан иши йўқ.

Яқинда Қамаши кичик саноат зонаси (КСЗ) фаолияти билан танишиб, у ердаги лойиҳаларнинг ярми ҳам ниҳоясига етказилмаганининг гувоҳи бўлдик.

- Кичик саноат зонаси ҳудуди 1,2 гектар майдонни эгаллаган, - дейди Қамаши КСЗ дирекцияси раҳбари Элбек Ўроқов. - Ҳудудга олиб борувчи 500 метр йўлга асфальт ётқизилган, ҳаво электр тармоғи тортилиб, янги трансформатор қурилган, артезиан қудуғи қазилиб, сув чиқарилган.

Бир сўз билан айтганда, қарорда белгиланган вазифалар деярли бажарилган. КСЗда ер бўлса, бино қуриб,  технологияни олиб келаману, ишни бошлаб юбораман, деган, олдида аниқ мақсади, қўлида тайёр бизнес-режаси бор киши учун етарли шароит бор. Аммо шунга қарамай, бу ерда ҳалигача атиги битта субъект - "Металл гулсаф" масъулияти чекланган жамияти белгиланган лойиҳаларни тўлиқ ишга туширган, холос. Мазкур корхона томонидан енгил автомобиллар учун юк қўйиш мосламаси (багаж), кийим илгак (вешалка), темир эшик, ошхона жиҳозлари, стол-стул ва шу каби ўндан ортиқ металл ва ёғочдан ясалган буюмлар ҳамда енгил автомобиллар учун ўриндиқ жилдлари (чехол) тайёрланиб, ички бозорга етказиб берилмоқда. Ўнга яқин киши шу ерда доимий иш билан машғул.

Қизиқ томони, бир йил олдин ҳам Қамаши КСЗда фақат шу тадбиркор фаолият юритаётганди. Ўша пайтда масъуллар бу ерда 5 та тадбиркорлик субъектининг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ 10 та лойиҳа амалга оширилиши, аксарият лойиҳаларнинг қурилиш-бунёдкорлик ишлари тезда   тугалланиб, яқин вақт ичида корхоналар фойдаланишга топширилишини айтган эди. Орадан шунча вақт ўтди ҳамки, ҳолат ўша-ўша.

Хўш, қолган тадбиркорлар қани? Нега улар шундай шароитлар яратилган жойга келишмаяпти? Қачон ваъдани бажариб, ишлаб чиқаришни бошлашади, қачон янги иш ўринлари яратишади?

-  Кичик саноат зонасида иккита лойиҳани амалга ошираяпмиз, - дейди "Алпено ихтисослашган таъмир қурилиш" хусусий корхонаси раҳбари А.Номозов. - Бири профнастил, иккинчиси ҳар хил турдаги брусчаткалар ишлаб чиқаришга қаратилган. Айни вақтда кичик саноат зонасида ҳар иккала лойиҳамиз учун ҳам зарур бинони қуриш ишлари ниҳояланмоқда. Лекин шунга қараб ўтирмай, ҳозирданоқ фаолиятни бошлаб юборганмиз.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, ҳали бино битмаган бўлса-да, шу ерда брусчаткалар ишлаб чиқармоқда. Профнастил маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун эса барча зарур технологиялар олиб келиниб, фаолият бошлаб юборилган.

- Фақат биз асбоб-ускуналарни Оқгузар массивида қурилаётган "Қамаши Файз" деҳқон (озиқ-овқат) бозори ҳудудида ўрнатдик, - дейди тадбиркор. - Боиси, ушбу объектнинг профнастил ишларини бажариш билан боғлиқ катта иш олганмиз. Ҳозир тайёр маҳсулотни узоқ масофага етказишдан кўра, шу ернинг ўзида тайёрлаб ўрнатиш бизга осонроқ бўлмоқда. Биномиз тайёр бўлгач, албатта, ишлаб чиқаришни кичик саноат зонасида давом эттирамиз.

КСЗда амалга оширилиши зарур бўлган яна бир қатор лойиҳаларнинг қачон ишга туширилиши ҳақида бирор бир    тайинли гап айтиш қийин.

Мисол учун, "Тож маҳал дунё" масъулияти чекланган жамияти кичик саноат зонасида 500 миллион сўмлик лойиҳани амалга ошириб, прессланган ғишт ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш учун қурилиши тугалланмаган бино ва  ер майдони олган. У лойиҳани 2019 йил сўнгига қадар якунлаб, 16 кишини иш билан таъминлаши зарур эди. Ваъдани ўз вақтида бажармаган тадбиркор кейин лойиҳага ўзгартириш киритиб, энди 5 миллиард сўмлик ташаббусни амалга оширмоқчилигини айтади. Яна қайта тендер ўтказилиб, лойиҳани тўлиқ ишга тушириши учун  2020 йилнинг декабрь ойига қадар муддат берилган. Лекин мана яна ярим йил ўтибди ҳамки, бинонинг таъмирлаш ишлари 10 фоизга бажарилган, холос. 

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор Толмас Дўстмуродовни олайлик. Унга кичик саноат зонасидан 2019 йилнинг сентябрь ойида ер ажратиб берилган. Тадбиркор ўтган йилнинг декабрь ойида бу ерда бино қуриб, технологияларни олиб келиши ва турли маҳсулотлар - МДФ-мебель ҳамда эшик-ром ишлаб чиқаришни бошлаши, 5 та янги иш ўрни яратиши керак эди. Бироқ орадан 8 ой ўтган бўлса ҳам у қурилиш ишларининг энди ярмини тугаллабди, холос. Лойиҳани амалга ошириш муддатини эса узайтиришни сўрамоқда.

"Бек Мир" масъулияти чекланган жамиятининг қоғозни қайта ишлаш лойиҳаси эса жорий йилнинг ноябрь ойи сўнгига қадар якунланиши керак. Қарийб 9 ой давомида тадбиркор ажратилган ер майдонида қурилиш ишларининг ярмини тугаллабди. Яна кўпи билан 6 ой ичида бинони қуриб битказиб, зарур технологияни олиб келиб ўрнатиш ва ишлаб чиқаришни бошлашга улгурармикан?

Энди ўз-ўзидан савол туғилади: Қамашида ер бўлса, бинони қураману ишни бошлаб юбораман, деган тадбиркорлар камми? Бўлса, нега ўтказилган тендер танловларида ғолиб бўлганларнинг аксарияти ерни эгаллаб қўйиб, айтилган лойиҳани ўз вақтида амалга оширишни пайсалга солмоқда? Ўтказилган тендер танловида ушбу субъектларнинг лойиҳани белгиланган муддатда амалга оширишга салоҳияти етиши ёки етмаслиги қанчалик ўрганиб чиқилганди? Ёхуд уларнинг қандайдир муаммолари борми? Агар шундай бўлса, туман ҳокимлиги нега тадбиркорга кўмак кўрсатмаяпти? Ўйлаймизки, мутасаддиларда бу саволларга аниқ жавоблар топилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!