Меню
Қашқадарё
Амалга оширилган ишлар етарли даражада эмас деб ҳисобланди
Маҳаллий Кенгашларда
Касби тумани ҳудудида жорий йилнинг биринчи ярмида 54 та турли жиноят содир этилган бўлиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 10 тага камайган бўлсада, автотранспортни олиб қочиш жинояти 1 тага, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси 4 тага кўпайган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш, ҳудудларда транспорт воситаларининг белгиланган тезликка риоя этишини назорат қилишда туман ИИБ ЙҲХП хизмати ходимлари етарли даражада иш олиб бормаяпти.
Бу ҳақда халқ депутатлари Касби тумани Кенгашининг 2024 йил 9 сентябрдаги қарорида сўз юритилган. Шунингдек, мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, амалга оширилган тезкор тадбирларга қарамасдан тумандаги корхона ва ташкилотларнинг дебитор қарздорликлари ошиб бормоқда. Юридик шахслар томонидан ер солиғи 37,6 фоизга, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 84,9 фоизга бажарилган, холос. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги 36 та субъектда назорат-касса аппарати ишлатилмаётганлиги, 63 та якка тартибдаги тадбиркорда эса назорат-касса машинаси умуман ўрнатилмагани аниқланган. Капитал қурилиш соҳасида, маҳаллалардаги кўча ва йўлларни асфальтлаштириш, қурилиш ишларини мавжуд стандартлар талабига риоя этган ҳолда муддатида топшириш ишларида жиддий камчиликларга йўл қўйилган.
Шу ва соҳадаги бошқа бир қатор жиддий камчиликларни инобатга олиб, депутатлар туманда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга оширилган ишлар етарли даражада эмас деб ҳисоблашди. Туман прокурори С.Нурматовга туман ҳудудида содир этилаётган барча соҳалардаги жиноятлар ва қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан қатъий чоралар белгиланмаётганлиги, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва автотранспорт воситалари билан боғлиқ йўл-ҳаракати ҳодисаларини камайтириш ва ўлим билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний жазо чорасини қўлламаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, туман ҳокимининг бир қатор ўринбосарлари ўзлари масъул бўлган соҳаларда қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмаётганлиги учун огоҳлантирилди.
Туман прокуратураси ва ички ишлар бўлимига туманда қонунийликни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда жамоатчилик кенгаши, депутатлик корпуси ва алоқадор ташкилотлар билан чора-тадбирлар белгилаш юзасидан "йўл харитаси"ни тасдиқлаш вазифаси топширилди.