Меню
Қашқадарё
АМАЛГА ОШИРИЛАЖАК КЕНГ МИҚЁСЛИ ИШЛАР
Туманларнинг чекка қишлоқларида ҳам тоза ичимлик суви инфратузилмасини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Вилоят раҳбариятининг ташаббуси билан маҳаллий бюджет ҳисобидан Касби туманидаги Беруний массиви ҳудудида 5,2 километр масофага ичимлик суви қувури тортилди, 5 та туманга ичимлик суви етказиб берувчи ПК-162 насос станцияси таъмирланиб, бунинг учун 456 миллион сўм маблағ ўзлаштирилди.
Жорий йилда ҳам бу хайрли ишлар давом эттирилаётгани қувонарли. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги “2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан соҳада бажарилиши кўзда тутилган ишларга 15,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бунинг ҳисобидан Миришкор, Нишон, Қарши, Яккабоғ, Деҳқонобод, Китоб ва Чироқчи туманларида яшовчи 162,2 минг кишининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади.
Келгусида ҳам мазкур йўналишда салмоқли ишларни адо этиш мақсад қилинган. Хусусан, 2018 йилда тегишли дастур доирасида ҳудуд аҳолисининг ичимлик суви таъминотини янада яхшилашга 26,8 миллиард сўм маблағ ажратиш назарда тутилган. Шундан 9,9 миллиард сўм намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уйларни ичимлик суви тармоғига улашга сарф этилади. Шунингдек, 16,9 миллиард сўм маблағ эвазига 18 та объектда қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилади. Бунинг самарасида 107,2 минг киши ичимлик сувидан муаммосиз фойдаланиши мумкин бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори ҳам бу борадаги ишларнинг унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Қарор билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, беш йил мобайнида вилоятда кўзланган мақсадлар учун жами қиймати 116,1 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилиши белгиланган. Хусусан, Эски Яккабоғ шаҳарчасидаги Шар-шарбоғот маҳалласини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Бундан ташқари, чет эл инвесторлари иштирокида бир нечта лойиҳаларни амалга ошириш ҳам режалаштирилмоқда. Шундан Китоб-Шаҳрисабз ичимлик суви ишлаб чиқариш иншоотларидан Косон, Муборак туманлари ва улардаги қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш мақсадида мавжуд ичимлик сув тармоқларини реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича Саудия ривожлантириш фонди билан 23,6 миллион АҚШ доллари қийматида ўзаро битим имзоланди. Бу борада ОПЕК жамғармасининг 16,25 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш бўйича розилиги олиниб, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Қолаверса, “Қамаши ва Ғузор туманларидаги ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш” ҳамда “Оқсув-Деҳқонобод тармоғини қуриш билан Деҳқонобод тумани аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳалари техник топшириқлари тайёрланиб, тегишли вазирликлар билан ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши билан қўшимча яна 279 минг воҳадошимизнинг тоза ичимлик сувига бўлган талаби доимий қондирилади.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳар доим долзарб масала бўлиб келган, чунки унинг ортида соғлом турмуш тарзи, соғлом авлод масаласи ётади. Жаҳонда миллионлаб одамлар бугун чучук сув муаммосидан азият чекаётганда, юртимизда бу масалада улкан ишлар қилинаётгани таҳсинга лойиқ.
Шавкат МУРАДОВ, вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси директори