Меню

Қашқадарё

20.01.2022 2388

Амалда жорий этилмаган сувни тежайдиган технология учун субсидияни ким ажратди?

Минтақамизда қурғоқчилик йилдан-йилга кучайиб бораётган айни даврда қишлоқ хўжалиги тармоқларида сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш аввало ресурс тақчиллиги муаммосини юмшатишга хизмат қилса, кейинги ўринларда сарф-харажатларни қисқартириш, ҳосилдорлик ва унинг сифати, ер унумдорлигини оширишда ҳам яхши самара беради. Бинобарин, мамлакатимиз аграр тармоқларига бу борадаги илғор тажрибаларни олиб кириш, самарали қўллаш учун бошланган саъй-ҳаракатлар замирида ҳам ана шу муддао ётибди.    

Масалан, Президентнинг 2020 йил 11 декабрдаги "Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан биргина ўтган йил   давомида республикамиз экин ерларининг 430 минг гектарида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш режа қилинган бўлса, шундан 50 минг 406 гектари  Қашқадарё ҳиссасига тўғри келиши белгиланган.

Энг муҳими, шу ишга бош қўшаётган қишлоқ хўжалиги корхоналарини давлат йўли билан молиявий қўллаб-қувватлаш тизими ҳам ишлаб турибди. Шунга кўра, уларнинг сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун сарф қилган маблағларининг бир қисми субсидия тарзида қоплаб берилаяпти.

Аммо, аввало ўзи наф кўрадиган ишга кўзбўямачилик билан ёндашаётганлар ҳам йўқ эмас экан. Вилоятдаги 51 та фермер хўжалиги ва кластер корхоналари 546 гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни амалда жорий этмаган ёки сифатлилик даражасини белгиловчи коэффициентни ошириб кўрсатгани ҳолда 4 миллиард 318 миллион сўм субсидия олганига нима дейсиз?! 

Ана шу факт Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси масъуллари томонидан ташкилотнинг ўтган йилги фаолияти натижаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида тилга олинди.

Умуман, қайд этилишича, 2021 йилда инспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан соҳа объектларида 23 минг 869 та назорат тадбирлари ўтказилган. Уларда 11 минг 520 та қишлоқ хўжалиги тизимига оид қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!