Меню

Қашқадарё

14.11.2017 2037

ҲАМ САЁҲАТ, ҲАМ ЗИЁРАТ

Халқимиз уларнинг руҳларини шод этиш, шахсига ҳурмат бажо келтиришга алоҳида эътибор қаратади. Бу улуғ сиймолар ётган, бугунги кунда обод гўшага айлантирилган қадамжоларни зиёрат қилишга интилади, улар ҳаётлигида қилган эзгу ишларни ўрганиш, хотирасини ёд этиш пайида бўлади. Айни шу жиҳат мамлакатимизда сайёҳликнинг истиқболли йўналиши саналган зиёрат туризми ривожида муҳим омил бўлаяпти. Сўнгги вақтда зиёрат туризми янгича мазмун ва шакл касб этмоқда, аҳоли орасида кенг оммалашмоқда.

Албатта, мамлакатимизда ушбу соҳа равнақи йўлида кўламдор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти, зиёратчиларга бисёр қулай имкониятлар тақдим этилмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаш томонидан яқинда ташкил этилган “Аждодлар мероси - ёшлар нигоҳида!” лойиҳасидан ҳам ички туризмни янада ривожлантириш, бунда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш кўзланган. Лойиҳа доирасида бир гуруҳ ёшлар Касби туманидаги “Султон Мир Ҳайдар ота” мажмуасига саёҳат уюштиришди.

- Вилоятимиз улкан туристик салоҳиятга эга, воҳамизда кўплаб тарихий обидалар, зиёратгоҳлар жойлашган, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши бўлим мудири Феруза Абдураҳмонова. – Хушманзара ва бетакрор табиий ҳудудлар ҳам борки, уларни муҳофаза этишни тарғиб қилиш, маданий-тарихий туризм, экотуризм, экстремал туризм, саргузашт туризм, таълим туризми, спорт туризми каби саёҳат дастурларини яратиш ҳозирги кунда долзарблик касб этаяпти. Шуни эътиборга олган ҳолда ёшларнинг мамлакатимизнинг тарихий жойларига, улуғ авлиё ва буюк аждодларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларига сафарларини ташкил этиш, ёш йигит-қизларда миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳини кучайтириш, туман ва шаҳарларнинг туристик салоҳиятини кўз-кўз этиш мақсад қилинган. Бугунги саёҳат ҳам ёшларга олам-олам таассурот улашди, улар Султон Мир Ҳайдар ота шахси, унинг мероси ҳақида, зиёратгоҳнинг тарихий қиймати тўғрисида тўлиқроқ маълумотга эга бўлишди, деб ўйлайман.

Таъкидлаш жоизки, лойиҳа асосида бошланган бу ишларни фаол давом эттириш, келгусида Косон туманидаги “Ҳазрати Қусам ота”, Муборак туманидаги “Хўжа  Абдуллоҳ Ибн Муборак”, Қарши туманидаги “Абу Муъин ан-Насафий”, Ғузор туманидаги “Мир Жанда ота” ҳамда Қарши шаҳридаги “Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ” зиёратгоҳларига ёшлар саёҳатларини амалга ошириш белгилаб олинган.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!