Меню
Қашқадарё
ҲАМ КАСБ-ҲУНАР, ҲАМ БИЗНЕС ЮРИТИШНИ ЎРГАНИШАДИ
"Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан тумандаги транспорт касб-хунар коллежида очилган бу ўқув курслари вилоят ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилаётган муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа доирасида фаолият бошлаган. Илгари хабар берганимиздек, "Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш - ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омилдир" деб номланган мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмаги билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
-Қисқа муддатли (2-3 ойлик) бу бепул ўқув курсларида ишсиз ёшлар меҳнат бозорида талаб анча юқори бўлган касбларни ўзлаштириш баробарида бизнес юритиш кўникмаларига ҳам эга бўлишади, шунингдек, уларга ўз ишини бошлаш учун амалий ёрдам кўрсатилади, - дейди "Yuksalish" ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова. - Лойиҳа доирасида биргина Чироқчи туманида 120 нафар (ҳар бир йўналиш бўйича 40 нафардан) ишсиз ёшни ўқитиш ва барчасига тегишли сертификатлар бериш назарда тутилган. Ишончимиз комилки, битирувчиларимиз яқин вақт ичида малакали ишчи ва ёш тадбиркорлар сифатида меҳнат бозорида ўз ўрнини эгаллаб, доимий даромад манбаига эга бўлишади.
Бепул ўқув курсларини ташкил этиш учун лойиҳа доирасида Чироқчи транспорт касб-ҳунар коллежи биносидан хоналар ажратилган. Ишсиз ёшлар - мақсадли гуруҳлар аъзоларини ўқитишга малакали амалиётчи-мутахассислар, тренерлар, тажрибали тадбиркорлар жалб қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан ўқув-ишлаб чиқариш хоналари ускуналар ва материаллар билан таъминланди.
- Металлга ишлов бериш йўналишини оладиган бўлсак, ёшларни касбга ўргатиш учун номдор компания томонидан ишлаб чиқарилган электр пайвандлаш аппаратлари, темирни кесиш, тешиш ва силлиқлаш, қолаверса, тайёр маҳсулотни бўяш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, турли инструментлар, ҳимоялаш қалқонлари ҳамда электродлар ва хом ашё ҳозирлаб қўйилган, - дея таъкидлайди лойиҳанинг Чироқчи туманидаги координатори Сафар Дўсматов. - Ҳудди шундай бошқа йўналишлар бўйича ҳам ускуна ва жиҳозлар, сарф материаллари жамламалари келтирилган. Яна бир муҳим жиҳати - туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ўқув курси тингловчиларига стипендия, уларга устозлик қилаётган мутахассисларга эса маош тўлаб борилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа Қашқадарёдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилаётган дастлабки ташаббусдир. Уни рўёбга чиқаришда вилоят ва туман ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари, вилоят бандлик бош бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамда яна кўплаб ҳамкор ташкилотлар иштирок этмоқда.
Лойиҳанинг якуний босқичида мазкур ўқув курслари негизида экспериментал маҳаллий ривожланиш марказини ташкил этиб, унда ишсиз ёшларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўргатиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бизнесни юритишга доир билим ва кўникмаларини юксалтириш бўйича доимий фаолият олиб бориш назарда тутилган.
Ўқув курсларининг тантанали очилиш маросими доирасида лойиҳани ижтимоий шериклик тамойиллари асосида бажараётган ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Ботир ТЕМИРОВ