Меню

Қашқадарё

27.11.2018 2314

“АЛВАСТИЖО-О-ОН, ҚАЕРДАСАН?..”

Чиройли исминг бордир-а?..

Салом, “Алвастижон”! Очиғи, сени шундай аташга тилим ҳам қовушмай турибди. Ота-онанг қўйган қандай чиройли исминг бордир-а? Эҳтимол Анваржон, Нодиржон ё Комилжондирсан? Шулар каби бинойидек  исмингдан воз кечиб, аллақандай ваҳимали ном олишга сени нима мажбур қилди экан-а? Ахир ижтимоий тармоқларда ўз исмлари билан чиқиб, бир-бирлари билан мутолаами, технологиями, бизнес ё тил ўрганишми – турли мавзуларда фикр, тажриба алмашаётган тенгдошларинг қанча... Сенинг ёзганларинг эса...

Профилингни кўриб, “Ҳурматталаб Алвасти” деган мультфильм ёдимга тушиб кетди. Афтидан сен ҳам айнан шу мультфильмдан “илҳом”ланган кўринасан? Ҳа, ўша, Ялмоғизга машҳур қизиқчимиз овоз берган, “Алвастижо-о-н, қаердасан, қоранг ўчгур...” деб бошланадиган машҳур мультфильм...

Қутқу ва муддао

Интернетдан шу фильмни топиб, ҳамкасбларимни ҳайратлантирганча (аввал “ёш боламисиз?” деб кулишдию сўнг “яхши олинган-да ўзи...” деб ўзлари ҳам мониторга термулиб қолишди) диққат билан қайта кўриб чиқдим.

Эсингдами, ўрмонда излай-излай бир амаллаб Алвастини топиб олган Ялмоғиз уни авраганча ўз муддаосига етмоқчи бўлади. “Иванушка Алвастингдан қўрқмайман, деб айтди”, дея уни гиж-гижлайди. 

– Қўрқмаса, қўрқмас, – дейди соддадил Алвасти бамайлихотир.

– Нега ундай дейсан? – дейди Ялмоғиз жиғибийрон бўлиб. – Қўрқмаса, ҳурмат қилмайди сени...

– Ҳа-а-, – дейди унинг қутқусига лаққа тушган Алвасти оғир тин олиб – Ҳурмат қилмаслиги ёмон...

Мунозара шу тарзда давом этади. Ялмоғиз Алвастини яна аврай бошлайди:

– Сен яхшиси, Ўлмас Кашшей бўла қолгин?.. Алёнушкани қўлга олсак, Иванушка ўз оёғи билан келади.

– Биз бундай келишмаганмиз, – дейди Алвасти аччиқланиб. – ...Ҳар ҳолда биз эркаклармиз.

– Биз Алвастимиз, – дейди  унинг шериги Қуён.

– Ҳа, – дейди Алвасти қатъий.  – Кашшей ҳам эмасмиз!

“Иванушкани қўрқитаману Алёнушкага ёқаман...”

...Устамон Ялмоғиз аврашда давом этади:

– Алёнушкага ёқиб қолишни хоҳлайсанми?...Кел, яхшиси сен баҳайбат  ботқоқ махлуқига айлана қолгин. Биласанми, ҳамма Алёнушкалар  баҳайбат ботқоқ махлуқини яхши кўришади...

– Бундан чиқди Иванушкани қўрқитаману Алёнушкага ёқаман, – дея яна унинг гапига лаққа тушади Алвасти.

 Соддадил Алвасти ва унинг дўсти Қуён Ялмоғиздан Иванушка унга нима учун кераклигини сўрашади.

– Печкага тиқаман, – дейди Ялмоғиз тамшаниб. – Пишириб ейман!

Икковлон яна аччиқланиб Ялмоғизга ташланишади.

– Сиз бизни алдадингиз, – дейди Қуён ғазаб билан. – Сиз бизнинг соддалигимиздан фойдаланиб, Иванушкани қўлга туширмоқчи бўлдингиз. Йўқол, жодугар!

“Мен сизга ёш боламанми?”

...Роса майдалаб болалар кўрадиган оддий мультфильм тафсилотларини ёзишимнинг сабаби бор, укам.

Профилингдаги гап-сўзларингга қараганда ҳали ўсмир ёшдасан. Биламан, сен ҳам бошқалар ҳурмат қилишларини жуда хоҳлайсан. Бу табиий. Барча тенгдошларингда бўладиган ҳолат. Психолог олимларнинг қайд этишича, бу даврда сен каби ўсмирлар бахтли болалик билан хайрлашган, лекин катталар ҳаётида ҳали ўз ўрнини топмаган ҳолатда бўласизлар. Ўзингнинг қобилият ва кучингни тўғри баҳоламай туриб, мураккаб ҳаётий масалаларни ҳал қилишга уринасан, аммо фикр юритиш қобилиятинг юзаки бўлганлиги сабабли кундалик ҳаётда қатор камчиликларга йўл қўясан. Лекин  ўз хатоингни тан олишдан кўра катталар билан баҳслашишни афзал биласан. Танқид қилган кишиларни ёқтирмайсан. Ҳар бир танқид гўёки сени менсимаслик белгиси, атайин қилинаётган иш бўлиб кўринади.

Бу даврда мустақил, ўзбошимчалик билан иш тутишга уринасан, катталарнинг маслаҳатига эътибор бермайсан. Ҳатто айрим тенгдошларинг сингари “катта бўлиб қолган”ингни исботлаш учун ичиш, чекиш, қартабозлик сингари бир қатор зарарли одатларни ҳам ўргана бошлагандирсан эҳтимол...

Сени ўз шахсинг ҳақидаги фикрлар кўпроқ қизиқтиради, катталар ҳуқуқларини ўзингча чеклайсан, ўзингникини эса кенгайтирасан. Катталарнинг ўз шахсинг ва инсонийлик қадрингни ҳурмат қилишларини хоҳлайсан. Ишонч ва мустақиллик намоён этишга даъво қиласан. Яъни катталар билан маълум тенгҳуқуқлиликка ва уларнинг шу нарсани тан олишларига эришишга ҳаракат қиласан.  Кимгадир тақлид қиласан, кимларгадир билиб-билмай эргашиб кетасан.

“Ўзинг хон, кўланканг майдон”...

Ва ниҳоят... “Катта бўлиб қолган”ингни атрофдагиларга тан олдиришнинг уддасидан чиқмасанг, виртуал олам уммонига шўнғийсан. Ундаги чексиз имконият ва эркинликлар “жозиба”си ўзига тортаверади-тортаверади. Ўз-ўзингга аламбало номлар, қиёфалар танлайсан, тармоқ аро кимларгадир тақлид, кимларгадир таҳдид қиласан. Ҳеч ким танбеҳ бермайди, ҳеч ким чекламайди, гўё “ўзинг хон, кўланканг майдон”сан...

Энг ёмони, сен меҳр қўйган “жозибадор” олам ҳам Алвастининг ўрмонига ўхшайди. “Иванушка”ни қўрқитишу Алёнушкага ёқиш” сингари бетайин истакларингга пишанг берадиган “Ялмоғиз”лар ҳам тиқилиб ётибди бунда. Уларнинг мақсади аниқ – “печкага тиқиш”у “пишириб ейиш”... Бу йўлда сенга ўхшаганларни авраб, гоҳ Кашшейга, гоҳ баҳайбат ботқоқ махлуқига айлантириш чўт эмас уларга.

Энди тушундингми, нега оддий мультфильм ҳақида эзмаланиб гапираяпман? Эътибор берсанг, бир ўринда соддадил Алвасти ёвуз жодугарнинг таклифига қатъий эътироз билдириб, “Биз Алвастимиз, Кашшей ҳам эмасмиз!”, дейди.

Ҳа, ҳа, ҳатто Алвасти бўлса-да, ёвузликдан бўйин товлаб, ўзлигини, ўз қиёфасини сақлаб қолишга интилади у...

Коса тагидаги нимкоса

Ҳа, укажон, биламан, насиҳат қулоғингга ёқмайдиган ёшдасан. Аммо сабоқ оламан, десанг, оддий болалар “мультик”идан ҳам маъно топишинг мумкин. Гап – “коса тагидаги нимкоса”ни англашда, холос.

Сўнгги сўз ўрнида эса мультфильм ниҳоясидаги хулосани эслатиб қўймоқчиман сенга. 

Пировардида мунғайиб қолган Алвасти шеригидан сўрайди:

– Иванушка мендан қўрқмаса, ҳурмат қилармикан?

– Эҳ, сени қараю, – дейди Қуён соддадил дўстининг гапларидан завқланиб. – Ҳурматли бўлиш учун қўрқитиш эмас, ҳурматга лойиқ бўлиш керак!

Нуриддин ЭГАМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!