Меню

Қашқадарё

26.04.2016 1929

“ҚАЛОВИНИ ТОПСАНГИЗ, ҚОР ҲАМ ЁНАДИ” дейди косонлик томорқачилар

Эътибор берилса, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос деҳқончилик йўналиши борлигини кузатиш мумкин. Қайсидир туман одамлари асосан боғдорчиликка зўр берса, яна бошқа туманда кўкат етиштириш яхши йўлга қўйилган, бошқаси сабзавотчиликка ихтисослашган. Яна баъзи ҳудудда яшовчилар юқоридагиларнинг ҳаммасини бирваракай етиштиришни ўзлаштириб олган.

Косон туманида яшовчи аҳоли вакиллари орасида ҳам кўкат, ҳам сабзавот, ҳам боғдорчилик билан шуғулланадиган томорқачиларни кўплаб учратиш мумкин. Мисол учун, тумандаги Наврўз қишлоғида яшовчи Орзиқул бобо Равшановни уста боғбон сифатида яхши билишади. Узоқ йиллардан бери боғ яратиш, ниҳол етиштириш билан шуғулланиб келаётган Орзиқул бобонинг ҳовлисида йўқ дарахтнинг ўзи йўқ. 6 сотихча ерда иссиқхона қуриб, лимон парваришлаётганига 20 йилдан ошди. Ҳозирда 35 туп лимон парваришлаётган отахоннинг айтишича, бу меванинг шифобахшлигига қизиқиб, ўстиришга киришган. Йиллар давомида бу ишда тажрибаси ошган боғбон бошқа қизиқувчиларга ҳам лимончиликнинг йўл-йўриқларини бажонидил ўргатаяпти.

- Ёшлигимдан шу касбга қизиққанман, - дейди Орзиқул бобо Равшанов. – Шу соҳада ўқидим, ишладим. Бугун нафақадаман, невараларимга ҳам касбимнинг сирларини ўргатаяпман. Боғдорчилик – энг савобли касблардан бири. Дарахт эккан одамнинг умри узаяди, деган гап бекорга айтилмаган.

Бобо оила аъзолари билан 35 сотих жойда боғ барпо этган. Бодом, ўрик, олма, шафтоли сингари дарахтлар парваришига ўзи жавобгар. Кўчат етиштиришни яхши йўлга қўйган.

- Бу йил ток кўчатини етиштиришга кўпроқ эътибор қаратаяпмиз, - дейди у. – Фермер хўжаликларига шартнома асосида кўчат етиштириб берамиз. Қаламчадан кўпайтириб, 5-6 мингта ток кўчати экканман. 300 тупини томорқада қолдирдим. Қолгани сотилади.

Ҳаракатда баракат, деганларидай, рўзғорнинг ободлиги, оиладаги тинчлик-хотиржамлик меҳнат туфайли. Айниқса, боғ яратиш ортидан келадиган даромад чўғи баландгина бўлади. Орзиқул бобо буни яхши билгани боис ўғилларини ҳам шу ишга ўргатди.

Шу ҳудуд яқинидаги Тинибек қишлоғи аҳолиси эса кўпроқ сабзавотчилик билан машғул. Бу ерда сабзи-шолғомни плёнка остида етиштириш яхши йўлга қўйилган. Кимдир эртачи ва кечки экин етиштириб, бозорга чиқарса, яна кимдир уруғлик сабзи-шолғом экишни маъқул кўради.

- Бизнинг одамлар шу ишнинг ҳадисини олган, - дейди фуқаролар йиғини раиси Аброр Файзиев. – Чунки сабзавотчилик орқасидан кам ердан ҳам катта даромад топса бўлади.

Рашид Тиловов ҳовлисида 10 сотихдан ошиқроқ томорқа бор. Оила аъзолари 5-6 йилдан бери сабзи, шолғом етиштириш билан шуғулланиб келишаяпти. Эртачи сабзи плёнка остига экилиб, парваришланар экан. Ҳар ишнинг ўз йўл-йўриғи бўлгани каби плёнка тагида экин етиштиришнинг ҳам ўзига яраша сир-синоати бор.

- Қаловини топса, қор ҳам ёнади, деган нақл шу ишга тўғри келади, - дейди Рашид ака. – Тайёрланган жўякларга сабзи уруғи сепилгач, пуштанинг ҳар ярим метрига бир бошдан шолғом қадаб чиқилади. Бунинг сабаби бор. Шолғом то сабзи униб чиққунича плёнка остидаги ҳароратда тез барг ёзиб, ўса бошлайди. Шу жараёнда у плёнкани ҳам юқорига кўтариб бораверади, натижада униб чиққан сабзи плёнка остида қисилиб қолмай, бемалол ўсаверади. Сабзи кавлаб олинганидан кейин, агар истасангиз, шолғомни шундай қолдириб, ёзнинг ўрталарида уруғини олишингиз мумкин.

Эртачи сабзи кўп ташвиш туғдирмайдиган, кам меҳнат талаб қиладиган экин. 8-10 кунда бир марта суғориб, бир-икки марта ўтоқ қилинса, кифоя. Қўшимча озиқлантириш учун энг маъқули маҳаллий ўғит – гўнг. Рашид аканинг томорқасидаги 7 сотих ерда экилган эртачи сабзи шу кунларда тайёр бўлиб қолган. Бир-икки кунда бозорга чиқарса бўлади.

- Бу йилги даромадини 3 миллион сўмча бўлар, деб мўлжаллаб турибман, - дейди Рашид Тиловов. - Кейинроқ – кузга бориб, кечки сабзи учун жой тайёрлаймиз. Ҳозир эса помидор, картошка, пиёз каби рўзғорга керакли экинларни экиб тугатаяпмиз.

Дарҳақиқат, томорқа бугунга келиб яхшигина даромад манбаига айланди. Маълумки, бу омилдан бир-икки киши ёки хонадон эмас, балки кўпчилик манфаат топаяпти. Шундай экан, томорқанинг нафини англаб, ундан унумли фойдаланишни йўлга қўяётган оилалар сони кундан кунга ошиб бораётгани   яна бир яхши кўрсаткичдир.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!