Меню
Қашқадарё
Аллегаторлар озуқасига айланишига бир баҳя қолган жўжа дунёнинг энг қари товуғи бўлди
АҚШда 21 ёшли Арахис лақабли макиён дунёдаги энг қари товуқ сифатида тан олинди, деб ёзади Oddity Central манбаси. У оилавий фермада бошқа жонзотлар билан бирга парваришланади.
Арахиснинг эгаси Марси Дарвин сўзлаб берганидек, у 21 йил аввал палағда тухумларни аллегаторлар ейиши учун ҳавзага улоқтирган вақтда кучсиз чийиллаш овозини эшитади. Кўринишидан бу овоз ўша вақтда ёрилган тухум ичида бўлган жўжаники эди.
"Мен уни эҳтиёткорлик билан тухум пўстлоғидан ажратиб олдим, қўлимда балчиққа буланган нам жўжа турарди", дея эслайди аёл.
Унинг қўшича қилишича, Арахис бошқа жўжалардан бироз кичиклиги билан умумий тўдадан ажралиб тургани учун макиёнга шу лақаб берилган. Марси Дарвин бу товуқ оилавий фермада 20 йилдан ортиқ яшаши ҳақида ҳеч қачон ўйлаб кўрмаганини тан олади. Ёшига қарамай, парранда ҳамон тетик ва фаол.
Аёл, шунингдек, Арахиснинг ишқибози бўлган дўсти уни Гиннеснинг "Рекордлар китоби"га ариза топширишга кўндирганини айтган.