Меню

Қашқадарё

07.02.2020 1927

АЛИШЕР НАВОИЙ УМРИ ДАВОМИДА НЕЧТА АСАР ЯРАТГАН?

Барҳаёт буюклар

Ўзбек адабий тилининг асосчиси, мумтоз адабиётимизнинг кўплаб жанрларида тенгсиз асарлар яратган Мир Алишер Навоий 60 йилга яқин умр кўрган. Умри мобайнида муҳрдор (1469-1472), вазир (1472-1476), ҳоким (1487-1488) ва юқори мартабаларда ишлаш   баробарида ижод учун ҳам вақт топган ва уни  биринчи навбатда ижод кишиси бўлган, дейиш мумкин.

Тарихчи Хондамирнинг қайдлари орқали Навоий ўз маблағи ҳисобидан бир неча мадраса, 40 та работ, 17 та масжид, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурдиргани бизга аён. Навоий масжиду мадрасалар, шифохона ва хонақоҳлар қурдирибгина қолмасдан уларни керакли жиҳозлар билан таъминлаш, таъмирлаш, ходимлар тайинлаш ва уларга ойлик маош, китобларигача етказиб, назорат қилиб турган. Шу билан бирга, шеъриятни, шоирликни ҳамма нарсадан устун қўйиб, ижод қилишдан тўхтамаган.

Олимларнинг аниқлашича, Навоийнинг эски ўзбек тилида ёзилган 24 асарида жами 26 минг 35 та сўз қўлланган. Маълумки, адабиётда бор-йўғи икки сатрдангина иборат фард ҳам яхлит бир асар ҳисобланади. Ҳам туркий, ҳам форсий тилларда (зуллисонайн) 16 та жанрда ижод қилган Алишер Навоий ўзи китобларига киритган асарларининг умумий сони 4 минг 544 тани ташкил этади.

"Мукаммал асарлар тўплами"да девонларга кирмаган 35 та ғазал, 4 та қитъа, 1 та марсия, 1 та тахмис ҳақида айтиб ўтилган.

Демак, Алишер Навоий умри мобайнида юқори лавозимларда ишлаш билан бирга 4 минг 585 та асар яратган ва улар жаҳон тафаккурининг беқиёс дурдоналари саналиши аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам Навоий даҳоси асрлар ўтса-да, авлодларга фахр-ифтихор бағишлаши баробарида серқирра илмий мероси янги тадқиқотларга ундайверади.

Латиф ҚАМБАРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!