Меню

Қашқадарё

03.02.2022 2116

АЛИШЕР НАВОИЙ ТАЪЛИМ ОЛГАН ДАРВЕШЛАР КИМЛАР ЭДИ?

Ҳазрат таваллудининг 581 йиллига

Ҳазрат Навоий тўрт ёшидан Ҳирот, Шероз, Сабзавор шаҳарларидаги мактабларда ўқигани, кейин эса Ҳирот, Машҳад ва Самарқанд мадрасаларида таҳсилни давом эттиргани бизга маълум. Бироқ, Мир Алишер  ёшлик даврида улуғ инсонлар, буюк устозлар ва тариқат пирлари, шоирнинг ўз ибораси билан айтганда, дарвешлар суҳбатларида таълим олганини кўпчилигимиз яхши билмаймиз.

Мутафаккир "Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер" асарида бу ҳақда: "Дарвешлар ва аҳлуллоҳ (Аллоҳ аҳли) мулозаматиға кўп етибмен", деб ёзади. Ҳиротлик тарихчи Хондамир ҳам буни тасдиқлаб, "...Ул зот ёшлик ва йигитлик даврининг гуллаб-яшнаган чоғларида ҳар доим ...  дарвешлар билан мулоқотда бўлишга интилиб юрар, қўлидан келганича ва имконияти етганича иродат ва ихлос билан олий мартабали ушбу тоифага мансуб кишиларнинг хизматида бўлардилар.

 (Шундан сўнг ул Ҳазрат) бир неча вақт давомида бу дунёнинг барча қизиқишлари ва ҳою ҳавасларидан кўнгил узиб, табаррук макон бўлган Работи Суҳайл деган жойда яшай бошладилар".

Шоирнинг қуйидаги сатрлари ҳам Хондамир баёнига ҳамоҳанг:

Тариқат сулукин касб этгали,

Ҳамул кунки, бўлди ҳавое манга.

Бурун зуҳди тақвони айлаб шиор,

Дедимким, етишгай сафое манга.

Бориб хонақоҳ ичра қилдим мақом,

Бу маъни худ ўлди балое манга.

Боқиб хилвату зикру сажжодани,

Зуҳур этти ҳар дам риёе манга.

Булардан ўзимни халос айладим,

Ки то ҳосил ўлғай фаное манга.

Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,

Май истарга илгимда синғон сафол.

Маъноси: ўша куни (ёшлик йиллари) мен тариқат сулуки, яъни тасаввуф йўналишини ҳаётимга татбиқ қилишни истаган эдим. Авваллари қалб мусаффолигига етишай деб, зуҳди тақвога қаттиқ берилдим. Аммо иш мен ўйлагандек эмас - ихлоссиз, муҳаббатсиз ибодат наф бермас экан. Кейин тасаввуф пири (бир улуғ шайх) ҳузурига бориб, унинг таълимини олишга киришган эдим, билдимки, менинг қуруқ зоҳирий ибодатлар билан юксакликка эришиш ҳақидаги хаёлим бир бало экан. Ўзимни хилватга олиб, зикру намоз билан машғул бўлганимда ҳам менда риё иллати зоҳир бўлар эди. Энди мен бундай ибодатлардан, яъни одамлар кўзига ибодат кўринса-да, аслида шахсий манфаатларга қаратилган, ихлоси етарли бўлмаган зоҳирий ибодат қилишдан кечдим. Мақсадим - фано мақомини эгаллаш: қалбда Аллоҳдан ўзгага жой қолмасин, Унга қиладиган ибодатларим, тақволаримда ҳам Аллоҳдан ўзганинг мулоҳазаси бўлмасин, Уни кўриб тургандек ибодат қилай, чин ихлос билан тоатда бўлишга эришай. Мана шу мақсадда муршид (тасаввуф пешвоси) даргоҳига ошуфтаҳол кириб бордим. Қалбим ниҳоятда синиқ, шикаста, айни вақтда турли иллатлардан қутила олмай ҳалак эди. Истагим - Аллоҳнинг севгиси, илоҳий ишқ нашъу намоси эди.

Ҳазрат Навоий ёшлигида қироат, аруз, мусиқа, фиқҳ каби қатор илмларни ўрганган улуғлар суҳбати - дарс йиғини шаклида бўлган. Пиру муршидлар ўз суҳбатлари, мажлислари орқали тариқат ғояларини тарғиб қилишган. Дарвеш Саййид Ҳасан Ардашер ҳам Мир Алишер билан мулоқотларда тариқатга аъзо бўлишни ва унинг ғояларини тарғиб қилган. Шоир таърифлаганидек, "...Бу фақир (Навоий)ни фақр тариқиға далолат ва иршод қилурлар эрди".

Машойихлар мажлиси ҳақида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шундай фикрларни келтирган: "Бир соатлик илм мажлиси етмиш йиллик ибодатдан афзал, яъни фарзлар устига зиёда қилинган ва киши илмсиз равишда қиладиган ибодатлардан". Шунга монанд, шариат аҳкомлари, диний илмларни пухта ўзлаштирган Баҳоуддин Нақшбанд каби тасаввуф шайхларигина суҳбат-мажлисларда толиби илмларга дарс берган. Зеро, "Талаб қилувчи (толиби илм) бир машойих суҳбати шарафига етса, ўзгаларнинг машаққатларидан тамоман қутулади. Шундай бўлса ҳам (киши) машойихлар(нинг) суҳбати билан қанча кўп тарбият топса, унинг камоли ҳам шунча кўп бўлади," деб ёзади Ҳофиз Таниш Ал-Бухорий "Абдулланома" асарида.

Алишер Навоий суҳбат қурган улуғ зотлар - дарвешларнинг аниқ сонини айтиш мушкул. Чунки, мутафаккир ўз рисолаларида улар ҳақида батафсил тўхталмаган. "Насойим ул-муҳаббат" ва "Мажолис ун-нафоис"да айримлари ҳақида қисқача ёзиб қолдирган, холос. Балки шоир ўттиз ёшгача бўлган даврида юзлаб шайхлар, авлиёлар хизматида бўлгандир. Негаки, бу даврда Хуросон ва Мовароуннаҳрда жуда кўплаб кароматгўй валийлар истиқомат қилган.

Ёш Алишер отаси - Ғиёсиддин Баҳодирнинг пири Хожа Шамсуддин Муҳаммад Кусуйи Жомий хизматида ҳам бўлиб, авлиё суҳбатига бориб турган.    Болалигида машҳур тариқат пешвоси Мавлоно Ҳумодуддин Калободий билан мулоқот қилиш бахтига ҳам муяссар бўлган. "Насойим ул-муҳаббат"да ўз замонасининг малик ул-каломи деб эътироф этилган Лутфийни валий шоирлар қаторига қўшган. Зеро, шоир болалигидан у сингари дарвешлар суҳбатига интилган. 

Шайх ул-ислом Хожа Муаййад Меҳна ўз даврининг йирик уламоларидан, сабзаворлик валий шоир Хожа Авҳад Муставфий эса илму урфонда ягона ҳисобланган. Мир Алишер улар суҳбатларида ҳам бўлиб, таҳсил олган. Шоир "Бу фақир ул бузруквор суҳбатиға етар эрди, кўп илтифотлари бор эрди", дея Муставфий суҳбатини хотирлайди.

Бу пиру комилнинг суҳбати ҳақида Давлатшоҳ Самарқандий "Тазкират уш-шуаро"да шундай ёзган: "Хожа Фахриддин Авҳадий билимдонлиги, фозил ва камолотга етганлиги туфайли унда фақиру дарвишона табиат пайдо бўлди. Закий ва истеъдодли кишилар ҳаммаси ҳамма вақт унинг суҳбатига бориб, илм касб қилиш билан машғул эдилар." 

Навоийга аруз илмини ўргатган Дарвеш Мансур тасаввуф йўлида кўп риёзат чеккан тақводор киши бўлган. У аруз ҳақида иккита рисола ёзиб, эронлик шоир Салмон Соважийнинг маснуъ қасидасига жавоб айтган. Ирфоний ғояларни рубоийда, ошиқона кечинмаларни ғазалда ифодалаган. Темурий ҳукмдор Абулқосим Бобур ёш Алишерни унинг қўлига топширади ва устоз ҳузурида у нафақат аруз илми, балки тасаввуф истилоҳларини ҳам ўзлаштирган.

Аслини олганда, улуғ сўфий ва шоир Фаридиддин Атторнинг ёзишича, "Авлиёларнинг сўзи киши қалбининг малҳами ва руҳининг қувватидир, кимки авлиё сўзини дилига жо этса, у Қуръон ва ҳадислар мағзига эшик очади, ўзининг ҳолати, ахлоқини, қилаётган ишларининг яхши-ёмонлигини ўйлайдиган бўлиб қолади ва ҳаёт, охират, инсонийлик хусусида мулоҳаза юритиб, ички оламини тартибга солади. Қуръон ва ҳадислардан кейин ҳеч сўз тариқатдаги машойихлар айтган сўзлардан афзалроқ эмас". Шу боис Алишер Навоий ҳам тариқат пирларининг суҳбатларига боришни канда қилмаган.

Хуросонлик адиб ва тасаввуф таълимотида ўз замонасининг соҳиб камоли Ҳофиз Али Жомий қироат илмида Навоийга устозлик қилган.  Мусиқашунос ва тариқат пири бўлмиш Хожа Юсуф Бурҳон шеър ва мусиқа илмини яхши билган. Ўзи шеър ёзиб, куй басталагани ҳамда тоғаси Муҳаммад Али Ғарибийдан илк мусиқа сабоғини олган Мир Алишер Юсуф Бурҳондан унинг нозик сирларини ўргангани бизга маълум. Бу зотдан Навоий нафақат мусиқа, балки тариқат илмидан ҳам таълим олган, ундан ўз ғазалларига мусиқа басталаш ва тасаввуфона оҳанг бағишлашни ўзлаштирган.

Яна бир тасаввуф намояндаси Мавлоно Саъдуддин ҳам ўз даврининг етук уламоларидан бири бўлган. Навоий ибораси билан айтганда, "Ҳаётлари муддатида "Фаройиз" адосидин сўнгра "Тафсир" ва "Ҳидоя"га машғул бўлурлар эрди. Ва дунё сўзи алар мажлисида ўтмас эрди. Алар суҳбатиға етиб, сўзларини эшитган кишига Ҳазрат Расул (с.а.в.) ва бузруквор асҳобининг тариқи ёд бўлур эрди."

Шоир бу буюк зот билан кўришиб, унинг диний илмлардан маърузаларини тинглаш бахтига мушарраф бўлган. Шунингдек, мажлисларда Қуръон ва ҳадисдан маърузалар ўқиган валий зот - Мавлоно Муҳаммад Амин суҳбатида ҳам бўлган.

Йирик шайх ва авлиё шоир Садриддин Равосий айтган ваъзлар халойиққа манзур бўлган, унинг мажлисига ҳатто Султон Абусаид Мирзодек давлат арбоблари ҳам иштирок этган. Равосий билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлган    Навоий: "Шариф суҳбатига фақир мушарраф бўлдум... "Фусус" (Ибн ал-Арабийнинг "Фусус ал-ҳикам" асари)дин  дарс айтур эрди, кўнглимни басе сайд қилди", дейди.

Равосий билан доимий мулоқот ёш Алишернинг тафаккури ва дунёқараши ҳамда маънавий дунёси тараққиётида муҳим роль ўйнаган, дейиш мумкин. Адабиётшунос Нажмиддин Комилов ёзганидек, "Дарвешларнинг суҳбати шундай кимёки, пишмаган хаёлларни пиширади, қалбни қора доғлардан тозалаб, сайқал бера олади".

Тариқатда сулукка машғул пири муршидлардан бўлган Хожа Абдулазиз Жомий баркамол уламолардан ҳисобланган. Абдулла Ансорий авлодидан бўлмиш бу зоти бобаракот кўп вақтини тасаввуфга бағишланган "Футуҳоти Маккия" асари мутолаасига сарфлаган. У ҳам Навоийга илтифот кўрсатиб, мажлисларига таклиф этган ва "кўп қатла фотиҳа била дуои хайр қилган".

Буюк шоирнинг устозларидан бири бўлган Мавлоно Муҳаммад Табодгоний Шайх Зайнуддин Хавофийнинг кибор халифаларидан саналган. Навоий "зоҳирий ва ботиний илмда комил" деб эътироф этган, фазлу камоли таърифга сиғмайдиган тариқат пири бўлмиш Табодгоний панду насиҳат билан халқни ҳидоятга чорлаган. Навоий бу улуғ зот суҳбатларидан ҳам баҳраманд бўлган.

Авлиё Мавлоно Муҳаммад Хуросоний кўп вақтини Пай работида ўтказган. "Насойим ул-муҳаббат"да битилганидек, "Бу ҳақир (Навоий) бир-икки қатла суҳбатиға ул мутабаррук манзилда мушарраф бўлди".

Ўз замонасида етти иқлимга машҳур бўлган зотлардан бири Шайх Шоҳ Зиёратгоҳийдир. Унинг панд-насиҳатларига темурий султонлар ҳам амал қилган. У шундай жасур зот бўлганки, подшоҳу амалдорларнинг хато ва камчиликларини юзига айта олган. Энг қизиғи, у Навоийни фарзандидек яхши кўрган. Буюк шоир Зиёратгоҳий йиғинларида иштирок этиб, тасаввуфга оид қатор саволларга жавоб топган.

Навоий  йигитлик чоғларидан буюк мутафаккир Абдураҳмон Жомийни ўзига пир тутган ва устозининг суҳбатларидан мунтазам баҳраманд бўлган. Унинг бу авлиёдан дарс олиши ажойиб ижодий характерга эга: агар дарслик ёш Алишерга етарли даражада тушунарли бўлмаса, Жомий бу дарсликка махсус шарҳ ёзар эди. Шогирд Шарқ фалсафасини, айниқса тасаввуфни чуқур ўзлаштирган, ўз даврининг энг зўр донишманди ва орифию кошифи Абдураҳмон Жомий ҳузуридаги суҳбатларда тариқат сулуки одоб ва ахлоқидан дарс тинглаган.

Умуман, Ҳазрат Навоий қаерга бормасин, ўша манзилнинг улуғлари суҳбатига мушарраф бўлган. 1465-1469 йиллар оралиғида у Самарқандда бўлганда буюк олим Фазлуллоҳ Абу Лайсий ҳамда баракатлар ёғиладиган авлиёлар султони Хожа Аҳрор Валий  суҳбатларида иштирок этиб, уларнинг ҳурмат-эътиборини қозонган.  Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, "...Амир Алишер Мовароуннаҳр вилоятида бир қанча вақт - неча йилу ой, саҳару шом турли фазилатлар ва камолот касб этиб, олимлар ва муҳаққиқлар пешвоси Хожа Аловиддин Фазлуллоҳ Абу Лайсий мулозаматида диний илмлар таҳсили ва яқиний маърифат такомилида машғул бўлиб, авлиёлар қутби Хожа Носириддин Убайдуллоҳнинг (Оллоҳ унга тинчлик берсин), файзли бузруквор мажлисидан файз ва офтоб янглиғ мунаввар сийратидан баҳра олган".

Мухтасар қилиб айтганда, Аллоҳнинг дўстлари суҳбатида таълим олиб, Алишер Навоийнинг билим ва тафаккур доираси, дунёқараши, тушунчаси ниҳоятда кенгайган, шоирлар султони, буюк мутафаккир ва авлиё даражасига етган, дейиш мумкин.

Шерхон ҚОРАЕВ,

филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!