Меню
Қашқадарё
АЛИШЕР НАВОИЙ ШАҲРИСАБЗГА НЕГА ЎЗГАЧА МЕҲР БИЛАН ҚАРАГАН?
Бу қадим юртга шоирнинг ўзгача меҳр-муҳаббатига сабаблар бор. Буни яккабоғлик шарқшунос ва шоир Носир Муҳаммад (Насриддин Муҳаммадиев, 1946-2018 йилларда яшаган) шундай изоҳлайди. Маълумки, Соҳибқироннинг иккинчи фарзанди Умаршайх Мирзо 1356 йилда Шаҳрисабзда туғилган. Муаллиф Навоий замондоши, тарихчи Мирхонднинг "Равзат ус-сафо" асаридан қуйидаги иқтибосни келтиради: "Амир Алишернинг бобоси Амир Темурнинг ўғли Умаршайх билан кўкалдош (эмикдош, бир онани эмган болалар) эди". Шунга кўра, Носир Муҳаммад Навоийнинг катта бобоси, яъни бобосининг отаси ва онаси ўша пайтда Шаҳрисабзда яшаган ҳамда Амир Темур хонадонига яқин кишилар бўлишган, шоирнинг катта бувиси энага сифатида ўз ўғлини ва Умаршайх Мирзони эмизган, тарбиялаган, деган хулосага келади.
Навоий ўзининг "Бадоеъ ул-бидоя" девонига ёзган сўз бошида, - деб қайд этади атоқли адиб Пиримқул Қодиров, - ота-онадан етти пуштигача Темурийлар хонадонига яқинлиги тўғрисида ғоят камтарлик билан сўзлайди:
Отам бу остонанинг хок бези,
Онам ҳам бу саро бўстон канизи.
Менга гар худ бўлай булбул ва гар зоғ
Ки, ушбу даргоҳ улғай гулшану боғ.
Пиримқул Қодиров берган маълумотларга қараганда, Алишер Навоий онаси ҳақида манбаларда қайдлар учрамаса-да, аммо шоирнинг тоғалари бўлмиш истеъдодли шоирлар Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибий каби унинг волидаси ҳам аслзодалардан бўлганини тахмин қилиш мумкин. Шоирнинг она томондан бобоси Абу Саид Чанг Амир Темурнинг чевара авлодларидан бири билан бир онани эмган кўкалдош бўлгани манбаларда қайд қилинган.
Навоийнинг отаси Амир Ғиёсиддин ҳақида "Насойим ул-муҳаббат" асарида қисқа бўлса ҳам жуда ажойиб ҳикоя берилган. Навоий билан бир замонда яшаган тарихчи ва шоир Давлатшоҳ Самарқандий "Мажмуат уш-шуаро" асарида шундай ёзади: "Бу донгдор амирнинг (яъни Алишер Навоийнинг) буюк мартабали отаси ўз вақтининг машҳурларидан ва Чиғатой элининг қаҳрамонларидан эди". Чунки Ҳазрат Навоийнинг отаси Темурийлар саройида турли вазифаларда ишлаган, Сабзавор шаҳри ҳокими ҳам бўлган.
Носир Муҳаммад юқоридаги тарихий манбалардан келиб чиқиб, Шаҳрисабз - Навоийнинг аждодлари ватани, шу боисдан шоир бу кўҳна диёрга ҳамиша меҳр ва муҳаббат кўзи билан қараган, деб ёзади.
Навоий ҳазратлари таржимаи ҳолидан маълумки, у 1464-1469 йилларда Самарқандда таҳсил олади. Ҳиротдан Самарқандга бориш-келиш йўли қадимда ва Навоий замонида ҳам Шаҳрисабз орқали ўтган энг қулай ва яқин йўл бўлган. Шоир Самарқандда ўқиган йилларида бу йўлдан бир неча марта қатнаганига шубҳа йўқ.
Носир Муҳаммад Алишер Навоий Шаҳрисабзга келганми, бу шаҳардаги қариндошлари билан алоқаси бўлганми, деган саволни қўяди. Бу саволга жавоб бериш учун бир ривоятни келтириш кифоя. Уни Шаҳрисабз шаҳрининг шундоқ биқинида жойлашган Янги қишлоқлик кекса педагог, ёши саксонга яқинлашиб қолган Қудрат Жўраев ҳикоя қилиб берди. Ёш Алишер Самарқандга таълим олиш учун бораркан, Шаҳрисабзга кираверишда ҳозир ҳам қадимий номи билан аталувчи Чамбил қишлоғида яшовчи қариндошиникида тўхтаб ўтади. Ҳиротдан меҳмон келибди, деган хушхабарни эшитган мезбоннинг қўшнилари ҳам уникида меҳмон бўлишади. Улар орасида шеърият шинавандалари ва шоирликка ҳавасмандлар ҳам бор эди. Хонадондаги гурунг кейин шеърхонликка айланади. Ҳиротлик меҳмондан зўр ғазаллар эшитган чамбилликлар Навоийнинг истеъдодига қойил қолишади.
Чамбил қишлоғидан 2-3 километр шимолда, Танхоз дарёсининг сўл қирғоғига яқин жойда археологик ёдгорлик бор. Бу ерда қадимдан арк - шаҳристон бўлган. Ривоятларга кўра, Алишер Навоий таҳсилни тугаллаб, Самарқанддан юртига қайтишида шу ерда ҳордиқ чиқаради. Работ амири унга ҳурмат-иззат кўрсатиб, меҳмон қилади. Шоир оддий кишилар билан ҳам суҳбатлашиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, ҳамроҳлари билан Ҳирот сари равона бўлади. Навоийнинг қутлуғ қадами етган бу табаррук жой халқ хотирасида сақланиб қолган. Буюк шоиримизга ҳурмат юзасидан хароба сифатида сақланиб қолган тепаликка Навоийтепа деб ном берилган. Ҳозир ҳам маҳаллий аҳоли уни шу ном билан атайди.
Ҳазрат Навоий Мовароуннаҳрнинг энг қадимий ва гўзал гўшаларидан бири, ота-боболари юрти Шаҳрисабзга ҳурмат ва садоқатини, бу юртдан чиққан алломалар, машойихларга илиқ муносабатини ўз асарларида бадиий ифодалаб берган. "Сабъаи сайёр" достонининг йигирма бешинчи бобида Шоҳ Баҳром Гўрга мисрлик Саъд исмли мусофир бир афсонани айтиб беради. Саъд ўз сафари чоғида яшил кийимлик икки сайёҳни учратгани, улардан қаерликсиз деб сўраганини ҳикоя қилган. Сайёҳлар шундай жавоб беришган:
Дедилар, "Кишвари дурур дилкаш,
Оти ҳам Шаҳрисабз эрур, ҳам Каш.
Хизр монанд сабзадин ранги,
Сабзаси суйи кўзгуси занги.
Шаҳрисабз ўлди бизга чун мулкат,
Йўқ ажаб гар яшил дурур кисват..."
Сайёҳлар яшил шаҳар - Шаҳрисабздан келганликлари учун кийимлари ҳам яшил эканлигини айтадилар. Сўнгра Саъдга бу шаҳардаги мўъжизалар ва шаҳар подшосининг гўзал қизи ҳақида сўзлаб берадилар. Саъд шаҳрисабзлик сайёҳлар ривоятини эшитиб, улар билан бирга сафарга чиқади. Кўп синов ва қийинчиликларни мардона енгиб ўтиб, Шаҳрисабз подшоси қизига уйланади. Мазкур афсонавий воқеалар замирида Навоийнинг бу қадимий шаҳарга меҳр-муҳаббати ўз ифодасини топган.
Шаҳрисабз номи достонда ҳикоя қилинган афсоналар баёнида неча марта тилга олинади:
"Шаҳрисабз ўлди тахтгоҳи анинг,
Ер уза сабзадек сипоҳи анинг."
***
"Сурубон Шаҳрисабз жониби кет,
Турмайин йўлда ул диёрга ет".
Алишер Навоий қаламига мансуб энг машҳур асарлардан бири "Насойим ул-муҳаббат" асаридир. Унинг ушбу асарни ёзишдан мақсади туркий элларни анбиё ва авлиёлар тарихи билан таништириш эди. Абдураҳмон Жомий тазкирасига бутун мусулмон оламида ўтган 618 нафар шайх номи киритилган бўлса, "Насойим ул-муҳаббат"да уларнинг сони 770 нафарга етказилди.
Ҳазрат Навоий тазкирада Кеш-Шаҳрисабздан чиққан машойихларни ҳам унутмади. Қадимда Кеш тасарруфида бўлган ҳозирги Қамаши туманидаги Лангар қишлоғи тасаввуф таълимотининг ишқия тариқати намояндалари яшаб ўтган қутлуғ маскандир. Шоир Лангарда яшаб, ишқия тариқати таълимоти асосида ислом дини ривожида фидойилик билан хизмат қилган Шайхзода Абул Ҳасан ҳақида қизиқарли маълумотлар берган. Тазкирада тилга олинган, Катта Лангарда таваллуд топиб, шу ерда вафот этган Шайхзода Муҳаммад Содиқ ҳам ишқия тариқатининг атоқли давомчисидир. Унинг ўғли Абул Ҳусайн Охунд ҳам шайх даражасига кўтарилиб, лангарликларни ҳидоят йўлига чорлаб, ислом таълимоти билан қуроллантиради.
Навоий эҳтиром билан тилга олган кешлик шайхларнинг бири - кешлик Ота (раҳматуллоҳи алайҳ) яссавийлик таълимотига эргашиб, Туркистонга, Хожа Аҳмад Яссавий мозорига боради, шу ерда илмини оширади. Сўнгра Чин юртига сафар қилиб, умрини нақшбандия ғояларини тарғиб қилишга бағишлайди. Сўнгги манзилгоҳи ҳам шу диёр бўлади. Унинг укаси Умар ота (раҳимаҳуллоҳу таоло) ҳам акаси йўлидан бориб, кўп қийинчиликларни бошидан кечиради. Алишер Навоий ёзганидек, қабри ҳам Чин мулкидадир.
Абулбарака Фироқий Шаҳрисабзда таваллуд топиб, она шаҳрида қозилик қилган, бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. У XV аср зуллисонийлик анъанасига кўра ўзбек ва форс тилларида ғазаллар битган. У айниқса, рубоий ёзишда маҳоратли шоир бўлган.
Фироқий бир муддат Ҳиротда ҳам яшаган. Буюк шоир иштирокидаги мушоираларда иштирок этган. Алишер Навоий "Мажолис ун-нафоис" асарига Абулбарака Фироқий номини ҳам киритиб, унинг амалдорлик ва шоирлик фаолиятига баҳо берган.
Навоий Хисрав Деҳлавийнинг отаси ва авлодларининг асли Кешдан бўлганини яхши билган ва унинг бебаҳо асарларидан баҳраманд бўлган. Деҳлавий буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавийдан кейин беш достондан иборат "Хамса" асарини ёзади. Навоий ҳар иккала "Хамса"ни ўқиб чиққанида унда ўз "Хамса"сини яратиш ғояси туғилади. Икки машҳур шоир изидан бориб, уч йил ичида "Хамса"ни ёзиб тугаллайди. Навоийшунослар "Хамса" туркумидаги достонларга Навоий ижодининг қалби, дея таъриф беришган.
Сўз мулкининг султони Алишер Навоий Шаҳрисабзга катта меҳр-муҳаббат билан қараганидек, бу кўҳна замин аҳли ҳам унинг бебаҳо асарларини севиб мутолаа қилишган. Ҳуснихат дарғалари - хаттотлар эса ҳассос шоир асарларининг халқимиз хонадонларига кириб бориши, китоб жавонларидан ўрин олишига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Мирзо Юнус Шаҳрисабзий Навоийнинг беш достондан иборат "Хамса"сини, шунингдек, "Маҳбуб ул-қулуб" ва "Лисон ут-тайр" асарларини чиройли ҳуснихат билан кўчириб, китоб ҳолига келтиради. Яна бир шаҳрисабзлик - Ёрмуҳаммад Қора Шаҳрисабзий ҳам шоирнинг еттита асаридан нусха кўчиради. Хаттот Муҳаммад Обид Шаҳрисабзий фаолияти давомида "Хамса"ни беш марта кўчириб, ҳуснихатининг гўзаллиги билан таҳсинга сазовор бўлади. Муҳаммад Юсуф Шаҳрисабзий "Чор девон" ва "Тарихи мулки ажам" асарларини настаълиқ хатида битиб, гўзал безаклар билан китобат қилади. Унинг изидан борган фарзанди Муҳаммад Латиф эса "Чордевон" девонини кўчириб, ўз ҳуснихати билан сайқал берган. Навоий асарларидан кўчирилган нусхалар ҳозир ЎзФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланмоқда.
Асли шаҳрисабзлик, ярим умри Қамаши шаҳрида кечган Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон (Гулшаний) диний билимлар соҳиби бўлиши билан бирга шеърлар ва достонлар ҳам ёзган. Назмий ижод намуналарини "Гулистони Гулшаний" номли девонида жамлаган юксак истеъдод эгаси эди. У шеъриятдаги муаммо жанри, шеър ва ғазаллардаги яширин исм ва воқеа-ҳодисаларни ечиш масалаларига бағишланган "Муаммиёт" асарини ҳам ёзган.
Маълумки, Алишер Навоий ғазалларида ҳам муаммолар учрайди. Айниқса, буни "Хазойин ул-маоний" асаридаги кўпгина ғазалларда кўришимиз мумкин. Гулшаний икки йилга яқин Тошкентда қўлёзмалар институтида ишлаб, кўпгина нодир асарларни ўзбек тилига таржима қилади. Жумладан, Алишер Навоий асарларидан ҳам муаммоларни ечади, форсча, арабча муаммоларни ўзбек тилига ўгиради.
Хуллас, буюк шоир Алишер Навоий шахси яратган асарларида барҳаётдир. Унинг ҳаёт йўли ибратли, ижоди арзирли, асарлари ҳар биримиз учун севимли бўлиб қолади.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист