Меню
Қашқадарё
АЛИШЕР НАВОИЙ НОМЛИ ИСТИРОҲАТ БОҒИДА БУЮК ШОИР ҲАЁТИ ВА ИЖОДИГА ТААЛЛУҚЛИ НИМА БОР ВА НИМА БЎЛАДИ?
Нуқтаи назар
Яқинда Қарши шаҳрида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи директори Шаҳзод Икромов билан у раҳбарлик қилаётган маскан ҳудудини айландик. Бир соатлик боғ сайри - ўзига хос "Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам" акцияси нафақат соғлиқни мустаҳкамлаш, балки фикр алмашиш нуқтаи назаридан ҳам иккаламиз учун анча фойдали бўлди. Мен ишхонамнинг ёнгинасида жойлашган боғда кейинги пайтларда рўй бераётган катта ўзгаришларнинг ҳақиқий миқёсини англагандек бўлдим, суҳбатдошим эса айрим таниш манзараларга бошқача кўз билан қарай бошлади чамамда.
Дастлаб вилоят мусиқали драма театри орқа томонидан ўтиб, у ердаги қурилиши "минг йил"дан буён тугалланмай келаётган антиқа дизайнли иморатни муҳокама қилдик. Унинг "номаълум" эгаси бу бинони чала қурилган ҳолатда ташлаб қўйиб, нима фойда кўрар экан, дея ҳайрон қолдик. Кейин эса кўчирилган аттракционнинг бузилмай қолган пойдеворини кўриб, бетонлаб ташланган ернинг аҳволига ачиндик.
- Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи 1972 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, ҳозир унинг умумий майдони 34 гектарни ташкил этади, - деди "парк" директори эски "Сюрприз" аттракциони ёнига борганимизда. - Истироҳат боғимизга туташ ҳудудларда яна бир қатор дам олиш масканлари - "ASI Park", кўллар мажмуаси ва ҳали эндигина қурилаётган аквапарк жойлашган. Уларнинг ери ҳам, фаолияти ҳам алоҳида. Бевосита боғимиз ҳудудида 42 та каттаю кичик аттракцион бор, уларнинг 6 таси ташкилотимиз тасарруфида, қолганлари тадбиркорларники.
Шаҳзод Икромов масканда ўрнатилган ва аксарияти маънан эскирган аттракционларга эътиборимизни қаратар экан, ўтган йилдан бошлаб боғда кенг миқёсли янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганини ҳам эслатди.
- Аллақачон кўрган бўлсангиз керак, боғнинг Миллий банк ёнидаги дарвозасидан амфитеатргача ҳамда амфитеатрдан "Афсона" меҳмонхонасигача борадиган йўлларда замонавий велойўлакчалар барпо қилинди, - деди суҳбатдошим. - Амфитеатрнинг бир томонида автотураргоҳ пайдо бўлди, энди нариги томонида ҳам "стоянка" қурилади. Аввалдан Ҳумо қуши ҳайкали ўрнатилган жойда оқ қушлар, тулпор, кийик, чашма ва булоқлар акс этган меъморий композиция яратилди.
Истироҳат боғи раҳбари билан Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатга олиб борувчи йўлакдан ҳаракатланар эканмиз, у ерда қад ростлаган китоб монументи ва табиат қўйнидаги электрон кутубхона айвончасини кўрдик.
- Бу ишларни "1-сон комплекс лойиҳа қурилиш ва монтаж" хусусий корхонасининг тажрибали қурувчи ва дизайнерлари амалга оширишаяпти, - дея аниқлик киритади Шаҳзод Икромов. - Сал нарида жойлашган шахмат павильони ва майдони, бу спорт тури бўйича мусобақалар ўтказиладиган масканни ҳам шу жамоанинг вакиллари қуришган.
Суҳбатдошим истироҳат боғидаги яратувчанлик давом этаётганини таъкидлаб, бир пайтлар болалар темир йўли фаолият юритган жойда келгусида зоопарк ташкил этиш, амфитеатр ва музей ўртасидаги каттагина майдонни эса келин-куёвлар сайр қиладиган гўзал ҳудудга айлантириш режалаштирилаётганини билдирди.
- Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида буюк шоирнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ композицияларни ҳам яратиш кўзда тутилганми? - деб савол бердим. Директор узоқ ўйланиб қолди...
- Ҳақиқатан ҳам, икки-учта ҳикмат ва мен боя кўрсатган монументдаги китоблардан бирида "Алишер Навоий" деб ёзилганини ҳисобга олмаса, боғимизда бошқа ҳеч нарса (номидан ташқари, албатта) сўз мулкининг султони ҳақида эслатмайди, - дея тан олди мутасадди. - Шу пайтгача негадир бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман.
Ўзаро суҳбат жараёнида бехосдан туғилган бу савол иккаламизни ҳам чуқур ўйловга солиб қўйди. Бир пайтлар (аввалги реконструкцияга қадар) истироҳат боғига кираверишда қоя тошларини ўпираётган Фарҳоднинг маҳобатли ҳайкали турганини эслаб, маскан ҳудудини хаёлан ҳам бир неча марта "айланиб" кўрдик. У ерларда кўплаб эски, бир хил ва бугунги кун талабларига деярли жавоб бермай қўйган аттракционлар учун жуда катта майдон ажратилгани, чала қурилган иморатдек қаровсиз ётган жойлар кўплиги, сюжети ноаниқ, ғояси номукаммал, бир-бири билан боғланмаган композицияларнинг алоҳида ўрни борлиги, аммо Алишер Навоийнинг ҳеч бўлмаса сурати учун жой топилмаганини афсус билан қайд этдик.
- Ваҳоланки, бу масканда ягона концепция асосида, масалан, Навоий яшаган даврга хос усулда барпо этилган ва мушоиралар, навоийхонлик кечалари ўтказиш учун мўлжалланган майдон, китоб ва миниатюралар кўргазма зали, қолаверса, буюк мутафаккир ҳаёти, ижоди ва эзгу ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи лавҳалар ёки музейдагидек инфокиосклар, асар қаҳрамонларининг ҳайкаллари ўрнатилган кичик хиёбон қад ростласа, маданият ва истироҳат боғи ҳар томонлама ўз номига муносиб бўлиб қолармиди?!
"Парк" директори фикрларимни эшитиб маъқуллагандек бўлди:
- Албатта, нур устига аъло нур бўларди!
Аммо унинг сўзларида бундай муҳим масалалар "юқори"да ҳал қилинади, деган маъно сезилиб турарди. Мен эса 9 февраль - Алишер Навоийнинг 580 йиллигигача вилоятимиз марказидаги маданият ва истироҳат боғида ақалли номи акс этган ёзув пайдо бўлсаям яхши эди, дея умид билдирдим...
P.S. Дарвоқе, истироҳат боғида Алишер Навоийнинг хикматлари акс этган жуда кам сонли лавҳаларнинг бирида "Бефойда сўзни кўп айтма, фойдали сўзни кўп эшитурдин қайтма", деб ёзилган экан. Дам олиш масканининг реконструкцияси учун масъуллар ҳам шу хикматга амал қилиб, уни ўзича қайта қурмасдан, дастлаб кўпчиликнинг фикри билан қизиқиб кўришса ва лойиҳасини, аввал ваъда қилинганидек, ошкора муҳокамага қўйишса, Алишер Навоийнинг номи боғнинг фақатгина ҳужжатларида қолиб кетмасмиди...
Темур НИЗОМОВ