Меню
Қашқадарё
АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН БЎЙИН ТОВЛАГАН ОТА ҚАРИЙБ 150 КУН ПАНЖАРА ОРТИДА ЎТИРДИ
Мамлакатимизда карантин даврида ҳам алимент тўловларини ундириш масаласи беэътибор қолдирилмаяпти. Яқинда ўзининг вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаган Норқул Нармурадовга нисбатан ҳукм ўқилди.
Қамаши туманининг Баландчайла маҳалласида яшовчи Н.Нармурадов 1990 йилда Ж.Бердиева билан оила қурди. Оилада бирин-кетин 6 нафар фарзанд дунёга келди. Ишининг тайини бўлмаган Н.Нармурадов болаларининг таъминотини ўйлаш ўрнига ичкиликка берилиб, турмуш ўртоғи билан жанжаллашишни одатга айлантирди. Ҳар кунги жанжаллардан тоқати тоқ бўлган Ж.Бердиева эса ажралиш учун судга ариза беришга мажбур бўлди...
Н.Нармурадовга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг 2009 йил 11 сентябрь кунидаги суд буйруғига асосан собиқ турмуш ўртоғи Ж.Бердиеванинг фойдасига моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун то улар 18 ёшга тўлгунига қадар алимент ундириш белгиланди. Бироқ бемеҳр ота болаларига алимент тўлаш кераклигини жуда яхши билса-да, уларни моддий таъминлашдан бўйин товлаб келди. Натижада унга нисбатан Қамаши тумани маъмурий ишлар бўйича судининг 2019 йил 3 июнь кунидаги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шу билан бирга қарздорга қарздорликни ўз вақтида тўлаш, тўланган маблағлар ўз жигарбанди бўлган фарзандларининг яхши яшаши, ўқиши ва ҳаётда комил инсон бўлиб етишишига хизмат қилиши тушунтирилди.
Бироқ Норқул Нармурадов алиментни тўлашни хаёлига ҳам келтирмади. Натижада унинг 2019 йил 1 июнь кунидан 2020 йил 29 февраль кунига қадар алиментдан бўлган қарздорлиги 6 миллион 266 минг 486 сўмни ташкил этади. Оқибатда у қамоққа олинди ва қарийб 150 кун, аниқроғи 4 ой 26 кунни панжара ортида ўтказди.
2020 йил 3 июнь куни жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди 5-сонли тергов ҳибсхонасининг маъмурий биносида, очиқ сайёр суд мажлисида Норқул Нармурадовнинг жиноят иши кўриб чиқилди. Унга кўра, Н.Нармурадовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи давлат даромадлари ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида Н.Нармурадовнинг қамоқда ўтирган 4 ой 26 кунининг ҳар бир куни аҳлоқ тузатиш ишлари жазосининг 3 кунига тенглаштирилиб, тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан чегириб, узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 6 ой 12 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.
Яна бир судланувчи Урол Алимов эса турмуш ўртоғи билан ажрашиб, 4 нафар вояга етмаган фарзандини боқувчисиз қолдирди. Натижада унга нисбатан 2017 йил 13 ноябрдан бошлаб фарзандларига алимент тўлаш мажбурияти белгиланди. Лекин у турли баҳоналар билан бундан бош тортиб келди. Натижада унинг бу қилмиши 10 суткалик маъмурий қамоқ жазоси билан “сийланади”. Аммо “қаҳрамонимиз” шундан кейин ҳам 2019 йил 9 февраль кунидан 2020 йил 15 январь кунига қадар 11 ой 5 кун учун 12 миллион 10 минг 764 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб қочиб юрди. Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек У.Алимов ҳам узоққа бора олмади. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 122-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликдаги айблов қўйилди.
Судланувчи У.Алимов қамоқ жазосидан қутулиш учун алимент пулининг 6 миллион 658 минг 155 сўмини дастлабки тергов жараёнида, қолган 5 миллион 352 минг 609 сўмини эса судда тўлашга мажбур бўлди.
Алимент масаласи кўтарилганда шуни айтиш мумкинки, гап алимент тўламаган отанинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишида эмас, балки отанинг алимент бу қарз эмаслиги, аксинча фарзандининг у вояга етгунга қадар бериладиган таъминоти эканлигини англаб етишидадир. Буни бажариш эса ҳар бир ота-онанинг бурчи эканлигини унутмаслик керак.
Шоҳиста БОЗОРОВА