Меню

Қашқадарё

01.05.2018 1819

АЛИМЕНТ ПУЛИ ВА ЖАРИМАНИ ТЎЛАМАЙ ЮРГАНЛАР СУД ҚИЛИНДИ

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судида ўтган сайёр суд мажлисида вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент пули тўлашдан бўйин товлаб юрган, шунингдек, тўлов интизомига риоя қилмай, жиноий жарималарни ўз вақтида амалга оширмай, ҳатто бўлиб-бўлиб тўлашга имкон берилган бўлса-да, буни суиистеъмол қилиб юрган фуқароларга нисбатан чоралар кўрилди.

Ориф Турсоатовдан фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг 2015 йил 3 сентябрдаги суд буйруғига асосан ундирувчи С.Кўчимованинг фойдасига 3 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун то улар 18 ёшга тўлгунга қадар қарздорнинг ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ярми миқдорида, лекин ҳар бир бола таъминоти учун энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаган миқдорда алимент ундириш белгиланган. Бироқ у 2015 йил 3 сентябрдан 2017 йил 15 апрель кунига қадар моддий ёрдамга муҳтож бўлган, вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсиз фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни, яъни 12 миллион 306 минг 456 сўм алимент пулларини тўламасдан келиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 122-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилган. Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, алимент пулларини иқтисодий имконияти бўлмагани сабабли тўламагани, пушаймон эканини билдириб, қонуний енгиллик сўради. Суд ҳукмига кўра, судланувчи Ориф Турсоатовга 8 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, судда Мажбурий ижро бюроси Қамаши туман бўлимининг фуқаро Раҳматилла Маккамовга тайинланган жарима жазосини Жиноят кодекси 44-моддасига асосан бошқа жазога алмаштириш тўғрисидаги тақдимномаси кўриб чиқилди.

Фуқарога жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг 2017 йил 25 октябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодекси 109-моддаси 2-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида, яъни 3 миллион 744 минг 375 сўм жарима жазоси тайинланган, аммо маҳкум Р.Маккамов тайинланган жаримани тўламай келган. Шунга кўра, тайинланган жарима жазоси 1 ой 11 кун озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

Шунингдек, фуқаро Махмадражаб Халияровга жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг 2017 йил 25 майдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодекси 168-моддаси 1-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг  50 баравари миқдорида, яъни 7 миллион 488 минг 750 сўм жарима жазоси тайинланган, аммо маҳкум тайинланган жаримани шу кунга қадар тўламай келган. Шу асосда жарима жазоси 2 ой 20 кун озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

Сайёр судда йиғилганларга суд қарорларини ўз вақтида ижро этиш мажбурийлиги, шунингдек, қонунчиликдаги янгиликлар, суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган ислоҳотлар юзасидан тушунтиришлар ҳам бериб ўтилди.

Гулноза ДИЛМУРОДОВА,

 

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!