Меню
Қашқадарё
АЛДОҚЧИ КЎПАЙГАНМИ ЁКИ САВОДХОНЛИК ОШГАН?
Ўз ўрнида, бу ақидалар неча юз йиллардан бери сотувчи ва харидор ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб, сотувчини ҳушёрликка, ҳалолликка ундаган. Бироқ, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига олди-сотдилар, хизматларга оид мурожаатлар келиши ўсиб бораётгани, бир томондан, савдодаги, шахсий буюртмаларни бажаришдаги қадимий ва айни пайтда қонуний анъаналарни унутаётганлар борлигини кўрсатса, иккинчи томондан, одамларнинг истеъмол маданияти ва ҳуқуқий саводхонлиги ўсиб бораётганини ҳам билдиради.
Статистик маълумотларга кўра, 2017 йил мобайнида вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари худудий бирлашмаси ва унинг тизимидаги идораларга жами 1 минг 46 та шикоят келиб тушган. Мурожаатларнинг 297 таси электр энергияси, 272 таси табиий газ таъминоти, 280 таси савдо соҳасига оид. Шунингдек, коммунал, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, почта ва алоқа соҳаси ҳамда транспорт хизмати юзасидан ҳам норозиликлар бор. Мурожаатларнинг 991 таси ижобий ҳал қилинган. Бунинг натижасида жами 293 миллион 44 минг сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарлар ҳисоб-китоб қилинди. 103 минг 675 минг сўм миқдоридаги зарар фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритиш орқали ундирилди. 98 та ҳолат назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёрдамида ҳал этилди.
НОСОЗ МУЗЛАТГИЧ МУАММОСИ ҲАЛ БЎЛДИ
Китоб туманида яшовчи Мирзоқул Рўзиев музлатгич излаб кўпгина дўконларга кирди. Катта йўл кўчасида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор Шерзод Ғофуровга қарашли савдо дўконида учратган маҳсулот унга маъқул келди. Обдон савдолашиб, жиҳозни 1 миллион 960 минг сўмга сотиб олди. Кафолат хати сўраган эди, сотувчи зумда бир энлик қоғозга икки йил муддатни кўрсатиб ёзиб берди. Бироқ...
Яхши ниятлар билан сотиб олинган музлатгичдан анча йиллар фойдаланишни кўзлаган харидорнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. У бор-йўғи 4 ой ишлади. Бунинг устига айни ёзнинг жазирамасида бузилди.
Музлатгич ишламай қолганидан сўнг фуқаро кафолат хатини кўтариб, савдо дўконига борди. Ҳолатни тушунтиришга ҳарчанд уринмасин, уни биров тингламади. Майли, янгисига алмаштириб беришмаса ҳам таъмирлатишса бўлди, дея ўзини тинчлантирган бўлди. Орадан уч ой ўтса ҳамки, “устага юборилган” музлатгич эгасига қайтарилмади. Ҳар гал борганида “таъмирлатиб берамиз”, деган ваъда билан қайтди...
Сабри тўлган Мирзоқул Рўзиев истеъмолчи сифатидаги ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб беришларини сўраб туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига борди.
Мутахассислар мурожаатни ўрганишди. Маълумотлар тўпланди. Бу ҳолатда истеъмолчи ҳақ экани тадбиркорга тушунтирилди ва ЯТТ томонидан таъмирлатилган жиҳоз ўз эгасига қайтарилди.
Алиқул БАРАТОВ,
туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро аппарати раиси
ЭСКИ МЕБЕЛЬ СОТУВЧИГА, ПУЛ ХАРИДОРГА ҚАЙТАРИЛДИ
Инсон яшар экан, орзу-ҳавас қилади. Тўкин ва бахтли ҳаёт кечириш ҳаракатида бўлади. Меҳнат қилиб, йиғиб-теради. Деҳқонободлик Ражаб Човлиев ҳам шундай қилди. Бироз вақт тўплаган маблағига тумандаги Мусулмон Имомёровга қарашли савдо дўконидан мебеллар тўплами ва икки дона сандиқ харид қилди.
Бу унга 1 миллион 760 минг сўмга тушди. Келишувга кўра, сотиб олинган жиҳозларни етказиб бериш харажатлари тадбиркор томонидан қопланадиган бўлди...
Буни қарангки, “ҳожатбарор” дўкондор Ражаб Човлиевнинг уйига у танлаган мебелларни эмас, балки бошқа, эски ва сифатсизларини жўнатган экан. Табиийки, харидор келтирилган мебелларни олиб қолишдан бош тортди. Орада қисқагина тортишув ҳам бўлиб ўтди. Бу ҳолатни ўзи ҳал қила олмаслигини англаган истеъмолчи кўмак сўраб Деҳқонобод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Мутахассислар мебелларнинг илгари ишлатилганини аниқлашди ва юзага келган муаммоли вазиятни бартараф этишди. Харидор талабига кўра тўланган пуллар қайтарилди.
Холмирза УМИРОВ,
туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати мутахассиси
АККУМУЛЯТОР ЯНГИСИГА АЛМАШТИРИЛДИ
Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти “Ишонч телефони”га китоблик фуқаро Беҳзод Холиқов қўнғироқ қилиб, “Осиё” бозори ҳудудида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор Азамат Муродовга тегишли 63-савдо дўконида амалга оширган харидида ўзини чув туширишганини билдиради.
Гап шундаки, Беҳзод Холиқов “Нексия” русумли шахсий автомобили учун ушбу савдо дўконидан 1 дона аккумуляторни 500 минг сўмга сотиб олган. Қисқа муддатли фойдаланишдан сўнг ишламай қолган ускунани қайтариб келиб, бошқасига алмаштириб беришларини талаб қилганда, сотувчи унинг талабини бажаришдан бош тортади...
Ушбу ҳолатни бартараф этиш бўйича иш олиб борган аппарат ходимлари 63-савдо дўкони эгасига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни мазмунини тушунтиришди ва яроқсиз аккумулятор сифатлисига алмаштирилди.
Баҳром ЭШҚУВВАТОВ,
вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси матбуот ва ахборот сектори бошлиғи
ЁРИҚ ҚОЗОН КЎНГИЛНИ ХИРА ҚИЛДИ
Яккабоғлик Ҳафиза Эштўхтарова уй-рўзғор буюмлари сотиб олиш мақсадида туман марказидаги хўжалик моллари дўконига боради. У ердан 40 литр сиғимли алюминий қозонни 70 минг сўмга сотиб олади.
Табиийки, бундай рўзғор буюмлари дарҳол ошхонадан жой олади, сақлаб ўтирилмайди. Ҳафиза Эштўхтарова ҳам қозонни ўчоққа жойлаб, ичига сув солади. Ажабки, қозон ёриқ чиқади, ундан сув сизарди. Дарҳол харид қилинган буюмни олиб дўконга югурган истеъмолчи сотувчидан уни алмаштириб беришини талаб қилади. Сотувчи эса қозонда ёриқлар йўқ эди, дея буюмни алмаштириб беришдан бош тортади.
Фуқаро туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, бўлган воқеани мутахассисларга тушунтирди. Ишга киришган аппарат ходимлари қозондаги ёриқлар эскитдан бўлганини исботлашди ва истеъмолчи талаби қондирилди.
Эргаш ПАРДАЕВ,
туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати раиси
СОТУВДА - ЙИРТИҚ КОСТЮМ
Одатда бирор киши янги кийим-бош сотиб олса, тўйларга, яхши кунларга кийинг, кийиб тўздиринг, деймиз. Ғузорлик Азизбек Норқуловга эса бу гапларни айтиб бўлмади. Чунки у сотиб олган костюм яроқсиз, матоси илма-тешик бўлиб кетган экан.
Фуқаро жамиятга туманда жойлашган якка тартибдаги тадбиркор Маҳлиё Муртазаевага қарашли савдо дўконидан 190 минг сўмга сотиб олган костюмини тезда қайтариб келиб, бошқасига алмаштирмоқчи бўлганида, унинг талаби рад этилгани ҳақида ёзади.
Мазкур мурожаат туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари иштирокида қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганилди. Натижада истеъмолчининг эътирози ўринли эканлиги асосланди. Жиддий нуқсони бор костюмни алдаб сотган дўкон сотувчисига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг муайян талаблари тушунтирилди ва либос шунга ўхшаш бошқасига алмаштириб берилиши таъминланди.
Расул ШАЙДУЛЛАЕВ,
туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати мутахассиси