Меню
Қашқадарё
“АЛДАМАНГ, ЎҚИМАГАНСИЗ...”
...Бир танишим хонадонида бир уй китоби билан мақтанди. “Ўткан кунлар”ни сўрасам, “йўқ эди”, – деди.
“Бўлмаса, китобинг йўқ экан”, – дедим унга...
Кумушбибининг етти либоси
...Бир гал бир гуруҳ воҳалик ижодкорлар сафида водийга сафар қилганимизда довондан ўтаётиб, кейинроқ Марғилон кўчаларини сайр этаётиб ҳам, ғалати бир ҳисни туйдим: гўё тоғу тошлар орасидаги ёлғиз сўқмоқда изғиринда чакмонига ўралган отлиқ Отабек суюклиси қошига ошиқиб кетаётгандай, атласнинг ватани бўлган кўҳна кент гузарларида Кумушбиби атрининг ифори кезиб юргандек... Завқланиб, ёнимдаги ҳамкасбимга сўз қотдим: “Мошинада шунча овора бўлдик, бу Отабек деганлари шунча тоғу тошни ошиб, Марғилонга отда қатнаганми?”. Ҳамкасбим жилмайиб қўйдию, мезбонлар қошига етганимизда лутф бобида “улоқни илиб кетди”: “Бундай дилкаш ва самимий инсонлар қошида нафақат Отабек сингари уловда, балки, довон оша тиззалаб, эмаклаб келсанг ҳам арзир экан...”. Сўз қудратини қарангки, мезбонлар завқдан қийқириб, ҳамкасбимнинг елкасига тўн ёпишди...
Талабалик йилларимизда университетдаги қаттиққўл домлаларимиздан бири шундай савол бериб қолди: “Ўткан кунлар”да Кумушбиби неча хил либосда намоён бўлади?”. Ва ортидан қўшимча қилди: “Ким биринчи бўлиб топиб келса, “беш” қўяман...”.
Бу “инжиқ” домладан “беш” олиш унча-бунча аълочига насиб этавермайдиган шараф эди. Шу боис кўпчилик дарҳол “Кумушбибининг кўйлаги”ни қидиришга тушди. Менга эса бу топшириқ малол келди. Назаримда домламиз бизни мазах қилаётгандек эди. Ўйладимки, (“шу ҳам иш бўптими йигит бошимга...”), кўйлак қидиришдан нима маъни, бунинг асар моҳиятини англаб етишга қандай дахли бор?
Ва ниҳоят мен ҳам кўп қатори эринибгина романни қайта титкилашга тушдим. Ишонасизми, нақ етти марта ўқибман, денг. Охири “кўйлаклар”ни топдим. Ва Қодирийнинг маҳоратига ҳамда бу синовни ўйлаб топган домламизнинг ақлига тасаннолар айтдим.
Навоий бобомизнинг “Лисон-ут тайр” асарида ўттиз қуш Симурғни излаб йўлга тушадилар. Йўлда қанча-қанча машаққатлар чекадилар. Ва охири манзилга етганларида Симурғ – “ўттиз қуш” – ўзлари эканликларини англаб етадилар. Ўзликни англашдан сабоқ беради бу асар...
Домламизнинг жумбоғини ечишда ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат бор экан. Гап “Кумушбибининг кўйлаги”да эмас, Қодирийнинг маҳоратида экан. “Кўйлак” баҳона асарни қайта-қайта мутолаа қилиш жараёнида унинг янги-янги қирраларини кашф этаркансан киши. Кўпчиликнинг назарида бу китоб Отабек ва Кумушбиби ўртасидаги оташин муҳаббат ҳақида. Аслида эса бу асар ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий воқеалар, миллий озодлик ҳаракати, халқ турмуш тарзи, маиший ҳаёти... сингари бир қанча мавзуларни ўзида мужассам этган экан. “Инжиқ” домламиз эса бизга уни қайта-қайта ўқитиб, бор жозибасини теранроқ ҳис этишимизни истаган экан, холос...
Дарвоқе, “кўйлак”-чи?”, дейсизми? Салгина ҳафсала қилсангиз, уни ўзингиз ҳам топа оласиз. Эслатиб ўтамиз, биз етти ўринда Кумушбибига етти либосда “дуч келдик”. Масалан: “Тўй. Қизлар мажлиси” бобида “оқ шойи рўмол, оқ шоҳи кўйлак, оқ заррин пўстин”...
Кино – кино, китоб – бу КИТОБ!
“Ўткан кунлар”ни ўқиганман”, деб лоф урадиган айрим “китобхон”ларнинг ёлғонини фош этиб, мулзам торттириш учун, менимча, икки оғиз саволнинг ўзи кифоя. Масалан, улардан “Хушрўйбиби ёки “Кўз оғриғи”, “Қовоқ девона” ким?”, – деб сўраб кўринг-чи? Ёхуд “Уста Алим ва Саодатнинг ишқ достони қандай якун топади?”, – денг-а? Аниқ биламан, елка қисиб, ер чизиб қолишлари тайин.
Нега дейсизми?
Чунки “ўқиганман” дегувчиларнинг аксарияти китобни фақат қўлига ушлаб, ҳафсала қилганлари варақлаб кўришган холос. Мен юқоридаги каби саволларни мактаб, коллеж ўқувчиларига, талабаларга, ҳатто айрим адабиёт муаллимларига бериб кўриб, жавоб ололмаганимдан сўнг шу хулосага келдим. Сабаби...
Ҳа, яшанг, топдингиз. Улар... киносини кўришган. “Китобини ўқишим шартми, шу бир хил гап-да?”, – дейишади. Кинода эса Саодат ҳам, Хушрўйбиби ҳам, “Қовоқ девона” ҳам... йўқ.
Нафсиламрини айтганда, асар асосида олинган бадиий фильм (биринчисини назарда тутаяпман) ўта маҳорат билан ишланганини оддий кино мухлисларидан тортиб, манаман деган экспертларгача юрак-юракдан эътироф этишади. Отабек ва Кумуш образлари онгу шууримизга Ўлмас Алихўжаев ва Гулчеҳра Жамилова талқинида сингиб кетган. Ёхуд Зайнаб деганда кўз олдимизга Гулчеҳра Саъдуллаева, Ҳомид деганда эса Ҳамза Умаров келиши ҳам бор гап. Сабаби аниқ – бу санъат усталари ўз образларини маҳорат билан яратишган.
Фильмнинг бу каби муваффақиятларини, кино санъатининг ўрнию аҳамиятини эл қатори тан олган ҳолда бир гапни айтмоқчиман. Кино – кино, китоб – бу КИТОБ! Киночиларимиз маъзур тутишсину, дунёнинг Оскару яна алламбало мукофотлар олган манаман деган режиссёрларию актёрларини йиғиб келинг, китобни асл жозибасию тароватини йўқотмаган ҳолда кино ёки сериал қилиб беришнинг уддасидан чиқиша олмайди. Биргина мисол: Александр Дюманинг “Граф Монте-Кристо”сининг ўнлаб киноталқинлари бор. Бироқ уларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, китобнинг ўзини мутолаа қилишга ҳафсала топинг, шунчалик ҳайрат туясизки, унинг киноталқинидан бу ҳайратнинг юздан бирини тополмайсиз (эсимда, ўт ўчирувчи бўлиб ишлайдиган бир қўшним шу китоб ҳақидаги таассуротларини ўзгача завқ ва ҳаяжон билан сўзлаб берганди).
Сизда ҳам шундай бўлганми – агар аввал киносини кўрмаган бўлсангиз, яхши асар ўқиётиб, унинг қаҳрамонлари сиймосини ўзингизча тасаввур этасиз. Ўзингиз сезмаган ҳолда, билиб-билмай, шу асар асосида тасаввурингиз фазосида ўз фильмингизни яратасиз. Бу фильмнинг “режиссёр”ию “продюсер”и – ўзингиз. Бош қаҳрамонлар “кастинг”ини ҳам ўзингиз ўтказасиз. Истасангиз, Ёдгор Саъдиевни ё Раъно Шодиевани, ҳатто Том Крузни ё Айшвария Райни “ўйнатишингиз” мумкин.
Мана, мутолаа тасаввурингизга қанчалик эркинлик бахш этади (“хаёл қандай яхши, акангга ўхшар...”).
Юсуфбек ҳожининг лутфи
Энди яна “Ўткан кунлар”га қайтсак.
Яқинда ҳамкасбим Мақсуд Ҳамроев (мен бу инсонни адабиёт билимдони, нозиктаъб китобхон сифатида ҳурмат қиламан) бир гапни айтиб қолди:
– Фильмда Юсуфбек ҳожининг машҳур ибораси бор: “Марғилонда шундай келинимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз-да...”. Эътибор берганмисиз, шу ерда жиддий бир хато бор. Қодирий асарда бундай деб ёзмаган. Биз билган Қодирий асло бундай демасди ҳам...
Эсладим. Сўнг асарни топиб, текшириб ҳам кўрдим. Мана, “биз билган Қодирий” Кумушбибининг Тошкентда ҳожи хонадонида кутиб олиниши лавҳаларини қандай тасвирлаган:
“- Қани, бек отаси, кўрманани беринг-чи! – деди Ўзбек ойим Кумушни имлаб.
Кумуш уялиб зўрғағина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди:
- Бизнинг Марғилонда ҳам шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрған эканмиз-да, - деб теварагига қараб кулинди ва қўлини дуоға очди. – Бизни шунчалик сийлаб келибсизлар, бу яхшилиқларингиз биздан қайтмаса, худодан қайтсин. Оллоҳ таоло ёшларға тинч ва баракатлик умр берсин. Илоҳим, тақаббул дуо...
Ҳамма дуоға юз сийпашдилар. Сўнгра Юсуфбек ҳожи Кумуш билан Зайнабка қаради:
- Мен сизларнинг кўришиб турғанларингизни кўриб жуда қувондим, - деди. – Мундан сўнг ҳам шу йўсунда бир-бирларингизга эгачи-сингилдек бўлмоқларингизни тилайман, - деди ва Ўзбек ойимға:
- Қани, меҳмонларни ичкарига олинглар, - деб ўзи ташқариға бурилди”.
Вазиятга бир диққат қилинг-а. Ўзбекона лутф, андиша, муомала, маданиятни ўз хонадонида қатъий низомга айлантирган Юсуфбек ҳожидек одам марғилонлик келинини алқаш учун унга пешвоз чиққанлар сафида ҳамманинг хатти-ҳаракатию гап-сўзини кундошларга хос анчайин кек, гина ва аламзадалик билан синчиклаб кузатиб турган Зайнабнинг дилини оғритишга жазм эта олармиди? Қолаверса, ундан тили қисиқлик жойи ҳам йўқ эмас (бу ёқда ўғли “унинг қаршисида мени жонсиз бир ҳайкал деб билинг”, деб турган бўлса). Шу боис ҳам ҳожи “Марғилонда ҳам...”, дейди. Яъни унинг лутфида “Тошкандда ҳам шундай келинимиз бор...” деган маъно ҳам зоҳир эди. Қаранг, биргина “ҳам...”да қанча мазмун мужассам.
Мана бу – асл ўзбекона лутф, андиша, такаллуф...
* * *
Шубҳасиз, кино – зўр санъат. Бироқ ким нима деса, десину, менимча, барибир КИТОБни кино қилиб бўлмайди. Юқорида айтганимдай, ҳар биримиз мутолаа асносида ўз киномизни яратганимиз маъқул.
Дарвоқе, “киноси”да йўқ минг бир ҳолатдан яна бири. Отабекнинг Тошкентдан уйланганидан Ҳомид қай тариқа хабар топади? Адиб Содиқ Тошкентдан Марғилонга от чоптириб келадию, хожасидан “қайноқ хушхабар”нинг суюнчисини олади, деб битиши, овора бўлиб Қовоқ девонаю Кўз оғриғини жиқиллаштириб ўтирмаслиги ҳам мумкин эди...
Бироқ ўшанда у Мақсуд ака айтганидай “биз билган Қодирий” бўлмасди-да...
Бу ёғи энди бошқа мавзу...
Нуриддин ЭГАМОВ