Меню

Қашқадарё

27.06.2023 7700

Қалблар шукуҳга тўлган мўътабар айём

Қадрият

Мана барчамизга суюкли бўлган Қурбон ҳайитига ҳам етиб келдик. Бугунги кунда бутун дунё мусулмонлари ана шу улуғ байрамни катта шукуҳ ва хурсандчилик билан нишонламоқдалар.

Маълумки, Қурбон ҳайити Иброҳим (а.с.) ҳамда ўғли Исмоил ва хотини Ҳожар онамизнинг нафс истаги, Шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабалари сифатида тарихда қолган.

Қурбон ҳайити кунлари шуни мамнуният билан эслаймизки, мустақиллигимизнинг илк онлариданоқ диёримиз мусулмонларига ўзларининг диний маросимларини тўла адо этишлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилди.

Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини улашишдан иборатдир. Буни қандай амалга оширамиз?

Ҳар бир инсонни, у танишми ёки бегона бўлсин, ҳайит байрами билан самимий қутлайлик, бир-бирларимизнинг кўнглимизни олишга ҳаракат қилайлик.

Ҳайит намозидан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин устозларимизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этсак, уларга қўлимиздан келганича ҳадялар улашсак ва албатта аҳли-аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийласак динимиз кўрсатмаларини мукаммал адо этган инсонлар қаторида бўламиз. Ахир байрам байрамдек бўлиши керак-ку!.

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам "Бева ва мискинга ғамҳўрлик қилувчи - Аллоҳ таоло йўлида курашувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир" деганлар.

Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак.

Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Токи фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий ва диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кунлардир. Бу кунларда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши, шаръан дуруст эмасдир. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.   

Қурбон ҳайитининг номидан маълумки, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин тугайди.

Қурбонликка сўйиладиган ҳайвон мол, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин. Битта мол  ёки туяни етти киши номидан сўйиш шерикларнинг ҳаммаси қурбонлик ва садақани ният қилиш шарти билан жоиз. Бу ҳайвонларнинг эркаги, урғочиси, бичилгани ва бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Булардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди. Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбдор бўлмаслиги керак, қанча соғлом ва кўркам бўлса, шунча савоби кўп бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга Қурбон ҳайитини муборак қилсин! Кейинги йил ҳайит байрамларига ҳам соғлик-саломатлик, хурсандчиликда етишлигимизни Яратган барчаларимизга насиб этсин! 

Раҳматилла УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имоми хатиби

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!