Меню
Қашқадарё
ҚАЛБИДА ҚУЁШ ПОРЛАЁТГАН ИЖОДКОР
Анчадан буён унинг республика ва воҳа матбуотидаги чиқишларини, чоп этилган асарларини кузатиб борар эканман, Лола Ўроқованинг ижоди тобора юксалиб бораётганига амин бўламан. Бу гал ҳам теша тегмаган мавзулар кўлами кенгайибди, салмоқ ортиб, ёзувчининг қалами янада сайқаллашибди.
Тўпламдаги “Орият” қиссасида руҳий хаста Маъқул холанинг ва болаларининг безовталиги, изтироблари шу қадар ёрқин рангларда акс эттирилганки, уни ўқиётиб асар воқеалари кўз ўнгингиздан кино тасмасидек бир-бир ўтади. Фарзандлар - жажжигина Меҳри, қолаверса, Санам, Бодом, Хайрулла, Ғайбиддин ва Шамсиддинларга оналарини маҳалла-кўй масхара қилиши, қўлини бигиз қилиб кўрсатиши ёқмайди. Навбатдаги жанжалларнинг бирида анча улғайиб қолган Шамсиддин уйига норизо кирган қўшниларини ҳайдаб чиқаради, онаси қўлидан қўймай чалаётган доирани тортиб олиб, синдириб ташлайди, туққанини калтаклайди. Оила бошига тушган кулфат ўзини ўзи таний бошлаган болалар руҳиятига жуда оғир, ўнглаб бўлмас таъсир кўрсатади.
Ёзувчи қалби ўртаганидек, “болаларнинг отаси ўлган, ёлғиз амакилари ўз ташвишига кўмилиб кетиб, жинни янгаси ва жиянларини унутган, она томонидан бирор ичкуяр йўқлигидан оиланинг тўнғич фарзанди ўн тўрт ёшли Шамсиддин кимга суянишни билмай қолган ва эсини таниган сайин орияти юрагига тикан бўлиб қадалаётган эди”.
Онасининг бу аҳволидан хафа бўлиб юрган йигит кутилмаганда синфдоши Лобарни қаттиқ севиб қолади. Бироқ қизга ёзган тўрт қаторлик хати синфдошлари орасида кулги-масхара бўлади. Онаси жиннилигини унинг юзига солишиб, пичинг-маломат қилишлари юрагига ханжардек ботади, ўксинади. Барча кўргуликларга бош сабабчи деб онасини билади ва Қулмат амакисиникига қочиб кетади. Кейинроқ фармацевтика техникумига ўқишга киради.
Синглиси Бодомда ҳам ўзгаришлар бошланди, ҳаддини унутди, қўлини совуқ сувга урмас, ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб улғайди, техникумга ўқишга кирди. Бу орада Шамсиддинни уйлантирадиган бўлишди. Уларга доим хайрихоҳ қўшни Малика момо совчиликка бел боғлади. Бироқ ҳеч ким жиннининг ўғлига қизини бермади. Амакиси келинни ўз уйига тушириш шарти билан қудаларни бир амаллаб кўндирди. Аммо Шамсиддин тўйга онаси келишини истамасди. Қайнотаси берган уйига ичкуёв бўлиб чиқиб кетди. Бодомни эрга бериш учун рўзғорга оқлик бағишлаб турган сигирни ҳам сотишди. Она шўрлик бу тўйда ҳам қатнаша олмади.
Жўжабирдай ука-сингиллар ғами шу жинни онанинг гарданида бўлиб, яна сигир сотиб олиш ниятида икки йил пул йиғишди. Бироқ Шамсиддин бу пулга мотоцикл сотиб олди.
Яна бир ўғил Ғайбиддин ҳам Тошкентдаги техникумга кетганича қорасини кўрсатмайди, уни тугатиб ўша ердан қиз топиб, уйланиб олади. У уялганидан ҳатто хотинига “онам ўлган”, деб айтади. Армияга бориб келган Хайрулла эса умидини ушалтирди, уйига келин олиб келди, Маъқул холани шод қилди. Бироқ кейинроқ рўзғор ташвишларига ўралашиб, онасига умуман эътиборсиз бўлиб қолди.
Ўғиллар онабезори бўлиб ўсишди. Фақат кенжа қизи Меҳри онасига энг оқибатли ва раҳмдил эди. У минг азоб ва машаққатлар ичида тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди. Онага ҳеч ким бера олмаган эҳтиромни кўрсатди. Ҳатто кўркам ва чиройли уй ҳам солиб берди. Она ишемик инсультни бошидан ўтказгач, эски дарди ариб, ақли жойига тушади. Меҳри янги уй солади. Онасининг сўнгги кунигача унга қарайди. Оила орияти, шаъни ва қадрини баланд кўтариб, эл орасида обрў қозонади. У акалари каби муаммодан қочиш орқали ўз ҳаловатини кўзламайди, аксинча унга қўрқмай ва дадил пешвоз чиқади ҳамда уни бартараф эта олади.
Жинни бўлса ҳам она она-да. Оқибатсиз болалар ундаги чексиз меҳрни тушуна олишмайди. Муаллиф асар давомида бир саволга тинимсиз жавоб излайди: бу ҳаётда аслида жинни ким? Худо дард берган онами ёки яшамоқнинг чин маъносини тушуна олмай, дунёдаги энг азиз инсон – муҳтарама онани улуғламаган болалар? Асарда тобора ялқов ва худбин бўлиб бораётган келинлар, бағритош ва ғурурсиз ўғиллар, енгилтабиат ёшлар, ҳурматини билмаган кимсалар жиддий танқид қилинади.
Она-бола, ака-ука, опа-сингил, ака-сингил, опа-ука ўртасидаги кўп томонлама муносабатларда меҳр туйғуси тақчиллашиб бораётганига ишора берилади, жигарбандлар бир-бирига оқибатлироқ бўлишга чақирилади.
Муаллиф Меҳри образида замонавий қаҳрамоннинг ёрқин қиёфасини гавдалантира олган, дейиш мумкин. Умид, илинж, кураш, муҳаббат ва интилиш... Шифокор қиз ёшларимизга, оилаларимизда улғаяётган фарзандларимизга том маънодаги йўлчи юлдуз бўла олади.
“Икки дунё оралиғи” қиссасида ўн йилдан буён Олтой ўлкасида ишлаб келаётган Ҳаётнинг тиббий анализлардан кейин даъвосиз дардга - ОИТСга чалингани аён бўлади. Овсинлар жанжали деб укаси Дилшод билан яхши-ёмон бўлган, хайҳотдек уйдан бир хонали “дом”га кўчиб чиққан, отасини кўргани бирор маротаба бормаган, хотинининг гапига кириб, осон пул топиш мақсадида хорижга кетган Ҳаётнинг эси шундан сўнг жойига тушди... Аслида унинг автокорхонада иши яхши бўлиб бораётган эди. Бироқ хотинининг моддий бойликка ўчлиги, ичи торлиги, сабр-тоқатсизлиги, ўзининг эса янги иморатга тезроқ етишиш иштиёқи уни корхонадан бўшаб, чет элда ишлашга ундайди. Ишлари юришиб, пули кўпайгач, данғиллама уй солади, машина олади, кўзини шира қоплайди. Кўчиб кетганидан буён фақат отасининг таъзиясини ўтказиш учунгина болалик ҳовлисига келади.
Касалликка чалингани маълум бўлгач, хаёли жойига келди. Отаси қабрига келиб унинг тириклигида ўжарлик қилиб, меҳр кўрсата олмаганидан афсусланади, ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Аҳмоқ хотинини тартибга чақирмай, жуда эркалатиб юборганига минг пушаймон ейди. Лекин энди надоматдан фойда йўқ. Умри адоғида у ота ҳовлисига қадам қўяркан, барчадан кечирим сўрайди, укасининг ўзига меҳри зиёда эканини ҳис қилади, тадбиркорлигини кўриб, ўлса, болалари кўчада қолмаслигига иқрор бўлади.
Муаллиф асарда туғишганлар ва қариндош-уруғлар, инсонлар ўртасида умуман кек ва гинага ўрин йўқлигини уқтиришга ҳаракат қилади. Токи, ҳаёт шароби тугаб қолганда руҳ енгил чиқиши учун барча адоватларни унутиб, унга хотиржамлик ва саодат бериш керак экан.
“Она” ҳикоясида Ҳожар аянинг етмишга кирса ҳам куйдижонлиги, бола-чақа, бутун хаёли невара-эваралар ташвиши билан бандлиги, бироқ икки келинидан асло ёлчимагани қаламга олинади. “Қизиқ, инсон бир дунё орзу-ниятлар билан баумид фарзанд ўстиради, бир парча этни одам қилгунича султон суяги сув бўлиб, она сути оғзига келади-ю, катта бўлганидан кейин ҳадди сиғмай, мурвати хотинининг қўлига ўтиб қоларкан”, деб ўйлайди Ҳожар ая.
Бир ўғли Нурмат Россияга ишлашга кетди. Бой-бадавлат яна бир ўғли ота-онасига ёрдам бериш ўрнига мингта ёлғон баҳона билан алдайди. Банкдан катта қарз олиб тўйхона қураётганидан, дўконидаги савдо ҳам юришмаётганидан нолиб, она юрагини хуфтон қилади.
Онаси тириклигида қайишмаган бола волидасининг еттиси, қирқида қўй сўйиб, элга ош беради, қабрига қора мармартош қўяди.
Тўпламдаги “Қалб кўзи”, “Ўғил бола”, “Бешинчи фарзанд” ҳикояларида ҳам шундай ҳаётий воқеалар ҳақида сўз юритилган ва уларда ҳаётнинг ҳеч ким пайқамаган қирралари теран очиб берилган, ўқувчига бадиий мукаммал тарзда етказилган.
Тўпламдаги асарлар қаҳрамонларининг ички руҳий-психологик мураккабликларини моҳирона очиб берилиши, сюжет қурилиши ва шиддати Лола Ўроқованинг ижоддаги муваффақиятини яна бир бор тасдиқлайди. Адиба ҳеч бир сўзни мажбуран ёки ясама ёзмайди. Барча ҳодисалар табиий йўсинда юз беради ва улар орамиздаги оддий одамларнинг ҳаёт лавҳаларидир. Ёзувчи фоний дунё ўткинчилиги, бир-биримиздан ҳамиша кўнгил сўраш зарурлиги ҳақида бонг уради. Шу боис тўпламдаги асарларни ўқиган ҳар қандай юраги бақувват китобхоннинг ҳам кўзларига беихтиёр ёш келади.
Лола опанинг бирор асарини бошлаб қўйиб, кейин охирига етказолмай қийналган жойим бўлмайди. У ўзига оҳанрабодек тортиб, ўз таъсирига олади ва ҳар қандай ишни бир четга суриб, ўқиб тугатаман. Сатрлар сатрларга, тақдирлар тақдирларга, инсонларнинг турфа характерлари, воқеалар ривожи бир-бирига узвий-равон уланиб, китоби бирпасда тугаб қолаверади.
Назаримда, миқтигина ва камтарин бу аёлнинг мисралари қалбида жо бўлган улкан қуёш нурларидан таралиб, сўнг виждони синтезидан ўтиб, қаламга кўчади. Адабиёт ва тилшунослик олий масканларида таҳсил олаётган талабалар ҳам унинг ижоди бўйича таҳлилий изланишлар қилиши мақсадга мувофиқ кўринади.
Бир муддат олдин муаллифнинг “Ҳассага таянган бир кун” номли китобини ҳам катта қизиқиш билан мутолаа этган эдик. Аввалроқ эса “Онамнинг дунёси”, “Дунёнинг қуёши аёл”, “Оқаётган дарё” ва “Томчидаги ҳаёт” каби ўнга яқин асарлари билан танишгандик. Янги китоб давлат ва жамоат юмушларидан, оила ташвишларидан ортиб, ижод оламида тобора баркамол яшнаётган Лола опа сермаҳсул қаламкаш эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Лазиз РАҲМАТОВ