Меню

Қашқадарё

13.10.2022 2877

ҚАЛБИ ТОЗА ИНСОН

Тўйхат ўрнида

Одам ҳар қандай касбда ишламасин, ижодга ошно, адабиёт ва тарихдан хабардор бўлса, мулоҳазакор, мантиқ ва оқибатни ҳис қила оладиган, мулоқоти гўзал, дунёқараши кенг бўлади. Бугун 60 ёшга тўлган Абдушукур Омонов ҳақида гапириш асносида дастлаб ана шу нисбат қуйилиб келди.

У кишининг асли мутахассислиги ҳуқуқшунос. Фаолияти давомида прокуратура, маҳаллий бошқарув идораларида турли лавозимларда ишлаган, вакиллик органларига сайланган. Хусусан, 2009-2016 йилларда Деҳқонобод тумани ҳокими вазифасида самарали фаолият кўрсатган Абдушукур Омонов 2018 йилдан 2020 йилгача Президентнинг Халқ қабулхонаси мудири, кейин вилоят ҳокимлиги юридик хизмати бошлиғи лавозимларида ишлади. Охирги икки йилни эса ўзи туғилиб ўсган Китоб туманида ўтказаяпти - маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.

Биз Абдушукур акани "Qashqadaryo" газетасининг фаол жамоатчи ҳамкори, ижодкор сифатида яхши биламиз, нашримизда адабиётга, тарихга оид ва ҳуқуқий мавзулардаги юзлаб мақолалари чоп этилган. Яна, у киши "Бадиият ҳақиқатлари"; "Оқ қоғоз ва қора нуқта...", "Аждодлар Бизлар Авлодлар" номли китоблар ва "Ҳаёт кузатувларидан қайдлар"  рукнидаги йигирма еттита рисола муаллифи ҳамдир.

Эътиборли жиҳати шундаки, Абдушукур Омонов ижодни, мутолаани асосий меҳнат фаолияти билан ёнма-ён тортишни уддалай олган зиёли инсон, суҳбатларида маъно-мантиқ, мулоҳазасида асос, муомаласида маданият шундоқ кўриниб туради. Энг муҳими, ўзида инсонийликни мужассам эта олган тоза қалб эгаси. 

Ана шундай файзли инсоннинг ҳаётидаги бугунги юбилей сана - 60 ёшга тўлиши муносабати билан табриклаймиз!

Таҳририятдан

Ҳануз ёдимда, ишдан бўшаган пайтларим - 2009 йилнинг март ойида Абдушукур Омонов Деҳқонобод туманига ҳоким бўлиб келди. Янги раҳбар мени  чақиртирибди, ҳузурига кирдим. Ҳол-аҳвол сўрашдик...

- Абдуқаюм ака, мен сизни илгаридан биламан, - деди ҳоким. - Матбуотда чоп этилган ҳикояларингиз, мақолаларингизни ўқиганман, қолаверса, сизни яхши инсон, билимли ва тажрибали мутахассис деб эшитганман. Бир учрашиб, яйраб суҳбат қилишни кўнглимга тугиб юргандим. Мана, тақдирнинг тақозоси билан учрашиб ҳам турибмиз.

Самимият учун у кишига миннатдорлик билдирдим.

Сўнгра Абдушукур Омонов дабдурустдан: "Ўзи сизни нима учун ишдан бўшатишганди?" дея савол бериб қолди.

- Билмадим, илгариги раҳбар билан ҳам муносабатимиз яхши эди, - деб қўя қолдим гапни қисқа қилиб.

 - Майли, хафа бўлманг. Лекин, биласизми, мен сиз билан ишлашни хоҳлайман, - деди янги ҳоким.

 Мен табассум билан жавоб қилдим:

- Абдушукур ака, бу идорада кўп ишлаб юбордим, ками қолмади. Энди бирор ташкилотдан ойлиги яхшироқ оддийгина ходимлик бўлса ҳам бўлаверади, - дедим бошимни қуйи солиб.

- Йўқ! - деди Абдушукур Омонов, - Мен сиз билан ишламоқчиман!

Индамадим, Абдушукур ака менга қўлини чўзди:

- Демак, келишдик-а? Бирга ишлаймиз!

Қўл ташлашдик. Ҳоким ўрнидан туриб, жавондан кичкина бир китобчани олдида дастхат ёзди ва менга узатди. Бу Абдушукур Омоновнинг "Ҳаёт кузатувларидан қайдлар"и эди.

Мен ҳам Абдушукур акани вилоят ҳокимлигида масъул вазифада хизмат қилиб юрган давридан буён билардим. Кўп ўтмай у киши билан бирга ишлай бошладим.

Абдушукур Омонов раҳбар бўлган йилларда туманда қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Майли, мен уларни бирма-бир санаб ўтирмайман. Қисқа қилиб, у киши ҳудуд тараққиёти учун виждонан меҳнат қилганини айтишнинг ўзи етарли бўлади. 

Мен Абдушукур аканинг инсоний фазилатлари ҳақида гапирмоқчиман. У киши аввало, инсонни инсон сифатида қадрлай олади, унинг дарду ташвишларига шерик бўла олади. Барча билан хушмуомалада бўлиш фазилатига эга. Ўзгани фикрини бўлмасдан жим эшитади, кейин эса ўзининг нуқтаи назарини баён этади.

Абдушукур Омонов табиатан истарали, хушчақчақ инсон. Хафа бўлишни билмайди. Бордию бировни ранжитган бўлса, қандай бўлмасин унинг кўнглини ололади. Ишёқмаслар, лаганбардорлар, хушомадгўйлару чақимчиларни жини суймайди.

Ишлаган ходимни яхши кўради, ҳурматини жойига қўя олади. Қилинган меҳнатни эътироф этиш одатини Абдушукур акада кўп бора кузатганман. Бинобарин, баъзи раҳбарлар ишлаган ходимни атиги оғизда рағбатлантириб қўйиш у ёқда турсин, асабларини эговлаганини ҳам биламиз. Абдушукур акада эса ундай эмас. У киши шахсан ходимнинг ўзига "Борингизга шукур!", "Яшанг, агар сиз бўлмаганингизда..." дегани, ҳатто бир неча бор катта йиғилишларда ибрат сифатида эътироф этгани ҳам хотирамда турибди.

2015 йили турмуш ўртоғим вилоят шифохонасида даволанаяпти. Мен ҳам унинг ёнидаман. Меҳнат таътилим унинг билан бирга ўтди. Таътил тугагач, Абдушукур акага қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим. Гап орасида бир-икки кунда ишга чиқишимни  айтдим.

Абдушукур ака эса кескин оҳангда:

- Йўқ-йўқ, қатъиян ишга бориб ўтирманг, биринчи галда соғлик керак. Янгани соғайтириб олинг. Шундан бошқаси бекор! Иш бўлса ўз йўлига, иш қочмайди! Қандай муаммо бор? Ёрдам керак бўлса, айтинг, - деди.

Ўшанда бу суҳбат мазмунини турмуш ўртоғимга сўзлаб бердим, у ниҳоят даражада суюниб кетди.

- Ҳа-аа, - деди у бош ирғаб, - давлат қандай одамларни раҳбар қилиб қўйишни жуда яхши билади. Шунинг учун ҳар ким ҳам раҳбар бўлавермайди!..

Мен роса тўлқинланиб кетдим.  Инсоннинг қалби шундайки, унга ҳеч бир нарсани мажбуран ёки сунъий равишда тиқиштириб бўлмайди. Воқеа-ҳодисаларми, вафо-садоқатми, меҳр-оқибат ё оқибатсизликми, ширин ёки аччиқ гап-сўзлар бўладими, элакдан ўтгандек сизиб, ўз ҳолича юрак тубидан жой олади.

Абдушукур Омонов кўп йиллар раҳбарлик лавозимида ишлаб, унинг "тузи"ни тотиб кўрган. Дарҳақиқат, раҳбарликнинг "юки" залворли, ташвиши бисёр. Раҳбарлик - бу том маънода ҳузур-ҳаловатдан кечиш, фидойилик, заҳмат, ўз дардини унутиб, юрт ва халқ  ташвиши билан яшаш,  бошқача  айтганда, ўзини ва ўзлигини Ватан ва халққа бахшида этиш демакдир. Абдушукур ака бу ҳақиқатни теран англаган.

У кишининг яна бир ажойиб хислати бор - иқтидорли ижод соҳиби.  Абдушукур ака кўп йиллардан буён адабиётнинг мушоҳадага бой, кичик ва лўнда жанри бўлган битиклар ижод қилиш билан шуғулланиб келади. Қалбида нимаики бор бўлса, бари-барисини оқ қоғозга тўкиб ташлайди. Зеро, муаллиф битиклар ёзишнинг анчайин ҳадисини олган ва бу соҳада катта ҳаётий тажриба ва билимга эгадир.

Бу битиклар жамланган китобларни наридан-бери ёхуд беэътибор ўқиб бўлмайди. Негаки, улар сира меъдангизга тегмайди. Ҳар бир битикни ўқигач, ундаги бир дунё маънони уқиб, фикрларимиз янада теранлашиб бораверади. Битиклар ўқувчини бир дам бўлсада, ўйга толдиради, инсоний фазилатлар тўғрисида фикрлашга даъват этади. Ахир китобнинг жозиба кучи ва қадр-қиммати ҳам ана шунда эмасми?!

Абдушукур Омоновнинг китобларини мутолаа қилиб, бир нарсага амин бўлганман. Битиклар қай тартибда ёзилишидан, ундаги ғоя қандай бўлишидан қатъий назар,  барчасининг замирида аввало табиатнинг буюк ва бемисл хилқати ҳисобланмиш ҳазрати Инсон кечмиши, унинг ўй-хаёллари ва орзу-армонлари ётади. Биргина мисол, биз, катта ёшлилар кўп нарсаларни болалардан ўргансак, керак бўлса, фикрларимиз болаларникидек беғубор, қалбларимиз гўдакларникидек мусаффо бўлса деймиз. Абдушукур ака лўнда қилиб,   "Ростгўйликни катталар болалардан ўрганиши керак",  дейди.

Бир куни хонамда ишлаб ўтирсам, эшикни қия очиб, саксон ёшлардаги бир мўйсафид киришга изн сўради. Ўрнимдан туриб, отахонга мулозамат кўрсатдим. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Тоғли қишлоқдан экан.

- Абдушукур Омоновни ахтариб келгандим. Қишлоқларга чиқиб кетибди, - деди қария афсуслангандек.

Мен фуқаро ҳокимга бирон арз билан келган бўлса керак, деб ўйладим. Отахон менинг фикримни уқиб олгандек кулимсирадида, қўйнидан шапалоқдек бир китобчани чиқарди. Кўп мутолаа қилинаверганидан титилиб, адолар бўлиб қолган. Бу Абдушукур Омоновнинг "Ҳаёт кузатувларидан қайдлар"и эди.

- Бу китобдаги ҳар бир битикда бир дунё маъно-мазмун бор,  - дея рисолани қўлида ушлаб гапира кетди, меҳмон. - Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам қайта-қайта ўқийман. Ҳар ўқиганимда ҳар қайсисидан янгича мазмун топаман. Туман марказига йўлим тушиб, бундай ўқишли китоб учун муаллифга миннатдорлик билдирай деб келгандим. Бахтга қарши учратолмадим!

Қаранг, биз одамлар китоб ўқимай қўйишди, деймиз. Одамлар китоб ўқишар экан-ку! Қариянинг китобга бўлган чексиз ҳурматидан кўнглим эриб кетди. Шартта шкафдан Абдушукур Омоновнинг битиклари жамланган, ўзим учун тақдим этилган бошқа бир китобини ва маънавиятга доир икки-учта китобни олдимда, отахонга узатдим. Отахон мамнун бўлганича хонамдан чиқиб кетди.

Хуллас, айтаверсак, айтиладиган бундай гаплар кўп...

Қалб поклиги, кўнгил гўзаллиги - ҳар бир инсоннинг толеидир.  Абдушукур ака ҳам ўзининг бир битигида "Қалби тоза инсон энг гўзал ва бахтли инсондир", дейди. Ҳақиқатан ҳам пурмаъно сатрлар. Бу фикрни Абдушукур Омоновнинг ўзига ҳам нисбат берса бўлади. Зотан, юраклари  қоп-қора қурум босган, ҳасад, фисқу фужур билан тўлиб-тошган, қўйиб берса, дунёни бузғувчи каслардан  Яратган эгамнинг ўзи асрасин!

Абдуқаюм  БЕККАМОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!