Меню

Қашқадарё

26.10.2021 1839

ҚАЛБ ЭРКИНЛИГИ ДУНЁДАГИ БАРЧА НАРСАДАН УСТУНДИР

Сараланган сатрлар

Агар сизда чет элга бориш, турфа давлатларни кезишга моддий имконият ҳаминқадарроқ бўлса, бу борада китобдан афзалроқ, беминнат восита йўқ: дунё адабиётининг сара намуналаридан бирини қўлга олинг ва воқеалар юз бераётган мамлакатнинг кечаги куни, бугуни, одамларининг орзу-ўйлари, ташвишлари, маслагу мақсадларидан бохабар бўлинг.

Тўғри, доим ҳам бу кўҳна очун қандай экан ўзи, деган мақсадда қўлга китоб олмайди киши. Бироқ баъзан айрим китобларни муаллиф мансуб юрт адабиёти қандайлигини билиш мақсадида варақлаб кўрасиз. Дейлик, Малайзия, замонавий корейс адабиёти намуналарини айни шу мақсадда ўқиганим бор гап.

Бинобарин, яқинда португалиялик ёзувчи Камило Кастело Бранконинг "Хазон бўлган муҳаббат" романи эътиборимни тортди.

Гапнинг рости, Португалия адабиётидан Фернандо Пессоа, Жозе Сарамаго, Эса де Кейрош, Жил Висенте каби ижодкорларни эшитгандиму, айнан бировини тўкис-тугал ўқимаган эканман.

Камило Кастело Бранко 1825-1890 йилларда яшаган, дастлаб журналистика соҳасида фаолият юритган. Адабиётдаги хизматлари учун юртининг энг олий "Роза" ордени билан мукофотланган. "Лиссабон сирлари", "Аёллар нима билан шуғулланяптилар", "Базилио Фернандес ҳангомалари", "Халоскор муҳаббат", "Мутаассиб аёл" каби романлари катта шуҳрат қозонган.

Ижодининг чўққиси саналадиган "Хазон бўлган муҳаббат" романи 1881 йилда ёзилган бўлиб, Шекспирнинг "Ромео ва Жульетта"сига, ўзимизнинг "Лайли ва Мажнун", "Фарҳод ва Ширин" каби ишқ достонларига ўхшаб кетади. Сюжет оддий: икки ёш бир-бирини яхши кўради, азалий душман саналган ота-оналар эса уларнинг ўзаро кўнгил қўйишига қарши. Шу сабаб беғубор севги бевақт завол топади...

Агар биз сўз юритмоқчи бўлган асар моҳияти фақат шундангина иборат бўлганида, қоғоз қоралаб, сизнинг ҳам вақтингизни олмаган бўлардик. Биласиз, ижодда ҳамма гап нимани қандай тасвирлашда!

Воқеалар тилга олинган даврдаги черков мутаассиблиги, суд тизимининг бойлар қўлида ўйинчоқ экани Португалиянинг икки аср илгариги кечмишидан дарак беради. Ёшларнинг муҳаббат тарихини ўқиркансиз, беихтиёр бугун ҳам шундай юксак севги бормикан, деб ўйлаб қоласан киши. Сабаби, глобаллашув, "оммавий маданият" каби омиллар сабаб юксак инсоний туйғуларга путур етиб бораётгандек, кўп қадриятларга дарз етган гўё. Ҳозирги "муҳаббат"лар кўпроқ манфаат, бойлик асосига қурилаётганидан эса кўз юмиб бўлмайди. Аслида эса, мумтоз шоирамиз Нодирабегим айтганидек, "Муҳаббатсиз киши одам эмасдир, гар одамсан, муҳаббат ихтиёр эт".

Шундай экан, қалбнинг нозик торларини чертадиган асар мутолаасидан кечикманг. Яна бир жиҳати, китоб воқеалари ўйлаб топилмаган, балки муаллиф ўз амакиси бошидан кечирган ҳодисаларни қаламга олгани ойдинлашади, навқирон чоғда завол топган умр қиссаси ҳар қандай киши кўнглини маҳзунликка чулғайди.

* * *

Бир деҳқон судьяга бузоқ ҳадя этибди. Шунда судья бузоқ онасидан ажралиб қолмасин, деб сигирни ҳам қўшиб олган экан.

* * *

Шоирларнинг айтишича, ўн беш ёшли қизнинг муҳаббати, бу - таҳликали, енгилмас эҳтиросдир. Насрда ижод этувчилар ҳам шундай фикрдалар. Лекин уларнинг фикри хато бўлса-чи! Ўн беш ёшдаги муҳаббат бор-йўғи бир ўйин; бу қўғирчоқларга бўлган сўнгги муҳаббатдир; бу полапоннинг илк бор ташқарига учиб чиқиши ва қўшни дарахтда ўтириб сайраётган онасига интиқ тикилишига ўхшаш бир ҳодисадир.

* * *

Истиснолар ҳамма вақт энг доно мутафаккирларга ҳам хоҳ у назарияда, хоҳ амалиётда бўлсин, панд бериб келган.

* * *

Муҳаббатдаги барқарорлик қалбга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра пайдо бўлади.

* * *

Роман қаҳрамони ҳеч қачон ўртамиёна аёл бўлмаган, мен ҳикоя қилаётган аёл эса ўзига хос сиймога эга бўлиб, бошига тушган бахтсизликлар унинг шу қадар машҳур бўлиб кетиши учун етарлидир.

* * *

Бир ишни бошладингми, охирига етказ. Ишни ҳамиша ниҳоясига етказмоқ даркор. Бўлмаса, бошлашнинг ҳожати йўқ.

* * *

Қани энди, художўй бўлганингиздек, ҳаё қилсангиз ҳам эди, сиз кутаётган тақдирдан кўра, анча бахтлироқ бўлар эдингиз.

* * *

Қалб эркинлиги дунёдаги барча нарсадан устундир.

* * *

Бахтсизлар ҳаммадан ҳам кўра муҳаббатга ва бир-бирларини қўллаб-қувватлашга муҳтождирлар.

* * *

Ҳеч кимсага жавобсиз қолган муҳаббати оғир ботмаган. Энг оғир кунларида, юрак уришининг сўнгги дақиқаларию, ҳаётининг охирги сонияларида ҳам шундай муҳаббат ҳақидаги ўй-хаёллар, қайғу-аламларни унута олмайдиган ва унинг ёрдамида тугаб бораётган ҳаётини узайтиролмайдиган кишига хурсандчилик бахш этади. Инсоний мағрурликми ёки бошқа бирон нарсами, аммо бизга ҳадя этиладиган муҳаббат кўз ўнгимизда бизни улуғлаб юксакларга кўтаради.

* * *

Табиат - бу осмондаги, ердаги ва сувдаги муттасил гўзаллик саналади. Инсон ҳақида гап кетганда, гарчи у бутун жонзотнинг якка, онгли аъзоси деб қабул қилинган бўлса-да, у бу олам ичра яшайди ва вақти келиб ўлим топади.

* * *

Ҳурмати баланд одамларга савол берилмайди.

* * *

Шундай мақол бор, уни эшитгандирсиз: "Агар отинг бетоб бўлиб қолса, ўзинг ҳам табибга айланасан".

* * *

Қадимгилар шундай деганлар: олдга юрсанг ҳам, ортга юрсанг ҳам, барибир чарчайсан.

* * *

Ранж-алам учун ўч олмай яшаш бу - олов ичида яшамоқдир.

* * *

Қалби тинч инсон осон ўлим топади, дейишади.

* * *

Ҳатто ўлимдан ҳам кучли азоб-уқубатлар бор.

* * *

Қалб севиши ва тақдир ўйинларига дош бериши учун у кучли ҳамда дадил бўлмоғи лозим, дадилликни унга тўлақонли ҳаёт бағишловчи, уни мустаҳкамловчи жўшқинлик, умид, хурсандчилик, шодлик ато этади.

* * *

Юрак вужуднинг уриб турувчи бир бўлаги, холос, ўзини табиат билан яхлит ҳолда ҳис этадиган руҳиятдаги исён сабабли, биринчи бўлиб жон беради. У табиатга чанқоқлигини ҳис этиб, у томон талпинади. Хаёлидаги роҳат-фароғат томон етакловчи муҳаббат эса асло тасалли бера олмайди.

* * *

...у нафақат муҳаббатга, балки шон-шуҳратга, обрў-эътиборли бўлишга ва одамлар орасида абадий донг таратишга интиларди, бундай интилишлар эса қалби кенг инсонларга, даҳоларга хос. Улар ўлимларидан   кейин ҳам абадий яшаб, келажак авлоднинг тилларида достон бўлишади.

* * *

"Ватаним ҳар қадамда қурилган дорга ўхшайди. Менинг тилимдан сўзловчи ҳар бир кишининг оғзидан жаллодлар каби фақат ҳақорат сўзларини эшитишга тайёр тураман! Португалияда мен на озодликка, на бахт-саодатга эриша оламан".

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!