Меню

Қашқадарё

08.09.2016 2227

АЛАНГА ЧАҚИРУВЧИ “ЙИҒЛАГАН БОЛА”

Мазкур сирли воқеа италиялик машҳур рассом Бруно Амадио (1911-1981) нинг ижод намунаси - “Йиғлаган бола” сурати билан боғлиқ. Бу рассом Жованни Браголин тахаллуси остида ижод қилган ва катта шуҳрат қозонган. У ўз ижодида ёш болалар мавзусига кўп мурожаат қилган, суратларининг ҳар бирида йиғлаб турган болалар тасвирланган. Унинг ижоди ва  фаолияти билан яқиндан таниш бўлганларнинг айтишича, рассом тасвирлаган ғамгин юзлар уруш даврида ёниб кул бўлган меҳрибонлик уйидаги болаларга тегишли.

Жованни Браголиннинг бу мавзудаги ижод намуналари санъат  дарғалари ва ихлосмандларига жуда манзур бўлади. Рассом бундан илҳомланиб, ғамгин ва йиғлаган болалар тасвирланган суратлар сонини 65 тага етказади. Шундан сўнг бу асарлардан репродукция (фотография, клише ва шу кабилар ёрдамида суратлардан нусха олиб кўпайтириш; босма йўл билан олинган сурат; эсда қолган нарсани тасвирлаш; тиклаш) ҳолида нусхалар тайёрланади ва бутун дунё бўйлаб сотувга чиқарилади. Энди  рассом асарлари ортидан келган пуллар эвазига Венецияда хотиржам яшаши мумкин эди, йиғлаган болаларнинг сиймоси туширилган суратлар эса минглаб хонадонлардан жой эгаллаганди. Барчаси кўнгилдагидек эди, бироқ 1985 йилнинг ёзида Буюк Британияда сирли ва ғалати воқеалар содир бўла бошлади.

Гап шундаки, Англиянинг шимолий қисмидаги Жанубий Йоркшир графлигида ажойиб жуфтлик - Рона ва Мэй Халлоуи тинч-тотувликда яшарди. 1985 йилнинг июнь ойи бошларида кутилмаганда уларнинг уйида ёнғин чиқади. Барча нарса аланга ичида қолади, ҳатто том ўпирилиб тушади. Фақатгина уй деворлари қолади. Улардан бирида “Йиғлаган бола” суратининг нусхаси мутлақо шикаст етмаган ҳолда осилиб турар, ҳатто унинг четларини қурум босмаганди. Уй эгалари бу суратни 1972 йили Италияда сотиб олишганди.

Кучли ёнғин оила аъзоларидан ҳеч бирининг ҳаётига жиддий хавф етказмади. Кулга айланган уй-жой, иморат ва мол-мулклар эса суғурта қилинганди. Бироқ ёнғиндан харобага айланган уйда биргина суратнинг безиён қолиши кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлади. Бироз вақтдан сўнг Ротерем шаҳрида яна бир нечта ёнғин содир бўлади. Барча ҳолатда одамларнинг турар жойлари бутунлай кулга айланади. Уларнинг ўхшаш жиҳати шунда эдики, ёнғин содир бўлган хонадонларда бахти қаро ҳамда аламли кўз ёш тўкаётган бола тасвирланган суратлар бус-бутун ҳолида сақланиб қолади.

Ўт ўчирувчи Питер Халл мазкур сирли ва ғайритабиий ҳодисани ўз кўзи билан кўради ва бу ҳақда ён-атрофидагиларга айтиб беради. Унинг сўзларини яна бир ўт ўчирувчи Алан Уилкинсон ҳам тасдиқлайди. Ўз навбатида ўт ўчирувчиларнинг бу баёноти “The Sun” газетаси мухбирларининг қизиқишига сабаб бўлади. Таъкидлаш жоиз, ўша вақтда мазкур газетанинг ҳар кунги адади 2 миллион 800 минг нусхада чоп этиларди.

Газета бош муҳаррири Кельвин Маккензи содир бўлиши мумкин бўлган оламшумул шов-шувни олдиндан ҳис қилади ва “Йиғлаган бола” сурати нусхалари билан кечаётган сирли ҳодисаларни батафсил ўрганишга қарор қилади. Унинг топшириғи билан журналистлар Шимолий Англиянинг бир қатор шаҳарларида бўлишиб, мавжуд вазиятни, яъни икки ой давомида тўхтовсиз равишда бир-бирига ўхшаш ёнғинлар кузатилаётганини аниқлашади. Ўз ўрнида мазкур фалокатлар суғурта компанияларини жиддий ташвишга солади, негаки, ёнғиндан зарар кўрганларга катта миқдорда маблағ тўлашга тўғри келаётганди.

Бу ёнғин ҳодисаларида доим бир хил манзара такрорланаверди: харобага айланган барча уйларда “Йиғлаган бола”нинг сурати топиларди. Қизиғи, бундан  бошқа суратлар уйларга ҳеч қандай зарар келтирмасди. Натижада Англия аҳолиси ниҳоятда ҳайратланарли мистик воқеага дуч келди, деган миш-миш тарқалади. 

1985 йилнинг 4 сентябрида “The Sun” газетасининг навбатдаги тонгги нашри чиқади. Биринчи саҳифани “Йиғлаган бола қарғиши” сарлавҳали мақола безаб турарди. Бир кунда уни 7 миллиондан ортиқ киши ўқийди. Кейинги куни эса таҳририятга мактублар оқими ёпирилиб келади, газета муштарийлари тинимсиз қўнғироқ қилишади. Англиянинг турли бурчакларида яшаётган аҳоли шунга айнан ўхшаш воқеаларни айтиб беришади. Уларнинг барчаси турли вақтларда “Йиғлаган бола”нинг нусхасини сотиб олгани ва кейинчалик шу сабабли ёнғиндан зарар кўрганини ҳикоя қилади.

Донкастерда яшовчи Сандра Краско оиласига бахтсизлик келтирган суратнинг нусхаси - “Йиғлаган бола”ни сотиб олганидан сўнг акаси ва онаси ёнғиндан жабр кўрганини гапириб беради. Лидс шаҳрида эса бир уй ёнғин натижасида бутунлай ёниб кул бўлади, бироқ яна ўша сурат бутун ва зиён-заҳматсиз омон қолади. Англиянинг бошқа шаҳарлари ва графликларида ҳам айнан шундай воқеа-ҳодисалар тафсилотлари ҳақида хабар беришади: аланга барча нарсани кулга айлантиради, бироқ “Йиғлаган бола” сурати ҳатто қурум билан қопланмайди ҳам.

Мазкур фактлар инглизларни ҳаддан зиёд ҳаяжонлантириб юборади. Шундан сўнг кимнинг уйида шундай сурат бўлса, уни ёқиб юбориш пайига тушишди, “Йиғлаган бола” сурати нусхаларидан оммавий тарзда воз кечиш бошланиб кетади. Натижада барча нарсага, хусусан, шов-шувларга етарли даражада ишончсизлик ва шубҳа билан қаровчи кишилардагина оз миқдорда бундай суратлар сақланиб қолади. Улар “газета ходимлари маблағ орттиришнинг янги йўлини топишди ва уятсизларча газета номини аҳоли орасида янада кенг ёйишда одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланишмоқда”, деб ҳисоблашади.

Бироқ сурат нусхаларини ўтда ёққанлар ваҳима ва саросима ичида қолади. Чунки ўртада “энди йиғлаган боланинг руҳи ҳаммадан қасос олади”, деган миш-миш ёйилиб кетади. Лидс шаҳридан бир аёл айнан шу сурат касридан эри ва икки ўғли вафот этганини хабар қилади. Лондонлик кекса киши эса сурат нусхасининг айби билан ўғли ва рафиқаси ўлганини таъкидлайди.

Кетма-кет содир бўлган бахтсиз ҳодисалардан сўнг 1985 йилнинг ноябрида “The Sun” газетаси таҳририяти йиғлаган бола тасвири туширилган суратларнинг қолганларини барчага намуна бўлиши учун оммавий тарзда ёндириб ташлашга қарор қилади. Газета ходимлари таҳририятнинг текис том қисмида улкан гулхан ташкил этишни режалаштиради, лекин ўт ўчирувчилар қатъий равишда буни тақиқлайди. Шундан кейин шаҳарнинг чекка қисмидаги харобазорлардан бири танланади. У ерда улкан гулхан ташкил этилади ва суратнинг барча қолган нусхалари ёқиб юборилади.

Англия аҳолиси яна шундай нохуш воқеалар содир бўлишини кутиб ваҳимага тушади. Аммо кунлар кунларга, ҳафталар ҳафталарга уланади, сурат билан боғлиқ сирли ёнғинлар эса бошқа содир бўлмайди. “Йиғлаган бола” сурати оловда ёндирилгач, у одамларни безовта қилишни, уларнинг ҳаётини заҳарлашни бас қилади. Вақт ўтиши билан совуқ ва нохуш воқеалар унутилди. Фақатгина у ҳақда эслатиб турувчи эски газета тахламлари қолди, холос.

Муаллиф: Никита Чепкин.

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!