Меню
Қашқадарё
"ҚАЛАМНИНГ УЧИ ИНГИЧКА-Ю, ЛЕКИН…"
Умуман, газетчиларда "мақола уюштириш" деган гап борки, жўнроқ қаллобликнинг ўзгинаси. Лекин бунга ҳамма кўниккан. Агар шу кичкина қаллоблик бўлмаса, эҳтимолки, газета вақтида чиқмай қолади. Қолаверса, айни усул ёш журналистлар учун тузуккина мактаб вазифасини ўтайди… Ёдимда бор, газетада ишлаган пайтимизда Мамарайим деган ҳамкасбимиз бўларди. Нуқул катта олимлар номидан ёзарди. Редакторимиз "летучка"ларда койиб қолса борми, худо урарди, денг! Мамарайим сўз олиб, нуқул кўксига урарди: фалончи - менман, фисмадончи ҳам - ўзим! Шу кетишда, ўзи номларидан мақола уюштирган бир тўда олимларнинг рўйхатини келтирардики, нақ бир академия бўларди!
* * *
Ҳамкасбларни мақтаб ёзган кезларим бўлган, аммо ўзимга ёққан асарларини мақтаганман. Ёзганда ҳам, фалончини мақтаяпман, деган ўйим бўлмаган. Жўнгина қилиб, ўзим ўйлаган нарсаларни ёзганман. Сал-пал хато қилган бўлишим мумкин. Ҳар ҳолда, кимки ким ҳақида ёзмасин, ўша одамнинг ўзига ўхшашини хоҳлайди, бошқача айтганда, ўз аршини билан ўлчайди.
* * *
...гўринг нурга тўлгур Шарифдан тузукроқ латифа қолгани ҳам йўқ. Биттаси борки, урушдан сал аввал Германия ҳақида мақола ёзган, дарвоқе, унда Германия эмасди, Олмония эди, хуллас, дўстимиз мақолани ёзган, мақола газетда сонма-сон чиқа бошлаган, лекин шу орада ўртоқ Молотов билан анави аблаҳ Риббентроп деганлари учрашгану гўринг нурга тўлгур Шариф газет муҳарририга телефон қилган: шу мақолани тўхтатиб турсак тузук. Нега, деб ажабланган бечора муҳаррир, чиқаверсин-да? Йўқ, деган гўринг нурга тўлгур дўстимиз Шариф, сал тўхтатиб турайлик, айни пайтда чиқса, икки давлатнинг ўзаро муносабатларига салбий таъсир қилиши мумкин...
Ўша муҳаррир бечора (энди қайтиш қилиб кетди) шу гапни айтиб, думалаб-думалаб куларди. Ростдан ҳам, латифа анча тузукдай, лекин, минг афсуски, у бор-йўғи газетчиларни кулдиришга ярайди, холос.
* * *
- Сиз мени, телевизор-пелевизорда кўриб юргану энди келиб ёпишяпти, деб ўйламанг, домлажон. Газетдаям кўп ўқиймиз. Ўзимиз ўнта газетга обунамиз, хотиндаям тўрт-бештаси бор, бу ёғи болалар ҳам "Гулшан"у "Ғунча" ўқийдиган бўп қолган. Ана, қайси куниям битта мақолангиз чиқди. Пахта терайдиган мошиннинг зўрлари бор, лекин чиқмаяпти, деб ёзибсиз. Агар сиз ёзмасангиз, бизга ўхшаган нодонлар, э, бори шу экан-да, деб юрайдик-да? Энди бўлса, домлажон, ўша зўридан берасизлар, деб талаб қилаверамиз.
Яхшибоев, мақолани ўзим эмас, шогирдларим ёзган, деб айтмоқчи бўлди. Лекин ийманди. Ёнидаги соддабаёв йигитни ёзувчилигу газетчиликнинг ёқимсиз икир-чикирларини айтиб ранжитгиси келмади.
* * *
Бир гал ўзига сал тегиброқ кетган газетадан қасд олмоқчи бўлиб, секин Ошнога гап солди. Асл дардини айтмади, бошқа бир дардни ўйлаб топди, нутқ маданияти ёмон бузиляпти, оқсоқол, деди, бу газетда бирорта ҳам тўғри жумлани учратолмайсиз, нуқул ғўрлик, нуқул думбуллик, ўзлари чиқариб, ўзлари ўқишса майлийди, лекин газет ўз оти билан газет, уни ҳамма ўқийди, хўш, бу ёғи нима бўлади, ғиж-ғиж имло хатою услубий хатолар ўтиб кетаверса, ёш авлоднинг саводига, савиясига, қолаверса, тарбиясига салбий таъсир этмасмикан?
Ошнонинг бошқа ташвишлари ҳам кўп эди, унчалик рўйхуш бермади, матбуотнинг тезкорлигу тиғизлигини рўкач қилди, ишни пайсалга солмоқчи бўлди. Лекин Яхшибоев ҳам бўш келмади, ўзини ҳафа қилган газетани папкасидан чиқариб, тишга тегадиган уч-тўрт жумлани баттар бузиб ўқиди - хуллас, Ошнони енгди. Ошно тегишли кишиларни чақиртириб, керакли кўрсатмаларни берди. Сўнг бирор ойча газета саҳифаларидан лутфу фасоҳат чак-чак томадиган бўлди: қайга қарама - мақол; қайга қарама - матал; турли ҳикматлар, иборалар, уйқаш жумлалар; аждодларнинг ажойиб удумларию авлодларнинг садоқати...
Яхшибоев тантана қилди. Бу орада унга тегиброқ кетган газета муҳаррири узр сўраб келди, сўнг Яхшибоев ҳақида Собитовнинг нақ бир саҳифалик мақтовини босдию ўртадаги нифоқ унут бўлди. Яхшибоев қулай пайт танлаб, нутқ маданияти хусусидаги ташаббусингиз тўла маъқулланди - газетларнинг тили изга тушди, янги ва қўшимча тадбирлар ҳам белгиланди, дея Ошнога ахборот берди.
* * *
Яхшибоев ўжар йигит эди. Айтганини қилмай қўймади - Ўртақўрғон газетасида кичик бир лавҳани бостирди. Минг бир азоб билан ёзилган шапалоқдай хабар устига ўқлоғидай қилиб, "ҚИЗИЛ ҲАШАР" деб ном қўйишган эди. Яхшибоевга лавҳадан ҳам сарлавҳа кўпроқ ёқди. Унингча, айни сарлавҳа Ошно топган сарлавҳадан сира қолишмасди. Ўша куниёқ дорилфунун ректори уни ҳузурига чақиртириб раҳмат айтди. Талабаларимизнинг хайрли ишларини матбуот саҳифаларида ёритиб, яна бир хайрли иш қилибсиз ука, бундан буёғига янада ғайрат қилинг, пишиқ йигит кўринасиз, келажак - сизларники, дея кўнглини кўтарди. Қаламнинг учи ингичка-ю, лекин қамрови кенг, ука, деб тушунтирди, бу ёғига фақатгина бизнинг дорилфунун билан чекланиб қолманг, бошқа жабҳаларни ҳам ёритинг, сизга омад тилайман.
* * *
"Келлим" деди, шеваси Китобу Шаҳрисабзники. Бу шеванинг жабрини Яхшибоев кўп тортган эди. Бир замонлар, журналда муҳаррир муовини бўлиб ўтган пайтларида, ўз таъбири билан айтганда, "кичкина" пайтларида, биргина машинкачи аёллари бўларди, Китобнинг қоқ ўртасидан эди, "бўлди"ни "бўлли", "ўлди"ни "ўлли" деб ёзавериб, корректор бечораларни кўр қиларди.
* * *
Мойра можаросидан бирор ҳафта ўтиб, Яхшибоев газета маҳкамасига борди. Бориб, кўп хотинли бир киши ҳақида ёзган фельетони юзасидан жанжал кўтарди. Яхшибоевнинг қўйган сарлавҳаси "Мов мушук" эди, лекин газетчилар "Ўғри мушук", деб ўзгартириб, охирига "...бу муштумзўр ва бу ўғри мушук қачонгача хотин-қизларимизнинг бахтларига чанг солади, унинг оёқларини кесиб, тирноқларини эговлаб ташлайдиган фурсат келмадими?!" деган сўзларни қўшган эдилар.
Ўртадаги жанжал сарлавҳа боис эмас, ўша кейин қўшилган сўзлар боис чиқди. Яхшибоев энди анча улғайиб, ўзининг ҳам, сўзининг ҳам қадрига етадиган бўлиб қолган эди. Йўқ, ўртоқлар, деб туриб олди, иккисидан бирини қилиш керак, мушукнинг ё оёғи кесилсин, ё тирноғи эговлансин, кесилган оёқнинг тирноғини эговлаш - аҳмоқнинг иши!
* * *
Қурбонойнинг кўзларида ғусса бор эди. Илгари бошқача эди бу кўзлар. Узоқни кўзларди улар. Чақнаб, чарақлаб турар эди. Қиз пайтида ҳам, кейинчалик ҳам, дейлик, бундан беш йилча муқаддам, каттакон мажлисда, Қурбоной Яхшибоевни танишни истамаган пайтда ҳам ёниб турар эди. Яхшибоевга унинг кўзлари бошдан ёққан. Ёзган мақоласининг номи ҳам эсида: "Юлдузни кўзлаган қиз..." Башорат қилган экан, Қурбонойи тушмагур ўн йилча ҳам ўтмай кўксига юлдуз тақди. Икки юзлик маррасини унутиб, уч юзга чиқарди, шодлик ва ҳазил аралаш Яхшибоевга телеграмма жўнатдики, Назар Яхшибоевич, сиз айтган юлдузларнинг бирини олдим, деб...
* * *
- Журъатли очеркларингиз бор-ку? - деб эътироз билдирдим мен.
- Уларнинг тарихини билмайсиз, ука. Баъзиларини бировлар ёзиб, менинг номимни қалқон қилишган. Ўзим ёзганларим эса... аввал рухсат олиб, кейин ёзилган... Яъники, менга журъат этишга рухсат беришган!..
* * *
- Тўпори яхши йигит, - деб мақтанди Яхшибоев. - Ўзимизнинг кадримиз. Биринчи бўлиб, уни ўзим ёзиб чиққанман. Яхшиликни унутмайди, иззат қилади. Сизу бизга шу керак-да. Лекин бир хиллари бор, дарров тумшуғи кўтарилиб кетади. Қурбонойни эшитганмисиз?
- Қайси? Қаҳрамон қизними?
- Худди ўшани, - деди Яхшибоев қовоғи осилиб. - Униям ёзиб чиққан ўзимиз эдик. Очеркимни эслайсизми? "Юлдузни кўзлаган қиз"? Лекин у қиз нарироқни кўзлаган экан, менсимай кетди...
* * *
Яхшибоев қаҳрамонидан мамнун эди. Билардики, Қурбонойни шу даражага еткизган - унинг ўзи. Ҳатто мухбирлар ҳам аввал Яхшибоевдан рухсат олиб, кейин Қурбонойнинг ёнига боришарди. Ёзганларини ҳам аввал Яхшибоевга келтириб кўрсатишарди. Яхшибоев мақолаларни ўқий туриб Қурбонойнинг соддалигидан завқланарди. Ахир, номи юртга таралган аёл бўлса-ю, икки оғиз гапининг бирида "менга Яхшибоев Назар ота ёрдам бердилар", "мен Яхшибоев Назар отанинг ўгитларидан руҳландим", деб турса, уни қувликда айблаб бўларканми!...
* * *
... бир вақтлар матбуотда озми-кўпми меҳнат қилиб, хушомадгўй танқидчиларнинг шарҳларини шахсан таҳрир этиб, ўзига дохил мақтовларни қизил қалам билан ўчириб қўйганларини хотирлардики, ўчирилган жойларни кўриб, тобе ходимларнинг ҳайрати ошарди. Ҳурмат ҳам шунга яраша бўларди. Ўша ходимларнинг ҳаммаси тирик, ҳалигача уларнинг тиллари бийрон, мабодо гап очилиб қолгудай бўлса, Яхшибоевнинг камтарлигини эсламасдан иложлари йўқ!
* * *
- Жудаям оламиз-да! - Яхшибоев шундай деб қўйнидан бир тўда газета чиқарди. - Ўқинг, Саидқул, саводингизни оширинг!...
Шошиб газетани очдим. Кўрсам, иккинчи бетида кечаги мақола босилибди. Ҳеч ишонгим келмади.
- Намунча тезкорлик, Назар ака?
- Сизга қолса мақолани сичқон еб кетарди, - деди Яхшибоев. - Рост гап хор бўлганини кўришга тоқатим йўқ. Муҳаррирнинг нақ бўғзидан олдим. Аммо-лекин, ёмон хира эканман, Саидқул, чеккадан қараган одамга жуда хунук кўринса керак... Э, қўйинг унисини, муҳими - чиқардик! Бирорта сўзи ўзгармади. Йўқ, ўзгарибди, анави "бутифос" деганингизни "доривор" деб аташибди, холос!
М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.