Меню
Қашқадарё
ҒАЛАБА ЎЛЖА ОЛИБ, БАЙРАМ БЎЛИБ КЕЛГАНИ ЙЎҚ
Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан
Машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг "Сомон йўли" қиссасида Иккинчи жаҳон уруши йиллари ҳақида ҳикоя қилинади. Адиб фронтдаги оловли нуқталар эмас, балки унинг ортидаги инсонлар, уларнинг оғир ҳаёти ва аламли нолаларини жуда ҳаётий ва таъсирли тасвирлаган.
Асар охирида овулда "Урушга кетганлар қайтаётганмиш" деган хабар тарқалади. Кимдир фарзанди, кимдир турмуш ўртоғи, яна кимдир отаси, оғасини кутиб, катта йўлга шошади. Ҳамма ўзича интиқиб, ўз яқинларини кута бошлайди. Аммо... Узоқда тўхтаган аравадан фақатгина бир аскар тушади...
Бу воқеаларни асар қаҳрамони Тўлғоной нола билан шундай таърифлаган: "… ғалаба ўлжа олиб, байрам бўлиб келгани йўқ, у бизга урушда омон қолган жангчининг сирли тимсолида қанча йўллар босиб, товони тешилган солдат этигини кийиб келди".
Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гап кетар экан, барчамизнинг хаёлимизга ғалаба сурури эмас, балки йўқотишлар оғриғи, боболаримиз, момоларимиз кўрган қийинчиликлар, оғир кунлар азоби келади. Айниқса, фронтнинг оловли нуқталарида, ҳаёт-мамот жангларида иштирок этган инсонлар хотираларини тинглар экансиз, тинчликнинг ҳар дақиқаси ғанимат экани, тинчлик учун курашиш, дориломон кунларнинг қадрига етиш ҳар биримизнинг энг асосий бурчимизга айланмоғи жоизлигига яна бир бора амин бўласиз.
Нишон туманида умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рўзи бобо Соатов тўрт йил уруш оловида қон кечган. Ғалабадан сўнг ҳам яна икки йил урушда вайрон бўлган ҳудудларни қайта тиклаш ишида қатнашиб, 1947 йилда уйга қайтган Рўзи бобо жанг майдонидаги воқеалар ҳақида сира гапиргиси келмайди.
- Биз кўрган ўша кунлар ваҳшийликдан бошқа нарса эмасди, - дейди у. - Мен Сталинград шаҳри остонасидан жангга қўшилганман. Ҳар куни аёвсиз жангларда иштирок этардик. Ҳар дақиқада, ҳар соатда қанча-қанча сафдошларингни йўқотиш, уларнинг қандай аянчли ўлим топишини кўриб туриб, чора топа олмаслик, бу даҳшатнинг ўзгинаси. Ҳеч эслагим келмайди ўша қирғинбарот урушни. Қанча-қанча йигитлар ана шу урушда эрта хазон бўлиб кетишди. Мен асли Деҳқонобод туманининг Алмат қишлоғиданман. Биргина ана шу қишлоқнинг ўзидан 30 йигит Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. Улардан фақатгина учтамиз, шунда ҳам биримиз жисмонан, биримиз руҳан мажруҳ бўлиб уйга қайтганмиз. Пешонамда бор экан, мана шундай тинч, осуда кунларда яшаш бахти ҳам насиб этди. Бугун фарзандларим, невара-чевараларим ардоғида тўкис ва бахтли ҳаёт кечирмоқдаман. Давлатимиз, вилоят, туман раҳбарлари доимо ҳолимиздан хабардор бўлиб, бизни қўллаб-қувватлаб туришибди. Бундан ортиқ яна нима керак инсонга. Болаларимга ҳар доим ана шу кунларнинг қадрига етиш кераклигини уқтираман, ҳар дуойимда фақат ва фақат Яратгандан дунёда тинчлик бўлишини, у қаттол урушни биз кўрдик, бизнинг авлодларимиз кўрмаслигини сўрайман.
* * *
1926 йилда Чироқчи туманида туғилган Жўра бобо Ёдгоровнинг уруш ҳақидаги хотиралари ҳам жуда оғриқли. Жўра бобо сафдошлари билан биргаликда душманни таъқиб этиб, Германиягача борган. 1945 йилнинг 9 май санасида ғалабани Берлинда нишонлаган. Аммо жанг майдонида йўқотган юзлаб сафдошлари, кўрган азоб-уқубатларини ҳамон надомат билан эслайди.
- 1944 йилнинг февраль ойида урушга йўл олганман, - дейди у. - Жангга кирган илк кунларимданоқ урушнинг шафқатсиз қиёфасини кўрдим. Дастлаб Беларусдаги бир қишлоқни озод қилишда қатнашдим. Душманни тор-мор этишни уддаладик, лекин кўз олдимда кўплаб сафдошларим, дўстларим ҳалок бўлгани ҳамон юрагимга азоб беради. Кейин бизнинг қисмимиз Польша ва собиқ Чехословакиядаги жангларда иштирок этди. Оғир тўқнашувлардан бирида жароҳат олдим. Даволаниб, яна жангга қайтганман. 1945 йилнинг 9 май куни ғалабани Берлинда нишонлаганмиз. Аммо урушда кўрган шафқатсизликлар оғриғи, йўқотган сафдошларим хотираси ғалаба суруридан устун эди.
Ғалабадан сўнг ҳам Горький шаҳрида 4 йил хизмат ўтаган Жўра Ёдгоров 1949 йил бошида қишлоғига қайтиб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилган. Жўра бобо ёшлигида мактабда ўқишни орзу қилган, аммо бунга шароит бўлмаган экан. Шу боис ҳам бор орзуларини фарзандларида, невараларида кўришга интилган, бунинг учун тинмай ҳаракат қилган. Беш фарзанди олий маълумотли, иккитаси фан номзоди эканлиги ҳам бобонинг ана шу интилишлари самараси.
Пиру бадавлат отахон эса фарзандлари, невара чевараларига уруш хотиралари билан бир қаторда тинчликнинг қанчалик буюк неъмат эканлиги, уни асраш учун ҳар бир инсон ҳаракат қилмоғи кераклиги ҳақида сўзлаб беришдан чарчамайди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ