Меню
Қашқадарё
ҒАЛАБА ҲАМ ЧИРОЙ ОЧМОҚДА
Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори чекка ҳудудлардаги ана шундай кўпдан-кўп масалаларга ечим бўлди. Дастур асосида жорий йилда вилоятимизнинг ўзида 26 та, ички имкониятлардан келиб чиқиб яна иккита қишлоқда ҳам ободонлаштириш ишлари бошланганини инобатга олсак, 28 та чекка қишлоқ ва маҳаллада ободлик насимлари эсмоқда. Бу кичкина рақам эмас, албатта. Дастур асосида олиб бориладиган кенг кўламли ишлар доирасида ана шу маҳаллаларда истиқомат қилаётган қарийб 50 минг хонадон, 262 мингдан ошиқ аҳолининг ижтимоий ҳаётида, яшаш шароитида катта ўзгаришлар бўлади, деганидир.
Касби туманидаги Ғалаба маҳалласи ҳам тумандаги энг катта аҳоли яшаш манзилларидан бири саналади. Бугунги кунда ушбу маҳаллада 955 хонадонда 5 минг 225 нафар аҳоли истиқомат қилаяпти. Маҳалла аҳолисининг катта қисми ҳовли уйларда истиқомат қилса, яна бир қисми 14 та икки қаватли уйда яшаб келмоқда. Якка тартибдаги турар жойларда яшаётган оилалар шарт-шароитни ўзлари ҳаракат қилиб, имкон даражасида тўғрилаган бўлиши мумкин, аммо кўп қаватли уйлардаги аҳвол чинданда ачинарли эди.
Аввало, уларнинг ўзи ҳар томонлама таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Бунинг устига уй атрофи шу жойда яшовчи аҳоли томонидан қуриб олинган тандирхона, оғилхона, товуқ катаги, сомонхона каби “биноча”лар билан тўлиб кетган, билмаган одамнинг улар орасидан яшаш уйи эшигини топиб бориши ҳам амримаҳол эди. Қолаверса, кўпчилик манзил тутган объект ёнида бундай ноқонуний хўжалик биноларининг бўлиши, улардаги антисанитар ҳолат биринчи навбатда шу ерда яшовчи аҳоли, айниқса, ёш болалар саломатлигига жиддий хавф туғдираётганди.
Айни вақтда “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишларнинг дастлабки босқичида маҳалла ҳудудидаги шу каби ноқонуний қурилишлар бузилиб, атроф ободонлаштирилмоқда. Натижада уйлар, йўллар олди очилиб, маҳалланинг асл қиёфаси кўзга ташланаяпти.
– Бузиш ишлари тугаганидан сўнг уй ва ҳовли деворларининг ташқи фасадини намунавий асосда бўяш, йўл бўйларини ободонлаштириш ишларини амалга оширамиз, - дейди Ғалаба МФЙ раиси Худойберди Сойибназаров. - Шунингдек, дастур доирасида маҳалламиз ҳудудидаги кўп қаватли уйлар тўлиқ таъмирланиб, улардаги шарт-шароит тубдан яхшиланади. Бу ишларда маҳалла аҳли билан бир қаторда, тумандаги қурилиш ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, “Обод қишлоқ” дастурининг асосий мақсади нафақат муайян ҳудудни ободонлаштириш, шу билан бир қаторда, у ердаги коммуникация тизимларини янгилаш, маиший хизмат кўрсатиш тармоқларини барпо этиш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг саломатлигини назорат қилиш, бир сўз билан айтганда, фаровон ҳаёт учун зарур барча шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган.
Шу нуқтаи назар билан маҳалла ҳудудидаги 1,5 километр ички хўжалик йўли, 2,8 километр пиёдалар йўлакчаси маҳаллий бюджет маблағлари асосида таъмирланаётган бўлса, вилоят “Сувоқова” корхонаси томонидан 4 километр узунликдаги ичимлик суви қувурларини янгилаш режалаштирилган. 280 миллион сўм маблағ эвазига амалга оширилиши кўзда тутилган ушбу лойиҳа асосида маҳалланинг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланади.
Шунингдек, маҳалла ҳудудида электр таъминоти воситалари ҳам қониқарсиз даражада эди. Мавжуд кабеллар анча эскириб қолган, натижада уларда тез-тез узилишлар юзага келиб, муаммога сабаб бўлаётганди. Дастур доирасида ишчи гуруҳ томонидан ҳудуддаги 4,8 километр электр линияси таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолгани аниқланиб, уларни тўлиқ алмаштириш белгиланди.
Бундан ташқари, маҳаллада аҳолига маиший хизмат кўрсатиш тармоқларининг бутун бошли бир комплекси барпо этилади. Ижтимоий дорихона, савдо шохобчалари, новвойхона, меҳмонхона, чойхона, автомобиллар тўхташ жойи, спорт майдончалари, болалар майдончаси каби йигирмага яқин янги объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилиши белгиланган бўлса, уларнинг айримлари ҳозирданоқ аҳоли ихтиёрида.
Мисол учун, тадбиркор Бўритош Болтаева томонидан қисқа фурсатда қуриб битказилган сунъий қопламали футбол майдончаси бугун маҳалла ёшларининг севимли масканларидан бирига айланган. Шунингдек, маҳалла марказида барпо этилган “Ижтимоий дорихона” ва бир нечта савдо нуқталарининг қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, фаолият бошлаш арафасида.
Айтиб ўтиш жоизки, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, тиббий маданиятини ошириш ҳам “Обод қишлоқ” дастурида кўзда тутилган энг устувор вазифалардан бири саналади. Бу борада ҳам маҳаллада масъул ташкилотлар томонидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
- Шу кунга қадар Ғалаба маҳалласида истиқомат қилаётган 3 минг 613 нафар аҳолини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказдик, - дейди Касби тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника мудири Аббос Ҳасанов. – Кўрикда республика миқёсидаги муассасаларнинг 9 нафар юқори малакали мутахассиси ҳамда вилоят ва туманимизда фаолият олиб бораётган шифокорлар иштирок этишмоқда. Айтиш ўринлики, олинаётган натижа аҳолининг ўз саломатлигига анча бефарқ бўлганини кўрсатади. Мисол учун, айни вақтга қадар тиббий кўрикдан ўтганлар ичидан 1245 нафар фуқарода саломатлиги билан боғлиқ турли муаммолар борлиги аниқланди. 9 нафар фуқарога вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига, 44 нафар фуқарога эса туман марказий шифохонасига ётиб даволаниш учун йўлланмалар берилди. Мутахассисларимиз томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш борасида тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ғалабада амалга оширилаётган ишларни кузатар экансиз, “Обод қишлоқ” дастури чекка ҳудудлар аҳолиси ҳаётида нақадар катта аҳамият касб этаётганини англаб олиш қийин эмас. Олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши баробарида қишлоқларни янгилаш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим асос бўлмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар