Меню

Қашқадарё

20.01.2022 1028

ҲАЛҚ РОЗИ БЎЛСА ЖАМИЯТ РАВНАҚ ТОПАДИ

Сир эмас, охирги йилларда мамлакатимизда рўй бераётган энг асосий ўзгаришлардан, ислоҳотлардан бири давлатнинг халқ билан яқинлашаётгани, давлат ва халқ ўртасида самарали мулоқот тизими ташкил этилаётгани, деб айтиш мумкин. Чунки қабул қилинаётган барча қонунлар, мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим бўлган дастурлар, стратегиялар албатта, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, фуқароларнинг асосли фикрлари, таклифларини инобатга олган ҳолда тайёрлаш яхши анъанага айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини илгари сурган эди. Унда "Ҳаракатлар стратегиясидан - Тараққиёт стратегияси сари" деган тамойилдан келиб чиқиб, стратегиянинг асосий еттита йўналиши белгилаб берилганди. Шу асосда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

7 та устувор йўналишдаги масалаларни қамраб олган тараққиёт стратегияси, унда илгари сурилган таклиф-ташаббусларнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида узоқ фикр юритиш мумкин. Асосийси, ушбу ҳужжат беш йил олдин ҳаётимизга татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегияси натижасида эришилган халқ билан мулоқот қилиш тизими орқали юртдошларимиз томонидан билдирилган ҳаётий таклиф ва ташаббусларни ўзида мужассамлаштирган. Бугунги глобаллашув жараёнида Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган роли ва ўрнини ошириш, халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга ҳамда мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби еттита йўналиш ва юзга яқин аниқ мақсадларни ўзида мужассамлаштирганлиги билан янада аҳмиятлидир.

Жумладан, ушбу ҳужжат лойиҳасининг биринчи, Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналишида маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, Халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш каби бир қатор устувор мақсадлар белгилаб берилмоқда.

Эндиликда, ушбу мақсадларнинг ҳаётимизга тадбиқ этилиши натижасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳалқ вакиллари юқори органи - парламент олдидаги ҳисобдорлиги таъминланган бўлса, янги беш йилликда маҳалла тизимидан тортиб энг юқори бўғингача бўлган мансабдор шахсларнинг фуқаролар олдида ҳисобдор бўлиши амалиёти йўлга қўйилиб, амалга оширилаётган ҳар бир дастур ва лойиҳалар фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда ҳаётга татбиқ этилади.

Хусусан, Халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпуси шакллантирилиб, уларнинг маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишдаги роли оширилади. Шу билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича масъулияти кучайтирилади.

Халқ вакили сифатида жойларда аҳоли билан ўтказган юзма-юз мулоқотларимизда фуқаролар айрим масалаларда ташкилот ва идораларга қилинган мурожаатлар ортидан эшикма-эшик сарсон бўлиши, бир масаланинг ечими икки ва уч идорага тааллуқли бўлганлиги учун улар ўртасида саргардон бўлаётганликлари юзасидан фикр билдиришарди.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасида назарда тутилаётган ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимининг жорий қилиниши натижасида бир-бирининг функцияларини такрорлайдиган вазирлик, ташкилот ва идоралар фаолияти тартибга солиниб, давлат  бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларини режалаштиришга қаратилган янги тизимни яратиш белгиланмоқда. Ушбу мақсаднинг ҳаётимизга татбиқ этилиши эса юқорида таъкидлангани каби фуқароларнинг нафақат сарсонгарчилигининг олди олинишига шу билан бирга, вақт ва иқтисодиётини тежашига имконият яратиб беради.

Шу билан бирга, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш ҳамда айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланмоқда.

Ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, ушбу мақсадлар ҳам сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган қурилиш, йўл инфратузилмаси, турли хилдаги давлат буюртмаларини бажариш жараёнидаги таниш-билишчилик ва коррупцион омилларнинг олди олинишига хизмат қилиб, иш самарадорлигини оширади.

Яна бир мақсадда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши орқали эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфаси шакллантирилиб, уларнинг фаолияти халқ манфаатлари, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишга йўналтириш белгиланди. Бунда ички ишлар органлари, аввало халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантирилиб, аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтирилади.

Кейинги мақсадлардан бири бу, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувни чеклаш вазифасидир.

Сир эмаски, айрим жабҳаларда жойларда назоратчиларнинг қонун талабларини ноўрин талқин қилишлари натижасида хусусий мулк дахлсизлиги борасида мамлакатимиз имижига путур етказувчи ҳолатлар ҳам учраб турмоқда. Эндиликда, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг иккинчи, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишида белгилаб берилаётган мақсадлардан бири - хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш кафолатланмоқда. Яъни давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахсларнинг ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя қилиш тизими жорий этилади.

Шу билан бирга, мамлакатнинг иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган бир қатор мақсад ва вазифалар учинчи - миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш йўналишида акс эттирилган.

Маълумки, 2017-2021 йилларда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий ҳимояни таъминлашга қаратилган барча йўналишлар тўртинчи - ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида қамраб олинган бўлса, бу галги Тараққиёт стратегияси орқали бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиқиб, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш каби икки устувор йўналишга бўлинган ҳолда ўз аксини топмоқда.

Худди шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида белгилаб олинган чора-тадбирлар ҳам янги Тараққиёт стратегиясида умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб    бориш каби устувор йўналишлар  сифатида белгиланмоқда.

Айтмоқчи бўлганим, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган тараққиёт стратегиясида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш биринчи йўналиш сифатида бежиз белгиланмаган. Қайсики, депутатлар фаол бўлса, бошқа жамоат тузилмалари уларга қараб андаза олади. Жамият ҳаётида ўз ўрнига эга бўлишга ҳаракат қилади. Натижада ижрода қайсидир масала эътибордан четда қолиши ёки пайсалга солиниши, балки қийин бўлишининг олди олинади.

Олтинчи умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш йўналишида эса янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш орқали камбағаллик ва ишсизлик даражасини камида 2 баравар қисқартириш назарда тутилган.

Шунингдек, лойиҳанинг яна бир мақсадларидан бири ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим ташаббуслар ва институционал ўзгаришлар илгари сурилган.

Хусусан, ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича масъул давлат органини белгилаш, ижтимоий суғурта тизимини яратиш, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестр"ини интеграциялашувини йўлга қўйиш орқали 2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиш режалаштирилган.

Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналишида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган экологик муаммоларни бартараф этиш каби мақсадлар назарда тутилган.

Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари паст бўлган шаҳар ва туманларни ривожлантириш, аҳолининг эҳтиёжманд қисми, ногиронлар, хотин-қизлар, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигига кўмаклашиш, жойларда аҳолига турли ижтимоий-маиший, маънавий-маърифий хизматлар кўрсатиш каби соҳа ва йўналишларда аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси Президентнинг "Халқ рози бўлса, жамият равнақ топади" деган шиорига ёрқин мисол сифатида нафақат мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини шу билан бирга, унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, унда назарда тутилган мақсадларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бугунги турмушидан мамнун бўлиб, юрт тараққиёти ва ривожидан ўзида дахлдорлик ҳиссини туйиб яшашига хизмат қилади.

Илҳом ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!