Меню

Қашқадарё

11.05.2017 3007

АЛҚОР

Алқор тоғли ҳудудларда ўсади. Вилоятимизнинг Деҳқонобод тумани тоғларида – шағал, тошли тоғ ёнбағирларида кўп учрайди.

Бу ўсимлик кучли тинчлантирувчи хусусиятга эга. Юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди, қон босимини мўътадиллаштиради. Унинг ер устки қисмидан озиқ-овқат саноатида, гўшт ва балиқ консервалари, колбасалар тайёрлашда фойдаланилади. Баргларидан дамланган чой хуштаъм доривор восита саналади. Кайфиятни кўтариб, руҳиятни тетиклаштиради. Шунингдек, алқор қўшилган таомлар тез айнимайди. Организмга тез сўрилади. Ошқозон-ичак тракти хасталикларида фойдали.

 

УПОР (ЖУПОР)

Упор ёки халқ тилида айтганда, жупор – ўзига хос ҳидли, кўп йиллик ўтсимон ўсимлик. Илдизи 1 метргача чуқурликка кириб боради. Пояси тик, шохланган бўлиб, узунлиги 35-40 сантиметрга етади. Гуллари оқ рангда, меваси юмалоқ ва 5-8 миллиметр катталикда бўлади.

Упор камқонликка қарши самарали восита, ошқозон-ичак тракти фаолиятини яхшилайди. Ўт суюқлиги ва пешоб ҳайдовчи хусусиятга эга. Дармондориларга бой кўкат саналади. Халқ табобатида упор сариқ касаллигини даволашда кенг қўлланган.

Упорнинг тозалаб, қуритилгани зиравор ўрнида таомларга солинади. Шунингдек, янги узилгани ошкўк сифатида севиб истеъмол қилинади.

 

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!