Меню

Қашқадарё

12.11.2019 2346

ҚАЛҚОНСИМОН БЕЗ КАСАЛЛИКЛАРИ БЎЙИЧА ИЛК ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ БАЖАРИЛДИ

Тиббиёт ва ислоҳот

 Ушбу амалиёт Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида замонавий ва юқори технологиялар асосида ўтказилди.

 Марказ жарроҳлик бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Н.Алимжанов ва анестезиология-реаниматология бўлими мудири К.Раҳманқулов томонидан "Маҳорат дарслари" тарзида вилоятимиз шифокорлари билан биргаликда 10 нафар беморда тотал экстракапсуляр тиреоидэктомия (қалқонсимон безнинг тўлиқ олиб ташланиши), гемитиреоидэктомия (қалқонсимон без бир қисмининг олиб ташланиши), қалқонсимон без резекцияси жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

- Илгари бундай амалиётлар хорижда ёки Тошкентдаги илғор муассасаларда амалга оширилар эди, - дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори Бобир Тешаев. - 5 ходимимиз (3 эндокринолог, 2 жарроҳ) Россия Федерациясида 1 ой давомида малака ошириб қайтишди. 1 ноябрдан эса қалқонсимон без патологияси ва тоза жарроҳлик бўлими иш бошлади. Айни пайтда операция қилинган беморларда нафас ва овоз ҳолатлари тўлалигича тикланган.

Айтиш жоиз, 2018 йилнинг декабрь ойида янги ва замонавий бинода иш бошлаган марказда шу кунга қадар 4058 нафар бемор стационар шароитда, 69 мингдан ортиғи амбулатор шароитда даволанди.

Маълумотларга кўра, қалқонсимон безнинг асосий вазифаси одам организми ўсиши ва ривожланишини, тўқималар табақалашувини, модда алмашинуви жадаллигини тартибга солувчи тироксин, трийодтиронин ва бошқа гормонларни синтез қилишдан иборат. Ушбу орган бола туғилган  пайтдан  эътиборан, у билан бирга ўсади. Бу жараён, айниқса,  ўсмирликда  сезиларли намоён бўлади. Чунки ана шу пайтга келиб, ўсаётган организмни гормон билан таъминлаш учун кўпроқ йодга эҳтиёж сезилади. Истеъмол қилинаётган маҳсулотлар таркибида йод моддаси етарли бўлмаса,  қалқонсимон без касаллиги келиб чиқади. Шунингдек, бундай хасталикнинг келиб чиқиши нафақат ташқи муҳит, балки руҳий ўзгаришларга ҳам боғлиқ. Чунки айнан стресс туфайли қалқонсимон без фаолиятида гормонал бузилишлар рўй бериши мумкин. Организмда йод танқислиги юзага келса, қалқонсимон без ҳужайралари кўпроқ йодни ушлаб қолиш ва керакли миқдорда гормонлар ишлаб чиқариш мақсадида катталаша бошлайди. Натижада организмнинг ҳимоя тизими ишга тушиб, ўзига "бегона"лашиб қолган безга қарши антитаначалар ишлаб чиқаради. Без эса катталашиш баробарида ўз вазифасини унута боради.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!