Меню

Қашқадарё

15.03.2019 2120

ҚАЛЪАИ ЗАҲҲОКИ МОРОН

Қалъаи Заҳҳоки Мороннинг ёдгорлик сифатидаги маҳобати, улкан мудофаа деворларининг қолдиқлари олимларда катта қизиқиш уйғотган. Археолог М.Массоннинг фикрига кўра, ушбу қадимий шаҳар уч қатор мудофаа девор билан ўраб олинган ва ташқи девор 1,5х1,5 километр ҳудудни эгаллаган, шаҳарнинг умумий майдони 225 гектар ва у антик дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган. Иккинчи мудофаа девори 400х400 метр, биринчи қатор мудофаа девори 200х200 метр ҳудудни ўраб олган ва унинг ўртасида шаҳарнинг муҳташам арки жойлашган. Лекин бошқа бир археолог, Қашқадарё вилоятида узоқ йиллар тадқиқотлар олиб борган С.Кабанов бу фикрларга қўшилмаган ва ташқи мудофаа деворининг мавжудлигига шубҳа билан қараган.

Бунга аниқлик киритиш мақсадида ўтган асрнинг 70-йиллари охирида яна бир археолог олим М.Тўрабеков Қарши темир йўл вокзали орқа томонидаги ҳудудларда археологик қазишма ишлари олиб борди. Тадқиқотлар натижасида пастқам ва кенг тепалик Қалъаи Заҳҳоки Мороннинг ташқи, учинчи мудофаа девори қолдиқлари эканлиги маълум бўлди ва М.Массон томонидан билдирилган фикр тўғри эканлиги исботланди.

Қалъаи Заҳҳоки Мороннинг ҳар учала деворлари орасидаги ҳудудда турар жойларнинг қолдиқлари кўзга ташланмайди, сабаби, у қурилган пайтда ва ундан кейинги жараёнлар давомида шаҳар ҳудуди юэчжи қабилалари ўтовлари билан банд бўлган. Томонлари 1,5х1,5 километр ҳудудни эгаллаган майдонда оддий қабила аъзоларининг ўн минглаб ўтовлари тикилган бўлса, майдони 400х400 метр бўлган ва кучли ҳимоя қилинган қалъада қабиланинг юқори табақалари вакиллари, қўшин бошлиқлари истиқомат қилган. Томонлари 200х200 метр бўлган қалъа ичида - шаҳар марказидаги маҳобатли аркда қабилалар иттифоқининг энг юқори табақа вакиллари, ҳукмдор, унинг оиласи, ака-укалалари, вазирлар, сарой аъёнлари, хуллас, юэчжи қабиласи бошлиқлари яшаган. Улар бу ерда доимий ўтроқ яшаганларми ёки мавсум келганида кўчиб ҳам турганларми, буниси номаълум.

Қалъаи Заҳҳоки Морон ўрнидаги шаҳар маълум бир даврда Нахшабнинг сиёсий маркази сифатида ҳам фаолият кўрсатган. Лекин унинг номи нима эканлиги, қайси даврдан бошлаб Қалъаи Заҳҳоки Морон деб атала бошлангани тўғрисида маълумотлар йўқ. Халқ орасида Заҳҳок шоҳ тўғрисидаги ривоятлар, асотирлар бор, холос.

Фирдавсийнинг "Шоҳнома" асарида ёзилишича, қадим замонларда одамлар дастлаб ўсимликлар истеъмол қилганлар, кейинчалик ёвузлик худоси Аҳриман ошпаз кўринишида намоён бўлиб, Заҳҳокни гўшт ейишга ўргатган. У биринчи куни Заҳҳокни тухум ва тухум сариғи билан тўйдирган. Унга бу овқат ёққанидан кейин қуш овлаб едирган, учинчи куни қўзичоқ гўшти, тўртинчи куни эса ҳўкиз гўшти билан меҳмон қилган. Бундан хурсанд бўлган шоҳ уни мукофотламоқчи бўлганида Аҳриман унинг пинжига ёпишган ва шу маҳал Заҳҳокнинг икки елкасидан иккита илон ўсиб чиққан. У илонлардан қандай қутулишни билмай турганида Аҳриман табиб кўринишига кириб, унга бу илонларни одам мияси билан боқишни маслаҳат беради.

Ўша даврда Эрон халқи шоҳ Жамшиднинг зулмидан норози бўлиб, унинг ўрнига Заҳҳокни шоҳ қилиб кўтарадилар. Жамшидни эса қатл этадилар. Заҳҳок тахтга чиққанидан кейин Жамшиднинг икки синглисига уйланади. Унинг золимона, мустабид подшолиги минг йил давом этади. Подшонинг буйруғи билан ҳар куни иккита ёш йигит ёки қиз ўлдирилиб, уларнинг миясидан илонларга овқат тайёрланарди. Мана шу даврда Армоил ва Кармоил деган икки донишманд қурбонлик қилинаётган ёшларнинг биттасини бўлса ҳам қутқариб қолиш мақсадида подшоҳ саройига ошпаз бўлиб ишга киради ва ўлдирилиши лозим бўлган битта ёшнинг мияси ўрнига қўй миясини қўшиб овқат пиширади. Қутқарилганларни эса тоғу тошларга жўнатиб юборадилар ва улардан курд халқи пайдо бўлади.

Бир куни тунда Заҳҳок туш кўради, тушига уч ака-ука киради, кенжасининг қўлида сигир боши кўринишида ясалган катта гурзи бор эди. У таъбирчилардан туши таъбирини топишни талаб қилади. Туш Фаридуннинг дунёга келишини башорат қилганди. Заҳҳок Фаридунни гўдаклигидаёқ ўлдиришга ҳаракат қилади, лекин ҳар сафар нимадир бунга халақит берарди. Бир куни Заҳҳок қўшин тўпламоқчи эканини билдиради. Шунда темирчи Кава подшоҳдан ёлғиз ўғлини жангга юбормасликни илтимос қилиб сўрайди, чунки унинг 17 ўғли қурбонлик қилиниб, уларнинг мияси Заҳҳокнинг илонларига берилган эди. Ўғли қутқарилгандан кейин Кава халқни тўплаб подшоҳга қарши исён кўтаради, Заҳҳок эса исённи бостира олмасдан яширинишга мажбур бўлади. Фаридун қўшини билан Заҳҳокнинг пойтахтини эгаллайди. У эса Ҳиндистонга қочади. Кейинроқ подшоҳ яна қайтиб ўз пойтахтини эгаллайди ва саройга бориб Фаридун билан яккама-якка жангга киради. Фаридун гурзиси билан унинг дубулғасини иккига бўлиб ташлайди. Бунда ҳам ўлмаган Заҳҳокни тубсиз жар устидаги қояга қоқиб ташлайдилар ва у мана шу алфозда азобли ўлим топади.

Қадимий ёдгорликнинг Қалъаи Заҳҳоки Морон, яъни илонли Заҳҳок қалъаси деб номланишига, балки Фирдавсийнинг "Шоҳнома" асари сабаб бўлган ёки бизнинг ота-боболаримиз "Шоҳнома"сиз ҳам Заҳҳок тўғрисидаги ривоятдан хабардор бўлганлар. Чунки бу ривоят Шарқ халқлари орасида жуда кенг тарқалган, Фирдавсий ҳам ўзининг шоҳ асарига ушбу ривоятни киритган бўлса ажабмас.

Бизнинг фикримизча, Қалъаи Заҳҳоки Морон ёдгорлиги ўрнидаги қадимий шаҳар Турк ҳоқонлиги ва Сосонийлар Эрони ҳарбий иттифоқининг Эфталийлар билан 562-564 йилларда олиб борган уруши ва Эфталийлар империясининг тарих саҳнасидан кетиши даврида бу давлатнинг марказий шаҳарларидан бири сифатида, Никшапайа (Нахшаб) шаҳри билан бир пайтда вайронага айланган бўлса керак. Араблар истилоси арафасида эса унинг аркида кичикроқ қаср бўлган ва бу қаср харобалари ушбу сатрлар муаллифи томонидан очиб ўрганилган.

Минг афсуски, Қалъаи Заҳҳоки Морон номи билан аталадиган ноёб археологик обиданинг бугунги тақдири аянчли. Унинг 1,5х1,5 километр майдонни эгаллаган ташқи девори қадимдаёқ бузилиб кетган. Лекин 400х400 метр майдонни эгаллаган иккинчи қатор мудофаа деворининг 200-300 метр узунликдаги қисми ўтган асрнинг 70-80-йилларигача сақланган. Ҳозир эса бу девордан ному нишон қолмаган, ҳатто 200х200 метр майдондаги учинчи қатор мудофаа девори ҳам маҳаллий аҳоли томонидан бузилиб, уй-жойлар қурилган. Хуллас, қадимги дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бирининг қолдиқлари бўлган ва бир ярим минг йил давомида бус-бутун турган Қалъаи Заҳҳоки Морон ёдгорлиги одамларимиз томонидан кўз ўнгимизда вайрон қилинди. Бизнинг эндиги вазифамиз бу улуғ обиданинг қолган қисмларини шундайлигича сақлаб қолишдан иборат.

Абдусобир РАИМҚУЛОВ,

ЎзРФА Археологик тадқиқотлар институти қадимги давр археологияси бўлими бошлиғи, тарих фанлари доктори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!