Меню

Қашқадарё

09.04.2019 1679

АКСАР МУАММОЛАР ЖОЙИДА ҲАЛ БЎЛДИ

Сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот, корхона ва муассасалар, уларнинг тумандаги қуйи тизими раҳбарлари иштирок этган тадбирда ғузорликлар коммунал соҳа, уй-жой, бандлик, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, айрим кўнгилсиз ҳолатларни бартараф этиш каби масалалар юзасидан мурожаат қилишди. 315 мурожаатнинг 85 таси жойида ҳал этилди. Ўрганиш талаб этадиганларининг ечими бўйича аниқ муддатли чора-тадбирлар белгиланиб, мутасаддилар зиммасига вазифалар юкланди.

Хўжагузар маҳалласилик Алишер Раҳматуллаевнинг табиий газ таъминоти ва оқова сув, бўстонлик Оқбута Бобоевнинг қишлоқ автомобиль йўлини таъмирлаш, Буюккарвонйўлида яшовчи Рўзи Холманованинг маҳалла ҳудудидан ўтган магистраль автомобиль йўлида анчадан бери таъмирлаш ишлари якунланмагани ва эски симёғочларни янгисига алмаштириш каби мурожаатлари тез орада ҳал этилиши айтилди.

Шу билан бир қаторда, Машъал қишлоғида яшовчи Т.Номозовага, гулшанлик Ш.Болтаевага оилавий шароитини яхшилаш учун 20 бошдан товуқ катаклари билан берилди, яккадарахтлик Г.Алпомишевага пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатилди, янгикентлик М.Турдиева сайёр қабулдан 3 бош қўй билан, чуқурлик Г.Тиловова, хумдонлик М.Ҳошимова тикиш машинаси билан уйга қайтишди. Яна кўплаб эҳтиёжи бор кишилар ногиронлик аравачасига, бошқалари даволаниш учун йўлланмаларга эга бўлишди. Уй-жойи учун кадастр ҳужжати тайёрлаш масаласида ёрдам сўраганларга жойида тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилди.

Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши ушбу сайёр қабул давомида ҳам яна бир бор ўз исботини топди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!