Меню
Қашқадарё
"Akay City" мажмуаси қурилишида қатнашган туркиялик мутахассислар Шаҳрисабзда экотуризмни ривожлантирмоқчи
Мамлакатимизда маданий, тарихий ва зиёрат туризми билан бирга экотуризмни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги масъул ходимлари Туркия давлатининг "Korucuoglu Mimarlik" архитектура ташкилоти вакиллари билан туманнинг тоғли ҳудудларида бўлишиб, экотуризмни йўлга қўйиш, замонавий дизайндаги меҳмонхоналар ва сайёҳлар учун дам олиш масканларини барпо этиш бўйича жойларда ўрганиш ишларини олиб боришди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги "Экотуризмни ривожлантириш ва сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкалари ажратиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Шаҳрисабз туманида жойлашган "Ҳисорак" сув омборининг муҳофаза ҳудудида замонавий, жаҳон талаблари даражасидаги янги кўп қаватли меҳмонхоналарни бунёд этиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Шу ўринда айтиш ўринли, Туркиянинг "Korucuoglu Mimarlik" архитектура ташкилоти дунёдаги кўплаб замонавий иншоотларни қуришда, хусусан, пойтахтимиздаги янги "Akay City" мажмуаси бунёд этилишида ўз ҳиссасини қўшган ташкилотлардан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, Шаҳрисабз туман ҳокими Туркия Республикаси Эскишеҳир вилоятининг савдо-саноат палатаси раиси Меҳмет Пазвант ҳамда раис ўринбосари Кемал Башар билан видеоконференцалоқа режимида мулоқотда бўлган.
Мулоқот давомида Туркиянинг Эскишеҳир вилояти айниқса металл конструкция, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларида ривожлангани, мазкур соҳада фаолият юритувчи кўплаб салоҳиятли инвесторлар келгусида Шаҳрисабзга инвестиция киритиш истагида эканлиги таъкидланган.