Меню

Қашқадарё

20.03.2024 6455

ҚАЙТА ТУҒИЛМОҚЛИК МУМКИН БЎЛСА ГАР...

 

Абдулла Орипов таваллудининг 83 йиллигига

Бир минг тўққиз юз етмиш олтинчи йил. Факультетимизда шоир  Абдулла Орипов билан учрашув ўтказиладиган бўлиб қолди. Ўқув  машғулотлари тугаганидан сўнг ошхонада тамаддиланиб келгунимга қадар учрашув ўтказиладиган фаоллар зали эшигининг тагигача талабалар билан тўлиб кетибди. Учрашув эндигина бошланган экан.

Абдулла Орипов билан ўтказилажак учрашувни эшитиб, бошқа факультетнинг талабалари ҳам келишганди. Ичкарига қадам босишнинг сира иложи йўқ. Залга киришдан батамом умидимни узиб чеккароққа тисарилдим, шу пайт деканимиз Нуриддин Шукуров хонаси тарафдан келиб қолди. Домла телефон қўнғироғига жавоб бериш учун хонасига қисқа муддатга бориб келаяпти, чамаси. У мени ниҳоятда ҳурмат қиларди, кўзлари менга тушиши ҳамоно:

- Сиз нима учун залга кирмай қимтиниб турибсиз? - деб сўради нимтабассум билан.

- Домла, залга кириб бўлмаяпти! - дедим эшикка ишора қилиб.

- Сиз бизнинг ишларимизга жону дилингиз билан ёрдам берасиз-у биз сизга ёрдам бермаймизми? - дея билагимдан маҳкам тутиб зал ичига етаклади.

Профессор Нуриддин Шукуровнинг салобати босди шекилли, ҳамма питирлаганча ўзини чеккага олиб, йўл бўшатди. Домла олдинда, мен орқадан залга изма-из кириб бордик. Зал лиқ тўла, бўш жойни топишнинг ўзи амри-маҳол. Ҳатто тик оёқда турганларнинг ҳам сон-саноғи йўқ. Декан биринчи қаторда ўтирган бир ёш олимни ўрнидан турғизиб, "Сиз, бориб бемалол ишингизни қилаверинг!" деб залдан чиқариб юборди-да, бўшаган ўриндиққа мен ўтиришимга ишора қилди ва ўзи ҳайъатга кўтарилди...

Йиғилишни Нуриддин Шукуров бошқариб борарди. Сўзга чиққан нотиқлар Абдулла аканинг ижоди ҳақида самимий фикр ва истакларини айтишди. Сўз Абдулла Ориповга берилди. Шоир ўз шаънига сидқидилдан изҳор этилган тилаклар учун миннатдорлик билдирди, кейин эса янги шеърларидан намуналар ўқиб берди. Абдулла ака шеърларини қоғозга қарамасдан ёддан ўқирди. Ҳар бир шеър учун гулдурос қарсаклар ёғиларди.

Сўнгра талабалар билан шоир ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Ижодкорга шундай савол тушди: "Абдулла ака "Биринчи муҳаббатим"ни қандай ҳолатда ёзгансиз?"

Шоирнинг жавоби: "Мен бу шеърни ёза бошлашдан олдин ижодхонамга кириб, "хотин, бир чойнак чой олиб келгин-да, сен чиқиб тур, мен биринчи муҳаббатимизни эслаб, бир шеър ёзайин" демаганман!"

Залда кулги ва қарсаклар янгради.

Тағин савол: "Абдулла ака! Агар насрда ҳам ижод қила бошласангиз, назмдагидек даражада ёза олармидингиз?"

Шоир бир зум ўйланиб турди-да, шундай жавоб қайтарди: "Насрда ҳозирги даражадагидай ижод қилишим учун менга йигирма беш йилча вақт керак бўлади. Қани - бунча фурсат?! Агар шунчаки хат шаклида бўлса, бунинг йўли осон, бемалол ёзиб ташлайвераман!"

Орада профессор Нуриддин Шукуров залдагиларга қарата ҳазил тарзида кўнгилочар гап қилди: "Бизнинг университетимизни Шароф Рашидов, Ойдин, Уйғун, Назир Сафаров, Раъно Узоқова, Назармат, Ўткир Рашид, Душан Файзий, Барот Бойқобилов, Омон Матжон сингари машҳур ёзувчи ва шоирлар битиришган. Учрашувдан кейин Абдулла Орипов Тошкентга қайтаётганида, Самарқанддан чиқиб кетаётганини кўрган одамлар "Абдулла Орипов ҳам самарқандлик экан-да!" дейишади".

Шодон қийқириқлар зарбидан, ҳойнаҳой, зал зириллаб кетгандай бўлди.

Юқоридаги қочирими ортидан Нуриддин домла қашқадарёлик талабаларнинг ҳайъатга йўллаган хатини ўқиб эшиттирди: "Абдулла ака! Самарқанддан Тошкентга машинада эмас, самолётда кетинг. Бўлмаса, самарқандликлар сизниям ўзлариники қилиб олишади!"

Яна қаҳқаҳа зўрайди. Шу фурсатда Абдулла ака олдидаги вараққа бир нарсаларни ёзди-да, елкалари силкиниб жилмайганича Нуриддин Шукуровга узатди. Нуриддин ака қоғозга кўз югуртириб, дабдурустдан юзи ёришиб кетди:

- Мана, Абдулла Ориповнинг ўзи ҳам тан олаяпти! Эшитинг, шоирнинг қайноқ байти: "Қайта туғилмоқлик мумкин бўлса гар, Самарқанд жойим бўлар эди муқаррар!"

Тағин зални қизғин чапаклар овози тутди. Нуриддин Шукуров қарсаклар тинишини бироз кутиб турди-да:

- Бу гапларнинг ҳаммаси ҳазил, - деди жиддий қиёфада. - Биз машҳурларни "бизники", "биздан", деб ғурурланиб юришни хуш кўрамиз. Абдулла Ориповдек истеъдодли шоир нафақат Қашқадарё ёки Самарқанднинг, балки бутун Ўзбекистоннинг, керак бўлса, бутун Ўрта Осиёнинг фахридир! Ҳа, Абдулла Орипов барчамизники! Биз Абдулла Ориповдек шоиримиз борлигидан ҳақли равишда фахрланамиз!..

Тадбир иштирокчилари ўринларидан турганларича севимли шоирини олқишлаб, узоқ вақт тинмай қарсак чалишди.

Учрашув тугагач, ташқарига чиқдик. Исроил Мирзаев исмли домламиз мени тўхтатди ва яна тўрт-беш нафар йигит қизни танлаб олди-да, Абдулла Ориповнинг ёнида жамлади. Шоир билан суратга тушиш асносида Абдулла ака ўртамизда туриб, овозини чиқарганича "Укажонларим, мен сизларни ука, деб суйдим, исботи учун қўлимни қўйдим!" дея китобига дастхат ёзарди. Ушбу сурат Самарқанд вилояти газетасида ва бошқа нашрларда чоп этилди.

 Самарқанд Давлат университети талабаларининг Абдулла Орипов билан учрашуви мана шундай мароқли ва завқли бўлиб ўтган эди. Аслида ҳам севимли шоиримиз кирган ҳар даврада ана шундай адабий руҳ уйғонарди, шеърхонлик авж оларди...   

Абдуқаюм БЕККАМОВ,

Деҳқонобод тумани

Шоир ижодидан

НАВРЎЗ

Аввал юрагингга мўралайди у,

Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.

Заминнинг кўзидан қочади уйқу,

Демак, Баҳор келди,

Келмоқда Наврўз.

Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,

Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.

Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,

Демак, Баҳор келди,

Келмоқда Наврўз.

Она бағри каби илиқдир олам,

Ҳарир ҳовур ичра яйрар дала-туз.

Қолди пучмоқларда хазон янглиғ ғам,

Демак, Баҳор келди,

Келмоқда Наврўз.

Яна кўнгиллардан рутубат кетди,

Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.

Яна дилдорликнинг фурсати етди,

Демак, Баҳор келди,

Келмоқда Наврўз.

 

ДУНЁ

Бир кимса умрининг сўнгига қадар,

Йиғди молу дунё, йиғди сийму зар.

Уни қизиқтирди на дўстнинг ҳоли,

Ва на қўшнисининг ўксик аҳволи.

У чиндан мол-мулкнинг жиловин тутди,

Фақат нафс ортидан от суриб ўтди.

Бир куни ба ҳукми тақдири азал,

Шамширин кўтариб келди-ку ажал.

Энди на сийму зар қутқара олур,

На биллур, на гавҳар қутқара олур.

Рози ё норизо - фарқи йўқ мутлоқ,

Бундай чоқ чорасиз ҳатто дўст-ўртоқ.

Бешафқат ажалга берар экан тан,

У деди: "Шу экан, дунё шу экан".

Марҳумга марҳумлик кўрилгай лойиқ,

Уни қабристонга элтди халойиқ.

Уюм тупроқ бўлди қувончи-ғами,

Кимдир боқиб деди:

"Шунга шунчами"...

 АКТЁР

Бир кун томошага тушиб лаҳзада

Турфа актёрларни кўриб қайтибсан.

Лекин сен уларни фақат саҳнада

Мавжуд деб ўйласанг, бекор айтибсан.

Чин актёр санъат деб, бағрини тиғлаб

Амаллаб кунини кўриб юради.

Шундай инсонлар бор, бир кўзи йиғлаб

Битта кўзи эса кулиб туради.

Шундай инсонлар бор, вой отам, дея,

Бир зумда ўзгарар турқи, сиёғи.

Лекин ўша маҳал, ўша сония

Онасин кўксида турар оёғи.

Шундай инсонлар бор, гўё юртпарвар

Юртини улуғлар гўё ҳар сўзи.

Лекин разм солиб қарасанг агар,

Амал поясида иккала кўзи.

Шундай инсонлар бор, халқим дер ҳамон

Сўзлайди ҳамиша олиб халқ ёнин.

Бир қўли кўксида, бир қўли бироқ,

Тозалаб туради халқнинг ҳамёнин.

Санъатга умрини ким этмиш фидо,

Шарафи юксалсин, оламни тутсин.

Ҳаётни ўйин деб билганнинг аммо

Толеи кулмасин, бири кам ўтсин.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!