Меню

Қашқадарё

31.05.2018 1656

ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИНИ КЕНГ ЖОРИЙ ЭТИШГА НИМА ХАЛАЛ БЕРАЯПТИ?

Президентимизнинг 2017 йил 26 майдаги "2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш каби мақсадлар кўзланган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси "Физика-Қуёш" илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти, Халқаро қуёш энергияси институти, "Муборак иссиқлик электр маркази" МЧЖ мутахассислари, ёш олимлар, тадқиқотчилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумки, бутун инсоният ҳаётида муҳим ўрин тутувчи энергия ресурсларига талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, агар ишлаб чиқариш шу суръатда давом этса, жаҳондаги нефть захиралари 40-50 йилга, табиий газ 70-75 йилга, тошкўмир 165-170 йилга, қўнғир кўмир эса 450-500 йилга етиши мумкин, холос.

Улар тақчиллигининг олдини олиш учун эса  келгусида энергетиканинг янги манбаларидан самарали фойдаланиш йўлларини излаб топиш керак. Шу боис, кўплаб ривожланган давлатларда чекланган энергия ресурсларга муқобил тарзда қайта тикланувчи энергетика манбалари (қуёш, шамол, сув ресурслари, геотермал манбалар ҳамда маиший чиқиндилардан олинган биогаз)дан фойдаланишга ўтиш бўйича жадал ҳаракатлар бормоқда.

- Таъкидлаш жоизки, ҳар бир мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлашда қайта тикланувчи энергетика манбалари муҳим ўрин тутади, - дейди "Муборак иссиқлик электр маркази" МЧЖ бош муҳандиси Роҳатали Ҳайитов. - Бу манбалардан олис ҳудудлар - тоғ ва чўлларда, мавсумий ишларда ёки иссиқлик ва ичимлик сувига бўлган талабни қондиришда фойдаланиш анча қулай ва афзал.

Анжуман иштирокчиларининг таъкидлашича, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан юртимизда 2025 йилгача биргина ижтимоий соҳа ва аграр сектор объектларида 56,5 миллион куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 807,3 миллион кВт соатдан ортиқ электр энергиясини тежаб қолишга эришиш мумкин. Албатта, кўп гап маблағга бориб тақалади. Бироқ дунё тажрибасини атрофлича ўрганиш муаммони самарали ҳал этиш имконини беради. Демак, бу йўналишда соҳа мутахассислари зиммасида катта вазифа бор.

Тадбирда, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбалари асосида ишлайдиган қурилмалардан фойдаланишни кенгайтириш, унинг афзалликлари, бу борада ечимини кутаётган муаммолар, қуёш, шамол ва биомасса энергиялари, биогаз технологияларининг қўлланиши ҳақида фикр алмашилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари янги элементларини коммунал соҳа, олис ҳудудларда жойлашган уй-жой, тиббиёт ва таълим муассасаларида қўллаш масаласига эътибор қаратилди. Айни шу технология ва ускуналарнинг намойиши кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

 

С.АЛЛАЁРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!