Меню
Қашқадарё
ҚАЙСИ ҚОНУНЛАРГА ҚАНДАЙ ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛДИ?
Хусусан, Президент томонидан шу йилнинг 23 июлида имзоланган “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ бир қанча ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни 24-моддасига халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари бир йилда камида бир марта ўз мажлисида вилоятлар ва туман (шаҳар)лар судлари раисларининг тегишли суднинг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотни эшитиш тўғрисидаги қўшимча киритилди. Кенгашнинг ахборот юзасидан қабул қилган қарори Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига юборилади.
Бу норма Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига ҳам киритилди. Шунингдек, судьялар бир ойда камида бир марта жойларда аҳоли билан учрашувларни ташкил этиши, жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши белгиланди. Мақсад суд қарорларининг асосли, адолатли ва қонуний бўлишини таъминлаш, судьяларнинг масъулияти ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда фуқароларимизни судлар фаолиятидан кенг хабардор қилиш, аҳоли ўртасида судларга бўлган ишончни таъминлашга қаратилган.
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонундаги “фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисининг” деган сўзлар “туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис” сўзлари билан алмаштирилди. Уларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан бўшатиш тартиблари ўзгарди. Мақсад бу мутахассисларнинг маҳаллалардаги ролини ошириш орқали оилавий муносабатларни самарали тартибга солиш, оилада соғлом муҳитни яратиш ва никоҳ бузилишларини камайтиришга эришишдир.
“Прокуратура тўғрисида”ги Қонун Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятига оид 182-модда билан тўлдирилди. Президентнинг 2018 йил 7 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2018 йил 1 августдан қуйидаги ташкилотлар тугатилаётгани таъкидлаб ўтилган. Булар: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси, Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси, Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси, “Ўзсувназорат” республика сув инспекцияси, “Ўздавуруғназоратмарказ” қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази, “Ўзстандарт” агентлигининг “Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш “Сифат” маркази” давлат корхонасидир. Инспекция тугатилаётган ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Уларнинг вазифалари, функциялари ва ваколатлари Инспекцияга ўтказилди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси Ҳисоб палатасининг қонуний фаолиятига тўсқинлиқ қилиш, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги органлари, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси талабларини бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатларига оид моддалар билан тўлдирилди. Бу органларнинг ваколатлари, уларнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича жазо ва жарима миқдорлари белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги, “Уруғчилик тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунлари Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органлари ходимларининг вазифаси, ҳуқуқ ва ваколатларига оид нормалар билан тўлдирилди.
Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 28-29 июнь кунлари бўлиб ўтган ўн бешинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Фуқаролик кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига, Солиқ кодексига, Божхона кодексига, Бюджет кодексига, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мақсад тадбиркорликка кенг йўл очиш ва тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган.
Ушбу ўзгаришлар замирида муқаддам жорий қилиниб, бугунги кунда хато деб топилган камчиликларга барҳам бериш, халқ ва жамият олдида турган муаммоларни ҳал этиш, адолатли ва инсонпарвар фуқаролик жамияти қуриш орқали фуқароларимизни ҳаёт, жамият, давлат ва давлат хизматчиларидан рози қилиш мақсади ётибди.
Абдишукур ОМОНОВ,
вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бошлиғи