Меню

Қашқадарё

16.10.2020 2089

ҚАЙСИ МАҲСУЛОТЛАР ВИРУСНИНГ ИЛДИЗИНИ ҚИРҚАДИ?

Мутахассис тавсияси

Маълумки, грипп ва шу каби вирусли касалликлар юқишининг олдини олиш, уларни даволашда  турли хил сабзавотлар, мева ва резаворлар самарали таъсирга эга. Қолаверса, айни вақтда бутун дунёни хавотирга солиб турган Covid-19 вирусини даволовчи бирор-бир модда аниқланмаган бўлса-да, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари уни "бўғиб", тарқалишининг олдини олиши мумкин.

Қуйида турли вирусларга қарши курашишда энг самарали таъсирга эга бўлган маҳсулотлар ҳақида тўхталамиз.

Саримсоқпиёз ва пиёз

Саримсоқпиёз ва пиёзнинг тумов, шамоллаш ва гриппга қарши яхши восита эканлиги азалдан маълум.

Саримсоқдан ҳар куни 2-3 тишча, ўртача катталикдаги лўнда пиёздан яримтасини овқатга қўшиб ейиш фойдали. Уларнинг таркибида аллинин моддаси бўлиб, саримсоқ ва пиёз эзилса, кесилса у бактерия ва микробларни ўлдирадиган аллицин деган органик бирикмага айланади (аллицин эса табиий антибиотик ҳисобланади). Шунинг учун улар чайнаб ёки майда кесиб истеъмол қилинади. Бундан ташқари, хонангизда   3-4 жойда кесиб ёки эзиб қўйилган саримсоқ ёки пиёз сақланса ҳам бу нарса ҳаводаги касаллик тарқатувчи микроб ва бактериялар камайишига олиб келади.

Лимон

Лимон ҳам жуда шифобахш  бўлиб, унинг витаминларга бой маҳсулот эканлиги маълум. Нордон бўлишига қарамасдан истеъмол қилинганида организмда ишқорийликни кучайтиради. Бу эса организмнинг вирусларга қарши курашишида муҳим аҳамиятга эга.

Лимонни кўпчилик қайноқ чой ёки кофе билан (шакар қўшиб) истеъмол қилишади ва аксарият ҳолларда пўстини ажратиб ташлашади. Лекин унинг барча фойдали хусусиятлари айнан пўстида. Шунинг учун лимон бўлакларини чой ёки кофега солиб ичишдан кўра устига бироз асал суртиб пўсти билан чайнаб еган маъқул, шунда фойдаси катта бўлади. Кўп ҳолларда тумов ва гриппни шу йўл билан даволаш мумкин, бу касалликларнинг чақирувчилари ҳам вирус. Шундай экан, лимон истеъмол қилиб турсангиз, бу коронавируснинг олдини олиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

Навбатдаги маҳсулот - занжабил

Занжабил кишиларга зиравор ва шифобахш восита сифатида қадимдан маълум. У асрлар давомида универсал дори воситаси ва зиравор сифатида кенг қўлланилади. Айниқса, вирусли касалликларни даволашда, хусусан, қадимда ўлатнинг олдини олишда асосий дори воситаси ҳисобланган. У иммунитетни ошириши, микробларга қирон келтириши билан ҳам саримсоққа ўхшаб кетади. Аллома  Ибн Сино занжабилга пиёз ва мингдевона уруғларини аралаштириб дудлатиш йўли билан кариесни даволашни энг афзал восита деб билган.

 

Занжабил илдизи халқ табобатида бир неча минг йиллардан бери ишлатиб келинади. Боиси, илдизида гингерол моддаси бўлиб, у танани иситади ва унга кирган микроб ҳамда вирусларни ўлдиради.

Занжабилда С, В1, В2, А витаминлари ҳамда микроэлементлар мўл бўлади, қатор алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар (валин, лейцин, метионин, треонин, триптофан, фенилаланин) ҳам учрайди ва шу боис у танадаги метаболик жараёнларни жадаллаштиради.

Бугунги кунда занжабил кўпгина табиий дори-дармонлар таркибига киритилиб, организмни турли иллатлардан ҳимоя қилишда ва бир қанча касалликларга қарши курашда кенг истеъмол қилинмоқда.

Куркума ёки зарчава

Куркума ўсимлиги пояси одатда озиқ-овқатда буёқ, овқатга хуш таъм берувчи модда сифатида ишлатилади. Шу билан биргаликда, у азалдан Хитой ва ҳинд халқида шамоллашга қарши восита тарзида ҳам қўлланган.

Куркума энг кучли табиий антибиотиклардан бири бўлиб, яллиғланиш ҳолатларини бартараф қилади.

Унинг турли таомларга хуруш  бериш учун истеъмол қилиниши ўз ўрнида ошқозон-ичакларда иммун тизимини ҳам рағбатлантиради ва шу йўл билан вируслар тарқатадиган хавфли юқумли касалликлардан ҳимоя қилади.

Маълумки, танамиздаги иммун тизимининг 80 фоизи ошқозон-ичакларда шаклланади, шунинг учун занжабил, куркума сингари қўшимча маҳсулотларни таомлар билан истеъмол қилиб туриш айниқса коронавирус пандемияси даврида жуда фойдалидир.

Шониёз ҚУРБОНОВ,  

биология фанлари доктори, профессор

 Абдулазиз ҚУРБОНОВ,

биология фанлари номзоди, доцент

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!