Меню
Қашқадарё
ҲАЙРАТУ ҲАЯЖОНГА ҲАМОҲАНГ ТАДБИРЛАР
Ёдингизда бўлса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил апрель ойида вилоятимизга ташрифи чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни барча маҳаллаларга олиб кириш, маданий-маърифий тадбирлар ва ижодий учрашувлар, концерт дастурлари орқали тарғиб этиш, халқимиз кайфиятини кўтариш бўйича топшириқ берилган эди.
Маданият ва санъат ходимлари, ижод аҳли ана шу топшириққа “лаббай” деб, Қашқадарёга келишган экан, улар иштирокида Қарши шаҳри ва барча туманлардаги маданият саройларида, маҳалла гузарларида турли адабий-бадиий тадбирлар ўтказилмоқда.
Бунақаси ҳали бўлмаган. Ҳозир воҳамизнинг қай бир гўшасида бўлманг, байрам тантаналарининг, шодиёнанинг устидан чиқасиз. Одамларнинг хурсандчилигини айтмайсизми. Қўшнисини қишлоқдаги концертга таклиф қилаётганлар “Тошкентдан казо-казо санъаткорлар келибди” деган гапига ҳамқишлоғининг ишонмаганидан ҳайрон. Айниқса, киносевар ёшлар ўзлари телевизорда кўриб юрган, ҳавас қилган актёрлари билан юзма-юз кўришганидан ҳайратда.
Ана шундай шукуҳли дамлар кечаяпти Қашқадарёда. Кимларнингдир наздида тўйларда ва бошқа хурсандчилик кунларда кўриш орзу бўлган санъаткорлар, китоблари қўлма-қўл бўлиб ситилиб кетган адиблар кезиб юрибди Қашқадарёда. Одамларнинг ҳар бир куни тўйга айланаяпти, хуш кайфият дилдан дилга кўчиб юрибди Қашқадарёда.
- Бу тадбир маданият ва санъат аҳлини, шоиру ёзувчиларни халққа янада яқинлаштиради, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов. – Очиғи, одамларнинг юзидаги меҳр тафти, самимий қувонч кишига катта куч, энергия беради. Ахир ҳофиз кимдан қувват олади? Албатта, мухлислардан, санъатни тушунадиган, унинг қадрига етадиган инсонлардан.
Тадбирлар доирасида миллий фильмларимиз намойиши, тасвирий санъат асарлари, миллий либослар ҳамда ҳунармандчилик намуналари кўргазмалари ҳам ташкил этилмоқда.
А.ДАВРОН