Меню

Қашқадарё

04.04.2017 3320

ҒАЙРАТ КАМАРИНИ БЕЛГА БОЙЛАЙИН...

Бахшининг “Қўнғирот” достонида бу жиҳат ёрқин намоён бўлади. Достонда тўқсон икки бовли ўзбек миллатининг бир бўғини - қўнғирот уруғининг келиб чиқиши, уруғ ва тармоқларга бўлиниши ҳамда урф-анъаналари, расм-русумлари, ирим-сиримлари маҳорат билан бахшиёна – шоирона руҳда ёритилган. Достон қуйидагича бошланади:

“Жуда қадим замонлар қаърида, Одам Ота, Момо Ҳаводан берида, шоҳлик, хонликлардан нарида Ота Турк деган машҳур бош бўғун авлод ўтди...”

Ота Туркнинг фарзандлари ер юзининг чор томонига ажриқдай томир ёйиб тарқалди. Энг катта ўғли Ўзбеклибойга эса тақдир тақозоси билан отанинг меҳри тушиб, “Ҳамудан берман, Ўрта Жуз водийси”ни мерос қилади. Ўзбеклибой ўзига мерос бўлиб теккан ерга оқсоқоллик, ҳокимлик мавқеини эгаллайди. Бу орада падари бузруквори Ота Турк бандалик қилади. Уни хоки тупроқ этадилар. Кейин бу юртни у кишининг улуғ ҳурматига Туркистон деб аташади. Ана шундан бошлаб Туркистон мамлакати вужудга кела бошлайди. Турклар ўз мавқесини эгаллайди. Бу сюжет достонда батафсил баён этилган.

Ўзбеклибой бир неча ўғилни тарбиялаб, вояга етказиб, ҳар тарафга жўнатиб, юртларга эгалик қилдиради. Кенжа ўғли Маматқулбой мол-мулки ҳисобсиз, кўп бўлиб, Бойсун музофотига келиб қўним  топади. Ҳар хил сабаб ва хизматларига кўра Маматқулбой Чилбир чўлидан тортиб, Кўҳитонг, Оқтов, Оқбош, Сарғоя, Хомкан Бойсун, Боботоғ тизмалари бўйлаб то ҳозирги Тожикистоннинг Қоводиён музофотигача ер-юрти, тоғ-дашти, чўл-саҳросига эгалик қилади. Яъни “Яратганнинг марҳаматидан деб яшаб, давру даврон сураверади...”

Достонда Маматқулбой шундай тасвирланади:

“Маматқулбой эса олчанглаб, салласининг пешини чигилинг қилиб қайтариб, липага носқовоқни уриб, соқолди кузаб, полвон тенаси, залворли қадамлари, кенгиш елкаси, буғдойранг юзли, бургут қовоқли, лочин кўзли, дўнг пешонали, оқ иштон-кўйлакли, маҳси-кавушли, эгнида қирмизи желак билан гоҳ у ўтовда, гоҳ бу ўтовда даврон сураверди...”

Бойнинг хотинлари тасвирини ўқиганимизда кўз ўнгимизда қадим момоларимиз эъзозлаб кийган кийимлару ардоқлаб таққан тақинчоқлар гавдаланади:

“Икки ўтовни бир-бирига қаратиб тиккан, икки хотини саллани қиёвон қилиб ўраган, остидан кийгичини кийган, хапамат билан зебигардонни таққан, бурунда летиба, қулоқда беш оёқли сирға, бўйнида гавҳар ва дурдан нақш қилиб тўқилган дардиғазна, ийнида ҳаворанг ипак минисак, остидан кўзни олувчи чўғдай адрас, адраснинг устидан қуббали халат, билагида тилла билакузук, бармоқларида олтин кўзли узуклар, оёқда чақа теридан маҳси-кавуш. Хуллас, бойнинг қўш хотини қўшилиб, билак сочлари белига эшилиб, кўрганнинг юрак-бағри тешилиб, каклик юриш, кийик туриш ва ҳилол ўтириш қилиб яшайберди...”

Гарчи бу узундан-узоқ иқтибос бўлса-да, у ўқувчини зериктирмайди, балки қизиқтиради. Унда қўнғирот бойларининг ўтмишдаги оилавий ҳаёти, кийиниш маданияти, юриш-туриши, миллий урф-одатлари ўз ифодасини топган.

Достонда ўзбеклар, хусусан, қўнғирот уруғининг урф-одатлари айнан ўзидек табиий куйланган. Бу - бахшининг эл-улус удумларини етарли даражада билганлигидан, албатта. Ёки бахши тўйдаги ўйин-кулги тасвирини берар экан, қўнғиротларнинг чанқовуз, най, сибизиқ, шувиллак сингари мусиқа асбоблари билан халқ оҳангларини чалиб берувчи касби борларни, чалаётган дўмбираси куйига солиб, қўшиғи орқали ёритади. Шу аснода бахшининг халқона оҳангларга усталиги билан бир вақтда унинг шу халққа бўлган меҳр-муҳаббати ҳам намоён бўлади. Шунингдек, достонда қўнғирот йигитларининг улоқ (кўпкари), кураш (олиш), от минган чавандоз пойгаси, пиёда пойга, қиз-жувонларнинг ҳалинчак учиши, дашинмавиқ (беркинмачоқ), қиринқув, тиқмачоқ, чақмоқтош каби миллий ўйинлари ҳам ўзбекона, қўнғиротона таомилда баён этилган. Яна бу элнинг соддалиги - кўз тегиш, суқланиш  каби бидъатларга ишониши, меҳмоннавозлиги, меҳнатсеварлиги, тўпорилиги ҳам достонда бор ранглари билан куйга солинган.

Қўнғирот бойлари ҳақида сўз кетганида эса Маматқулбойнинг ўз чўпонларига кўрсатган ҳиммати айтилади:

Ғайрат камарини белга бойлайин,

Ҳимматимни камдармонга солайин.

Мурид чиққан чўпонлардан қарагин,

Нечов бўлса уйли-жойли қилайин.

Ёки қадимий ва навқирон бир удум - совчилик ҳақида достонда қизиқ лавҳалар келтирилади. “Уйингизнинг олдига тикон ташладик, бош эгиб келдик, қудачилик минг йилчилик”, дейди совчилар қиз уйига борганда. Тўй лавҳалари эса ундан-да қизиқарли ва халқона:

 “Ана энди у томонда куёв навкарлар ҳам қуёшдай ярқиллаб, тойдай диркиллаб, семизлари иркиллаб кўринади. Тўйга йиғилган элат куёвни кўришга ошиқади, душман оёққа, дўстлар бошга қарайди. Ўртада Алиқул Бекжон ёқасиз кўйлак, унинг устидан сап тоза матодан беқасам тўн, белида белқарс, оёқда ғарчиллайдиган нўғай хироми этик, лекин куёв анча тетик, буғдойранг, елкалари кенгиш, ўнг қўлини енг ичига олиб, таомилга кўра оғиз ва бурнини енги билан ёпиб, хиёл энгашиб, бир-бир босиб келаётир. Кайвонилар куёвни мулла Маҳмуднинг олдига, келинни дугоналари билан куёвнинг орқасидан юргизиб, бошқа ўтовга киргиздилар. Шул орада биров қиз ота, икков вакил сўрагич бўлиб, ишга тушдилар. Вакил сўрагич қатнай-қатнай анча ўтиб, қудаларнинг пули кетиб, қизлар келинга “розиман”, деб айттирди. Шундан сўнг келинни мулла Маҳмуднинг олдига олиб келиб, никоҳ қия бошлади. Уялиб, қизариб келин-куёв вакилини бериб рози бўлишди. Қиз ота, Мулла Маҳмуд, икки вакил сўрагич тийямал ҳақини олиб, ўтовдан чиқиб кетгач, бу ерда келин-куёв, кайвони хотинлар қолди, ирим-сирим бошланди. Келин билан куёвнинг ўнг елкасидан ийнада сабоқ ўтказиб, тортинглар, деди. Куёв сабоқни узиб кетди...”

Халқнинг кўҳна тўйларидаги энг қизиқ ўринлар, шаксиз, бахшиёна оҳанглар жўрлигида ўтган. Бахши тўйни қиздирувчи, ҳар тўйга келганида шу элнинг одамларига бир янги терма қанотида бирор янгилик ҳам келтирувчи одам бўлган. Достонда ҳам бахши образи маҳорат билан чизилади:

“Ташқарида эса ой ёруғида мингдан ошиқ одам жийилган. Қурнинг бошида мардош қуриб ўтирган бахшининг овози эшитилади. Қий-чув босилгандан сўнг ҳамма бахшининг термаларини тинглайди, кўплар термалардан маъно англайди...”

Ана шундан кейин келин куёвнинг уйига олиб келинади. Бу ерда келиннинг олдига чиққан, тутинган онаси хизматлари, келин кўрсатар, унинг одамларга таъзим бериши, уларнинг “кўп яшанг, қуйруқ ошанг”, деган самимий олқишлари, кейин келин билан қайнона, қайинсингилларининг бирор совға билан кўришишлари, келиннинг  бетидаги чимматини келин хосиятли, хислатли бўлсин деб бир болакайнинг ўқлов билан очиши,  келин бошидан тилла, кумуш, мева-чевалар сочилиши, ерга тушганини болакайлар талашиб-тортишиб териб олиши сингари расм-русумларни бахши моҳирлик билан тараннум этади. Буларни ўқиган ё тинглаган кишининг кўз ўнгида ўзбек миллий тўйлари намоён бўлади. Турли жойларда турлича ўтказиладиган ўзига хос одатлардан бохабар бўласиз, айримларининг асл маъносини бахши кўмагида билиб оласиз.

Бахшининг достону термаларини таҳлил, талқин қилиш ҳали олдинда. Биз эса шу ерда сўзимизни мухтасар қилиб, Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси, қатор танловлар ғолиби, Марказий Осиё бахшилари етакчиси Қаҳҳор бахши Раҳимовни 60 йиллик юбилейи муносабати билан самимий қутлаб, юксак ижодий баркамоллик ҳамиша ҳамроҳ бўлсин, деймиз. Ўз қаҳрамонлари сингари “ғайрат камарини белга бойлайин”, дея илҳом билан ижод қилаверсин...

Йўлдош МИРЗАЕВ,

публицист

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!