Меню
Қашқадарё
Аёзда пайкалдан янги узилгани барибир бошқача-да...
Пишиқчилик мавсумида кўрганда кўпам ҳавас уйғотмайдиган мева ва сабзавотлар айни қиш қаҳратони ҳукм сураётган дамларда дастурхонга тортилса, оғиздан суви оқади кишининг. Тўғри, ҳозир уларни йилнинг исталган вақтида топиш мумкин. Бироқ аёзда пайкалдан янги узилгани барибир бошқача-да...
Биламиз, китоблик деҳқонлар ўзлари етиштирган узум ва анор мевалари билан машҳур. Энди бу ҳудудда иссиқхона шароитида ҳосил етиштириш кўрсаткичлари ҳам ортиб бораяпти. Иссиқхонада помидор, бодринг, қалампир каби экинларни экаётганларни кўп эшитганмиз. Мана, улар сафида қулупнайчилар ҳам кўпайиб қолибди.
Fиёсиддин Зайниев 8 минг 700 нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган Паландара маҳалласида қулупнай етиштиришни биринчилардан бўлиб йўлга қўйди.
- У ўртада бир муддат ишсиз қолди, - дейди шу маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насим Раҳматов. - Мамлакатимизда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида яратилган имкониятлардан фойдаланиб, дастлаб томорқасида 4 сотихлик иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит олди. У тажриба сифатида қулупнай экиб кўрди. Меҳнатини қилса, ер ҳам яйрайди, биринчи йилдаёқ даромадга кириб, банк кредитини муддатидан олдин тўлади. Кейинчалик эса 80 сотихлик бўш турган иссиқхонани ижарага олиб, фаолиятини кенгайтирди.
Айни вақтда йирик иссиқхонада оила аъзолари билан қулупнай етиштириб келаётган Fиёсиддин Зайниевнинг кайфияти яхши. Даромади зўр. "Фақат кўп мақтаб ёзманг, кўз тегмасин", дейди биз билан суҳбатда у ҳазиломуз оҳангда.
- Ишсизлик ҳақиқатда инсон руҳиятига таъсир қилади, - дейди у. - Буни мен бошимдан ўтказганман. Пулсиз бўлсангиз орзуларингиз ушалиши ҳам қийин. Рўзғор ташвиши, болалар келажаги ҳақида ўйлаб ўйингизнинг охирини тополмайсиз. Шундай пайтларни эсласам ҳозирги кунимга шукур қиламан. Биргина сал туртки сабаб мен ўзимни тиклаб олдим. Ташвишларим ариди. Шу ерда оилавий меҳнат қилиб кам бўлаётганимиз йўқ. Қолаверса, мавсумий ишчиларимиз ҳам бор. Даромадимиз яхши.
Fиёсиддин Зайниев қулупнай етиштириш илмини ўзлаштираркан, барчасини обдан ўрганди. Эҳтимол, шунинг учун харидорлари ҳам тайёр ва улар декабрь ойининг сўнгги кунларидан то май ойининг охиригача иссиқхонанинг ўзидан тайёр маҳсулотни сотиб олишади.
- Бу қулупнай "Корея" нави, - дейди деҳқон. - Энг муҳими парваришида кимёвий воситалардан фойдаланмаймиз. Маҳаллий ўғит билан етиштирилган қулупнайларни самарқандликлар жойидан сотиб олишади. Таъми ширин. Биз эса эл дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз.
Дарҳақиқат, меҳнат қилган элда азиз. Яхши ният билан ерга кетмон урган киши борки, ризқсиз қолмайди. Бугун мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятида ҳам халқимиз учун фаровон турмуш тарзини таъминлаш мақсади мужассам. Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб келаётганлар эса кам бўлмаяпти.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган суратлар.