Меню

Қашқадарё

02.02.2021 1743

ҲАЁТ ЎЗИНИНГ ЧИГАЛ, МУРАККАБ ЎЗАНЛАРИ БЎЙЛАБ ОҚАДИ

 

Сараланган сатрлар

Кейинги вақтларда чоп этилаётган кўп китобларни варақларкансиз, воқеалари сунъий, ўйлаб топилгани аён кўриниб турган, одамлари одамга ўхшамай гапирадиган асарларга дуч келасиз. Яна айрим қаламкашлар мавҳум нарсаларни ёзсам, одамлар тушунмаса, кучли ижодкорлар сирасига кираман, деб тусмол қилади чамаси жумлалари пачоқ, сюжети ҳеч бир мантиққа мос келмайдиган ҳодисаларни ўйлаб топишади ва энса қотиришдан бошқа нарсани қойил қилишмайди. Албатта, ижодкорда Худо юқтирган қобилият, юксак тафаккур бўлмаса, чинакам ҳаётдан бехабар бўлса, ана шундай бўлар-бўлмас ёзилдиқлар урчийверади...

Қўлимда 60 минг нусхада чоп этилганига нақ ярим аср бўлган, ёзувчи Асқад Мухтор қаламига мансуб "Чинор" романи турибди. Мутолаа асносида, мавзу оқими қаерга бурилмасин, ҳамма-ҳаммаси хаёл сарҳадларида аниқ-тиниқ намоён бўлаётганидан завқ-ҳайрат туймаслик мумкин эмас. Тўқсон тўрт ёшни қоралаган Очил бува билан бирга юртимизнинг турфа манзиллари, Амударё кенгликларидан тортиб олис немис диёригача кезиб чиқасиз.

Турли ривоят, ҳикоят ва қиссалардан иборат роман ўзбек оиласи ҳақида. Бу оила катта, қадимий, маданий, тагли-зотли. Унинг ҳар бир аъзоси маълум масъулиятни зиммасига олган. Чуқур томир ёйган, бақувват ва кўҳна Чинор мангулик тимсоли, халқимиз рамзидир.

Гарчи айрим ўринларда муаллифнинг ҳукмрон тузум билан ҳисоблашишга мажбур бўлгани ҳам кўзга ташланса-да, ушбу битиклар ортида катта истеъдод эгаси, ҳаёт, адабиёт билимдони, кучли тафаккур эгаси турганидан кўз юмиб бўлмайди.

Муқаддам Асқад Мухтор қаламига мансуб "Тундаликлар", "Бўронларда бордек ҳаловат", "Бухоронинг жин кўчалари" китобларини ўқиб, вақтим беҳуда сарф бўлмаганига аминлигим айни ҳақиқат. Ўнлаб кино кўрсатиб беролмайдиган ҳаёт манзараларига гувоҳ бўлишни истасангиз, "Чинор"ни варақланг. Афсус қилмайсиз.

* * *

- Агар мен ёзувчи бўлсам, бутун умримни биттагина китоб ёзишга сарфлардим.

- У қандай китоб, бобо?

- Хайрлашув китоби. Табиат билан, унинг ҳусни, кўрки, улуғворлиги билан, барглар, гуллар, тўрғайлар, чашмалар, юлдузлар, саҳролар, жамики гўзалликлар билан тўйиб, хўрсиниб, йиғлаб хайрлашув китоби. Шундай китоб йўқ, болам. Шундай китобни ёзган одам беармон кетарди...

* * *

Жаҳоннинг саккизинчи мўъжизаси бино бўлдими, йўқми - ровийлар билмайдилар. Аммо одам қалбидаги гўзаллик туйғуси мўъжизалар мўъжизаси эканки, инсон усиз инсон эмасдир...

* * *

Ҳаммамиз ҳам шунақа. Инсонни аввало инсон деб эмас, фақат бир ижрочи деб биламиз. Эҳтимол, унинг бошида сеникидан ҳам чигалроқ саволлар, балки гўзал фикрлар бордир.

* * *

Одам минг йиллардан бери яхши яшай деб интилади, курашади, меҳнат қилади, заҳмат чекади. Бугунга келиб у сал тузук яшай бошласа, нимага ҳайратда қолишимиз керак, тушунмайман?

* * *

Одамлар ўзи учун - худди ўзи, ўз инсонийлиги, ўз ўйлари билан... Идорада ёки мажлисга борса-чи, шундоқ плакат бўлади-қолади. Баъзилари буни ўзи билиб қилади, баъзилар эса билмай. Яъни, бир қиёфада икки киши бўлиб яшашга ўрганиб, шундай тарбияланиб қолган. Бунинг иккаласи ҳам яхши эмас.

* * *

Йўқ, ҳаётни жўнлаштириб бўлмайди. У ўзининг чигал, мураккаб ўзанлари бўйлаб оқади.

* * *

"...айрим раҳбар ходимлар ижодий кишилар эмас, қуруқ ижрочиларга айланиб қолаётгани йўқми? Раҳбарлик деганимиз гоҳо кўрсатма берадиган механизмга ўхшаб қолмаяптими? Халқ билади: кўпчилигимиз ақлли кишилармиз. Лекин қалбимиз ҳам борлигини билишармикан? Бордию, одамлар раҳбарни қалбсиз деб ўйласа - бу даҳшат-ку ахир!"

* * *

Чайлада пичан устида ётиб қолганмисиз? Ҳидига маст бўлиб ухлайди одам. Шабнамдан кўрпангиз нам тортиб оғирлашганда бошингизни мундоқ чиқариб қулоқ солсангиз, қовун полизда кўкчаларнинг тарс-тарс ёрилганини эшитасиз. Тонг-саҳар шабнам кўтарилмай туриб, яланг оёқ югуриб ўша ёрилганини тонг совуғи билан карсиллатиб еб олсангиз борми!

* * *

"Қариликда одам кўпроқ хотиралари билан яшайди. Келажак йўқ. Баъзан ёлғиз хотиралар билан қоласан. Бордию хотираларинг ҳам арзигулик бўлмаса-чи! Бордию ўтган дамларингни эслашга номус қилсанг-чи - бу жуда оғир, болам, бу кексалик эмас, бу зим-зиё, зулмат!"

* * *

"Энг даҳшатли йиртқич - қуён".

* * *

Ҳаёт бераҳм. Қўрқоққа айниқса  бераҳм.

* * *

Чиройли нарса соф бўлиши керак. Одамларнинг туйғулари билан ўйнашиш гуноҳ.

* * *

...бемор одам инжиқ бўлади, бунинг устига, ётавериб бировнинг кайфияти билан ҳисоблашмайдиган худбин ҳам бўлиб қолади.

* * *

Баҳор билан видолашув! Авжи баҳор чоғи ҳаётдан кетиш... Бундан ҳам оғир ўлим бўлмаса керак!

* * *

"Тожлар, тахтлар, меҳроблар қонга бўялганини эшитганман... Ўлим фабрикасининг дарвозасига "Меҳнат ва Озодлик" деб ёзиб қўйилганини ҳам билардик. Онасини зўрлаган пасткашлар ўтган. Сиёсатда, муҳаббатда макр-жоду азалдан бор. Гўзаллик бизнесга айланган жойларни ҳам биламиз. Лекин фан даргоҳида қонли излар!.."

* * *

- ...Уруш. Даҳшатли уруш. Жаҳон уруши! Миллионлар бекордан-бекорга ўлиб кетяпти. Шундай вақтда шулардан беш-ўнтаси фан учун қурбон қилинса, денгиздан бир томчи-ку! Фан учун!..

- Бас! Фанни тилга олманг! Фанга алоқангиз йўқ сизнинг. Ганс Браун поэзия тили билан халқларни қиришга чақириб, ўзини шоир деб атаган. Освенцим печларини ўйлаб чиқарганлар ҳам ўзларини инженер деб ҳисоблаганлар. Аммо бу билан уларни фашистмас деб бўладими?

* * *

Кимлардир тирик вужудни, мия фаолиятини бутун илоҳий қудрати билан кибернетик моделда такрорлашга уринади. Кимлардир модданинг туганмас сирларига, самовий оламларнинг сеҳрларини фош этишга интилади. Ҳаммаси инсон учун, унинг қудрати, шарофати билан; айни пайтда кимлардадир миллиард йиллар илгариги ибтидоий йиртқичлик инстинктлари ҳали тирик...

Яқинда телевизорда бир тошни, унинг соясини кўрсатишди, балки эртага уни музейга қўярмиз. Ой тоши... Биздан миллион-миллион нур йиллари узоқлигидаги туманликларнинг  кимёвий таркиби аниқ. Аммо инсон билан ҳайвоннинг чегараси қаерда - биз буни ҳали билмаймиз.

Чиндан ҳам инсонликнинг чегараси қаерда? Идеал, олижаноб инсоний покликдан ҳали шунчалар узоқмизми? Ёки ҳамма одамлар ҳам инсон эмасми? Нега бўлмаса қонунлар бир, ҳуқуқлар бир, унвонлар бир?..

Бир епископ шундай деган эди: "Ҳайвоний инстинктлар инсонга таҳдид сололмайди. Инсон ҳайвонлик босқичидан аллақачон ўтиб кетган. Энди унга иблислик таҳдид солиши мумкин, холос".

* * *

...бориб-бориб одамнинг ахлоқ бойлиги етмай қолмасмикан - мен нуқул шуни ўйлайдиган бўлиб қолдим. Одам ядро ичидаги даҳшатли кучларни озод қиляпти, бу билан у ўзи ҳам жисмоний жиҳатдан юз марта, минг марта кучлироқ бўлади. Бу қудратни ўзига қарши қаратмаслик учун ахлоқий кучи етармикан? Ахлоқий иродани ядродан олиб бўлмайди, фандан олиб бўлмайди, қаердан олади?..

* * *

"Одам ўзи туфайли одам ўлдирмайди, ёру биродарлари туфайли ўлдириш осонроқ, "жамият манфаати" учун эса минглаб одамларни қиришади!"

* * *

"Эшитганмисан, Африкада бир хил чумоли бўлар экан. Тўда-тўда бўлиб силжиганда икки-уч таноб ер қоп-қора бўлар экан. Агар йўлда чуқурлик учраса, олдиндагилар ўзини чуқурга ташлайвераркан, кейиндагилар унинг устига, ундан кейин етиб келганлар яна унинг устига, ишқилиб, чуқурни ўз гавдалари билан тўлатиб, кўприк ҳосил қилмагунча бир-бирларининг устига ташлайверар эканлар. Бордию бу чуқур эмас, тубсиз жарлик бўлса-чи, Йўлдошвой? Маълумки, чумолилардан биронтаси буни билмайди ҳам, ўйламайди ҳам. Улар фақат бирин-кетин юриш кераклигини, ҳалок бўлганда ҳам бирин-кетин ҳалок бўлиш кераклигини билади. Миллиардлар ўз жасадидан кўприк ясайди, орқадаги миллиардлар шу кўприкдан ҳеч нарса бўлмагандай ўтиб кетади. Мен жарга ўзимни ташламай орқага қайтсам-чи, чумоли бўлишни истамасам-чи...

* * *

Бекорчилик - ҳар қандай номаъқулчиликларнинг онаси! Ичкилик, безорилик, бузилиш, одобсизлик - ҳаммаси бекорчиликдан келиб чиқади.

* * *

...хатони тузатиш учун мардлик керак.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!