Меню

Қашқадарё

28.04.2018 1734

ХАТ ВА ҲАЁТ

Хусусан, Қарши давлат университети қошидаги академик лицей маъмурияти томонидан йўлланган “Академик лицей – кеча ва бугун” мавзусидаги материалда ушбу таълим муассасасининг бир гуруҳ педагоглари юртимизда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ёзишган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 мартдаги “Академик лицейларга умумий ўрта таълим ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш” ҳақидаги қарори асосида бўладиган ўзгаришлар ҳақида қуйидагилар баён этилган:

 “Фаолиятини давом эттирадиган барча академик лицейлар ўз ҳудудларида жойлашган университет таркибига киритилди ва ўқиш муддати икки йил қилиб белгиланди. Шунингдек, узоқдан қатновчи ўқувчилар белгиланган тартибда ётоқхона ҳамда ота-оналар тўлови ҳисобига (ҳар ойига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида) харажатларни қисман қоплаган ҳолда имтиёзли озиқ-овқат билан таъминланадилар. Қувонарлиси, ўқитувчи ва ўқувчиларимиз  нафақат академик лицей кутубхонасидан, балки энди университет кутубхонасидан ҳам эркин фойдаланадилар…”

Таълим-тарбия узлуксиз жараён. Халқимизда фарзанд тарбиясига энг муҳим вазифа сифатида қаралиши ҳам бежиз эмас. Донишмандлар ҳам буни эътироф этган ҳолда фарзанд тарбиясини руҳий, ахлоқий, жисмоний, ақлий, нафсий, ижтимоий йўналишларда олиб бориш лозимлигини таъкидлайдилар. Яккабоғ қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари йўллаган бир даста мактубда ҳам ёшлар тарбиясида ота-оналар ҳамда педагогларнинг масъулияти ҳақида сўз боради:

“Таълим-тарбия жараёнларининг сифатини яхшилаш учун аввало педагогларнинг билим ва малакаларини замонавий усулларда ошириб бориш лозим. Зеро, улар ҳам ота-оналар билан бир қаторда ёшлар тарбияси, мукаммал билим олиш учун масъул. Унутмаслик керакки, Абдулла Авлоний айтганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Зеро, фарзандга тўғри йўл кўрсатилса, ҳаётда ўз ўрнини топади, яхшини ёмондан ажрата олади.  Ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бахтсиз бўлади...”

Касби туманидаги 46-мактаб ўқитувчиси Турсуной Холиқова таҳририятга йўллаган мактуби мазмуни ҳам тарбия ҳақида. У “Таълим сифати ва самарадорлигини оширишда инновацион технологияларнинг ўрни” ҳақида сўз юритади. 

“Ахборот-коммуникация технологиялари ўқитувчининг энг яхши кўмакчисига айланиб улгурди. Педагогнинг дарсга тайёргарлик кўришидан тортиб, уни сифатли, қизиқарли ва натижадор ўтказишида ҳам ўрни тобора ошиб бормоқда...”

Дарҳақиқат, бугун нафақат таълим соҳаси, балки халқ хўжалигининг барча тармоқларида замонавий ахборот технологияларига эҳтиёж ортган. Бинобарин, давр, тараққиёт шуни тақозо қилмоқда.

Чироқчи туманида яшовчи Норқизил Кенгбоевдан келган хатда халқимизнинг маънавий мероси – достончилик тарихи, шаклланиш даври ҳақида мулоҳазалар битилган. Шунингдек, Бойқўчқор Аҳмедов, Улуғбек Абраев каби бах-шилар ижодий фаолиятига назар ташланган.

“Бой-қўчқор бахши Аҳмедов тўрт ёшлигида онасидан етим қолди. Шу боисми, унинг жуссаси кичкина. Аммо қўлига дўмбира олиб термалар куйлаётганини эшитсангиз, бу кичик жуссада катта қалб борлигини, бу қалбда эса болаликнинг аччиқ, дардли дамларидан қолган армонлар акс этаётганини ҳис этасиз”, дея таъриф келтиради муштарий.

Албатта, достончилик санъати бахшидан туғма истеъдод, кучли идрок, тинимсиз машқ қилишни талаб этади. Тингловчиларни ром этувчи оҳанг топа билиш, жозибали ва қизиқарли, халқона содда тилда куйлаш оқиннинг маҳоратини ифодалайди.

Сув – ҳаётнинг энг улуғ мўъжизаси. Маълумки, барча жонзотлар ҳаёти, экин-тикинлар ривожи сув ва сув манбаларига боғлиқ. Воҳадошимиз, Муҳаммад Мўмин бизга йўллаган шеърини “Оби равон” деб номлабди. Ўзи қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан таъминлаш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналардан бирида ишлайдиган муаллиф шеърида ҳамкасблари масъулияти ва фидойилигига ишора қилади:   

“Чанқамасин кўкни қучган сор дея,

Ҳатто чумолилар умидвор дея,

Худонинг бир айтган ери бор дея.

Тикишга тайёрмиз ҳаттоки жонни,

Элга етказмоқ-чун оби равонни...”

Хуллас, мактублар келиб турибди. Гарчи уларнинг барчасини тўлиғича нашрларимизда эълон қилиш имконияти бироз чекланган бўлса-да, асло эътиборимиздан четда қолмайди.

Таҳририят

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!