Меню

Қашқадарё

04.02.2020 1636

ҲАЁТ УЛКАН, КУЧЛИ ҲАМДА ВАҲШИЙ ҲАЙВОНГА ЎХШАЙДИ...

Сараланган сатрлар

Ёзувчи, журналист ва юрист, қирққа яқин романлар муаллифи Энцо Руссонинг "Мафия аъзосининг иқрори" асари Италия мафияси кирдикорларини ҳикоя қилади. Давлат ўз функцияларини бажара олмаса, амалдорлар пулга сотилса, суд келишиб ишласа, бундай жамиятда жиноятчи тўдаларнинг айтгани-айтган, дегани-деган бўлади. Ўз навбатида ўша тўдаларнинг ҳам ўзига хос қонун-қоидалари борки, улар одамлар ҳуқуқини таъминлашдан кўра мафиянинг барқарор яшашига шароит ҳозирлайди, холос.

Турмуш қийинчиликлари сабаб мафиозга айланган ва бош мақсади яқинларини оёққа турғазиш бўлган Жованино томири сувга етганда ҳамма яқинларидан, отаси, онаси, хотинидан маҳрум бўлади. Эришгани - ёлғизлик ва саргардонлик бўлади. Аммо бундаям қандайдир адолатсизлик борлигини мутолаа жараёнида ҳис этиб турасиз...

 Қуйида романдаги сара фикрларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

* * *

Мен шу кунгача кўп хўжайинларни кўрдим. Нима қилишган улар? Қўмондон бўлиб олиб буйруқ бериш, фақат ва фақат ўз манфаатини кўзлаш, шундан бошқа ҳеч нимани назарга илмаслик... мана, нима қилишган!

* * *

Агар ҳурмат йўқолса, қайтиб топилмайди.

* * *

Бизнинг Сицилияда шундай: йигирма километр нари юрсанг бўлди, одамлар бошқача сўзлашади, қўшиқнинг сўзлари ўзгача жаранглайди.

* * *

Кимдир кучлироқ чиқиб қолса мен эпчилроқ, ким эпчилроқ бўлса мен айёрроқ эдим.

* * *

Одамзод учун кўрсатиладиган энг катта хизмат унга хато қилмасликни ўргатишдир.

* * *

...баъзи бир ҳолатларда сабр қилишни билмоқ лозим эди. Ушбу қобилият мени яна икки-уч марта ўлимдан сақлаб қолишидан бехабар эдим.

* * *

Модомики, ўртоқларинг билан нон бўлишиб еяётган экансан, қолган нарсалар ҳам ўртада бўлмоғи шарт.

* * *

...ноиложлик ва ноумидликка йўлиққан одам   хавфли инсонга айланиши мумкин.

* * *

Агар бир одам иккинчисига савол берса, демак, ҳамсуҳбати айтишни истамаган нарсани сўраган. Модомики, ўзи айтмадими, демак, хоҳламаган, шундай бўлгандан кейин суриштиришдан нима фойда?

* * *

Ҳаётда кўп нарса кўриб улгурмаган бўлсам-да, тилёғлама ва қўрқоқ одамларни ажрата оламан. Бунақалар мактаб қоровуллиги ё дарвозабонликка илиниб олса, камбағал-бечорани кўрган заҳоти қаҳрланиб қутуради. Директор ё уй эгасининг қошида раққосага ўхшаб кетини ликиллатади.

* * *

Денгиз аниқ-тиниқ ёдимда қолган, аммо мен у ҳам гўё инсон каби баъзида тинч ва беозор, баъзида қутурган итга ўхшаб ёвузланишини ҳали билмасдим.

* * *

...доктор ғаройиб бир нарса ўйлаб топди: у сайловчига кўзи ожизлиги ёхуд умуман кўрлиги хусусида шаҳодатнома ёзиб берди, ана ундан сўнг ким уни, яъни бечора сайловчини кузатувчисиз ёлғиз сайлов кабинасига киритади? У бадбахт "кўр"ларга ҳамроҳлик қилиш бизнинг вазифамиз эди.

* * *

Кимда-ким ҳурмат қозонишни истар экан, миш-мишга йўл очувчи қилиқлардан тийилмоғи лозим.

* * *

1963 йил президент Кеннеди ўлдирилган кун Палермода эдим. Ўшанда юз берган ҳодисага базўр ишонганман. Аммо бу қонун ҳамма ёқда бир хил, Сицилия бўладими у, Америками ёки дунёнинг бошқа бўлаги... Сен шаҳаншоҳ каби қудратли бўлишинг мумкин, лекин пешонангдан дарча очиб қўйиш учун журъати етадиган зот топилгани замон жамики бошқа ўликлар сингари тўппа-тўғри нариги дунёга равона бўласан.

* * *

Мен ҳаётимда чаласаводлигим ё хом-хатала ёшлигимга бориб, хатолар қилганман.

Аммо нодонлик - ҳеч қачон.

* * *

Сал-пал одамга ўхшаб яшаган ягона даврим Корлеонеда кечди. Лекин у ерларда қиз болага кўз қисиш пичоғини тошга уриб қайраётган кимсани "итвачча" деб ҳақоратлашдан кўра хатарлироқ эди.

* * *

Халқ фақат барчага яхшиликни илинган, дўстона муносабатини сира дариғ тутмаган, покиза ва чинакамига ҳамиятли инсон учунгина қайғуради.

* * *

...агар сен ота-онасини ҳурмат қилган бўлсанг, ўғлини ҳам, токи у бунга сазовор экан, ҳурмат қилмоғинг шарт.

* * *

Уддасидан чиқолмасанг, сўз берма. Алдасанг - тўкиласан. Ё сўз берма ёки устидан чиқ.

* * *

Қадим мақолда бежиз айтилмаган: дўсти кўпнинг ташвиши оз бўлади. Менинг дўстларим етарли, ҳақиқий бойлигим ўшалар. Улар мени Антимафия дея номланиб, ўзини Лижонинг беркинган жойини билмасликка соладиган, давлат душманларини муниципал шўролардан ахтариш ўрнига бизнинг барлардан излаб, охирида бурнини эплаб қоқолмайдиган Женко Руссони сургунга ҳайдаган адлиячилардан ҳам ҳимоя қила олишади.

* * *

Дунёда ҳеч қачон содир этилмаслиги лозим бўлгану, аммо барибир содир этиладиган нарсалар бор.

* * *

Бу одамлар ҳаммада қўрқув уйғотиб карьера қилади, ҳеч ким уларга ишонмайди.

* * *

Эркак киши нима бўлган тақдирда ҳам доим эркак бўлиб қолиши керак.

* * *

...қадимги донолар "кўп гапирган кўп хато қилади", дейишган.

* * *

У мени ўша пайтнинг расм-русуми бўйича кузатди.

- Енгил шамол ҳамроҳинг бўлсин...

* * *

Гарчанд палермоликларни эскитдан ёқтирмасам-да, тан олишга арзигулик хислатларини эътироф этаман: улар ҳеч вақт бировнинг ишига бурун суқмайдилар.

* * *

Ҳамма фалокатларнинг негизи шунда: биз ҳаддан зиёд кўп ўқиганмиз. Шерлар молларни ейди, чунки маълумоти йўқ, агар шерни ўқишга мажбур этсанг, у энди ҳеч нимага ярамайди, натижада уни шоқоллар енгади.

* * *

Поччам индамай бошини эгди. Таклифим унга етарли эканини биламан: у бу ерга "сариқ чақаям тегмаса-я", деган хавотирда келган. Аммо мабодо миллиард таклиф қилишса, яна юз минг тилаб оладиганлар хилидан эди у.

* * *

Эр йигитнинг кучи - дадиллик, қариянинг кучи - фарзандлари.

* * *

Дунёнинг гоҳ у, гоҳ бу ерида Миср президенти, Римнинг поляк Папаси, ака-ука Кеннедиларга қарата ўқ узилиб турган бир пайтда улар "бизга биров ҳатто бармоғини теккизолмайди" деган ишонч билан иш юритдилар. Эҳтимол, ўлаётиб, "наҳотки, бўлиши мумкин эмас, мени-я" деб ўйлашгандир.

* * *

...қишлоқдан келган шахс ҳали ор-номус ва ҳурматини йўқотмаган бўлади. Шаҳар одамларни ёввойи ҳайвонга айлантиради.

* * *

Фақат авлиё, она ва ор-номусли кишигина беғараз бўла олади. Она доимо беғараз, чунки фақат ўз фарзандлари учун меҳрибончилик қилади. Авлиё ҳам доим беғараз, ҳаммага баравар яхшилик қилади, чунки у Худонинг марҳаматига эришишни истайди. Ор-номусли киши эса кимгадир беғараз ёрдам кўрсатар экан, демак, бу - эвазига бирон нима талаб этилмайдиган дўстлик белгиси. Бу худди сенга узатилган нажот қўлига ўхшайди.

* * *

Соддадил одам эди дон Нино. У енгил ҳаётга ўрганиб қолган, шу боис тепаликка чиқишга уринган кишидай шахдам қадам ташлар, илк қияликни учратганда, чарчаб, руҳи тушиб кетарди.

* * *

Ҳаёт улкан, кучли ҳамда ваҳший ҳайвонга ўхшайди, дейишарди. Бироқ ваҳший ҳайвон ҳам ўз боласини сут бериб боқади, юнгларини сийпалайди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!