Меню

Қашқадарё

22.08.2024 3333

ҲАЁТ - СИРЛИ, ТУШУНАРСИЗ ВА ТЎЛА ИЗОҲЛАБ БЎЛМАСЛИГИ БИЛАН ҚИЗИҚ...

Сараланган сатрлар

Бу дунё асли Сўз устига қурилган: бир сўз билан яралган олам яна шу қадар калима ила йўқликка юз тутади. Башарият ўтмиши, яхши-ёмон фикрлар, эзгулигу ёвузлик ана шу восита орқали авлодларга мерос бўлиб ўтади. Сўзлар инсониятни бошқаради: урушларга ҳам, тинчлик битимларига ҳам биргина калом сабаб эканига тарихдан мисоллар кўп. Ҳуқуқшунослар биладиган "Миранда қоидаси"даги "Ҳар бир сўзингиз судда ўзингизга қарши ишлатилади" деган қоида ҳаётнинг бошқа жабҳаларида ҳам амал қилади - оғиздан чиққан ҳар бир гапга жавоб бермоқ бор...

Ижодкорлар-ку чунонам - юзлаб, минглаб саҳифаларни қамраб олган сўзлар уммони вақти келиб адибнинг ўзига қарши ишламаслиги, аксинча, эзгулик, ёруғликдан дарак бергани маъқул. Ижодкорнинг тўғри йўлдан оғишмаслигида эса адабий танқидчиларнинг ўрни катта. Холис танқид устаси адибни беҳуда гап айтишдан қайтаради, ютуқлари баробар хатою нуқсонларини ойнадек тутади.

Қуйида шундай танқидчилардан бири - Қозоқбой Йўлдошнинг "Ёниқ сўз" китобидан лавҳалар келтираяпмиз. Унда адабий жараён, ижодкор масъулияти ва вазифаси, кўнгил кечинмалари ўзига хос услубда баён қилинган.

* * *

Адабиёт XIX аср иккинчи ярмидан эътиборан Аллоҳ, одам ва ишқ муносабатларининг анъанавий тадқиқидан маиший турмуш реалликлари тасвирига ўтди. Бу жараённинг ҳам яхши, ҳам ёмон жиҳатлари бор. Яхшилиги шундаки, адабиёт одамлар турмушига яқинлашди, кўпчиликка тушунарли, яъни оммабоп бўлди. Ёмонлиги эса... ўз муаммоларига ўралашган одам Аллоҳдан, унга интилиш меваси бўлган юксак туйғулардан йироқлашаверади.

* * *

Адабиёт - абадиятга даъвогар. Адиб - бетизгин вақтни тизгинлашга уринадиган зот. У тарихчидан фарқ қилароқ, замон ҳақида ахборот, маълумот бермайди. Билъакс, вақтни, одам умрининг бирор қисмини ҳиссиёту сезимлари билан тасвирга муҳрлаб, тўхтатиб қўяди.

* * *

Одамнинг ҳаётдаги ўрнини фақат сиёсий қарашларию, ижтимоий фаоллиги нуқтаи назаридан баҳолашга уриниш, пировард натижада шахс эркига зуғумни келтириб чиқаради. Киши сиёсий мақсадлар, ижтимоий аъмоллар учунгина яшамайди. Инсонга умр берилган экан, у ҳаётнинг, жоннинг ҳақи учун ўз бахтию бахтсизлиги оғушида умр кечираверади.

* * *

Навоий ҳазратлари бекорга айтмаганлар: "Сўзни гар туз дедим ва гар оздим, Неки тақдир айладинг, ёздим". Чинакам адиб кўнгли буюрганидай, илҳоми келганидай, бадиий ваҳий инганидай ёзади. Илҳомни зўрланса, ҳатто баъзан, унинг маҳсули тарашланса ҳам асарнинг табиийлигига путур етади, пардозлангани сезилиб қолади. Ижод Аллоҳ билан юзма-юз бўлиш демакдир. Яратган қаршисига совуқ назарий тушунчалар билан эмас, оловли қалб билан, адоқсиз ва покиза муҳаббат билан борилади. Чинакам ижод ҳамиша муножотдир. Муножот учун унинг қайси усулда ижро этилиши эмас, чинакам тавба изҳорию дилнинг самимияти муҳимдир.

* * *

Дунёдаги бирорта эси бутун одам китобга қараб яшамайди. Ўз ҳаётини бирорта бадиий асар қаҳрамонига қараб ташкил этмайди. Бадиий асар ибратини жўн тушуниш унинг жозибасини йўққа чиқаради, асардан фақат ғоя қидирилиб, унинг ширасини туйиш, жозибасидан завқланиш туйғусидан маҳрум қилади.

* * *

Истеъдод ўз йўлидаги тўсиқларни енгиб ўта олиши билан буюкдир. Қаердадир, қандайдир кучнинг таъсири билан тўхтаб қолиши мумкин бўлган истеъдод буюк саналмайди.

* * *

Ёш шоира Беназирнинг дунёни кўриш ва изоҳлаш йўсини мавжуд қолипларни буткул инкор қилади дейиш мумкин. "Дунё - оёғимга сиғмаган ковуш, Муҳаббат - эгнимга тор келган нимча", - дейди у. Шоиранинг туйғуларига кўчмоқ, у ҳис этган сезимларни туймоқ учун ўқирман бир қадар меҳнат қилиши зарур бўлади. Шоир Иқбол Мирзо эса биз кўниккан қаноатларга тамомила терс хулосага келади: "Зулмнинг лаззатини фақат мазлум билади, Бахтиёр чеҳраларни кўрсам раҳмим келади". Санобар Меҳмон деган шоира туйғуларини: "Севмасимдан олдин МАЖНУН эдим ман, Севганимдан кейин бўлдим САНОБАР", - дея урғу билан ифодалайдики, буни англамоққа уринишнинг ўзиёқ кишининг ақлини ҳам, ҳиссиётини ҳам ўстиради.

* * *

Даҳоликнинг биринчи шарти шахсий ҳаётдан воз кечишдан иборатдир. У нафақат бировга, балки ўзига ҳам тегишли эмаслиги билан ҳамиша фожиага гирифтордир. Шу фожиавийлиги билан даҳодир. Даҳолик шараф эмас, балки қисматдир. Ва бу қисмат уни жамоага, миллатга ёки ундан-да катта бир аурага тегишли қилиб қўяди.

* * *

Аслида ҳам одам дунё ичра дунёдир ва уни кимларгадир хуш келувчи, кимларнидир юксалтирувчи ғояларнинг ижрочисига айлантириш жиноятдан бошқа нарса эмасдир.

* * *

Асарлар кўпчилик томонидан ўқилиши мумкин, лекин ўқиганни ўйга толдириш ҳар бир битикка ҳам насиб этавермайди. Маълумки, бадиий асар битта ва бетакрор бўлади. Ниманингки "2-" ёки "3-"си пайдо бўлса, демак, унинг санъатга алоқадорлиги шубҳали. Ҳатто шолча, этик ёки кўза сингари жуда оддий нарсалар ҳам биргина нусхада ва бетакрор тайёрланса, санъатга айланиши мумкин бўлганидек, оммавий равишда "ишлаб чиқарила" бошлаган "роман"лар ҳам бадиий адабиёт доирасидан чиқиб кетади.

* * *

Одамзот ҳамма нарсага кўникади. Ҳатто тинимсиз рўй бериб турган ўзгаришу янгиланишларга ҳам одатланади. Ўзини худди бир умр шу ўзгаришлар ичида яшагандек, бундан бошқача бўлиши мумкин эмасдек тута бошлайди.

* * *

Бугунги кун одами ё лоқайдлиги, ё ўта фаоллиги ёхуд хизмат важидан ўзгаларнинг турмушига дахл қилади. Бошқа ҳолатда биров билан бировнинг иши йўқ.

* * *

Ижодкор виждонидан ўзга ҳеч кимнинг олдида бурчли эмас. Нимани, қандай, қай шаклда, қачон ёзиш унинг шахсий иши. Ижодкор - ўз қалбининг хоқони.

* * *

Шахслиги теранлашмаган кишилардан иборат миллат аҳлининг қизиқишлари бир хил ёхуд бир-бирига яқин бўлади. Шахсияти чуқурлашган миллатнинг ҳар бир аъзоси ўз олами билан яшайди. Энди у тўдалаша олмайди, оломон бўлолмайди. Бу ҳолат одам учун, эҳтимол, саодат, балки фожиадир.

* * *

Қаноатсиз одамга тириклиги ҳамма замонларда ҳам маънисиз туюлган. Чунки одам ўз ҳаётини ўзи бошламагани сингари, уни хоҳлаган йўналишга буриб юбориш, истаганда тугаллаш ҳам унинг ихтиёрида эмас. Қисматни ўзгартириш йўлидаги уринишлар перипетияни, яъни тескари натижани келтириб чиқаради. Шоҳ Эдипни эслайлик: у тақдирга чап бераман деб, тадбиркорлик қилгани сайин фожиаси чуқурлашаверади. Тақдир ишига аралашмоқ, уни ўзгартирмоқ одамнинг қўлидан келмайди. Барча мутасаввуф адиблар шундай бўлишини яхши билишган ва тақдирга тадбир кўрадиган эмас, балки унга пешвоз чиқадиган қаҳрамонларни тасвирлашга эътибор қаратишган. Шунинг учун ҳам Фарҳод ўлимдан қўрқмайди ҳам, қочмайди ҳам, балки унга интилади. Чунки у қисматининг Хусрав эмас, қудратли ЗОТ томонидан тайин этилишини билади.

* * *

Адабиётдан ҳам, адибдан ҳам одамни фақат ўзини фидо қилувчи, қурбон бўлувчи тарзида кўрсатишни талаб этиш, бир томондан, ижод эркинлигига зуғум бўлса, иккинчи ёқдан, одамнинг табиатига зиддир. Адабиёт ана шу бирёқламаликдан қутулиб, одамни бу дунёда яйраб яшашга ҳақли яратиқ тарзида тасвирлашга ўтса, инсон деган хилқатнинг ўз назарида ҳам, ўзгалар кўзи олдида ҳам ҳурмати ошади.

* * *

Бу дунё - кўҳна, сирли ва тушунарсиз. Одам руҳиятидаги сирлилик янада чексиз. Уни оддий одамларгина эмас, балки Беруний ва Ибн Синодай даҳолар ҳам англай олмаган. Ҳаёт асли шундай ғалатилиги, тўла изоҳлаб бўлмаслиги билан қизиқарли.

* * *

Шеър учун тугаллик тушунчаси ўта нисбийдир. Чунки асл шеър - ҳамиша сувратланган руҳият. Руҳиятнинг эса, маконда ҳам, замонда ҳам тугалланиши мумкин эмас.

* * *

Болаликнинг кўзлари - катта ва ҳайратга тўла. Бу кўзлар ўз турмушидаги ночорлик ва етишмовчиликларни кўрмаслиги мумкин, аммо гулнинг ҳарир косасидаги шабнамни, капалак қанотидаги жароҳатни, сокин оқаётган сувдаги мавжларни кўради. Чунки бола учун бутун олам жавоби топилиши керак бўлган жумбоқ.

* * *

Ҳазрати Ғаззолий айтадиларки, ўзини билган одам учун узоқ умр кўриш, катта давлат ва мустаҳкам соғлиққа эга бўлиш бахтсизликдир. Чунки одам ҳаётига лаззат бахш этадиган бу уч ҳолат уни Яратгандан йироқлаштиради. Ҳолбуки, ҳар биримиз айни шу неъматларга эришмоқни орзулаймиз. Чиндан-да, соғлом одам Худони камроқ эслайди. Давлатли киши эса Аллоҳга кўп ҳам муҳтож бўлавермайди. Узоқ умр кўрган кимса ўзида Яратганга ёқадиган нимадир борлигидан кибрланади. Ўзини танимоққа тутинган инсон Яратгандан умидвор бўлиш баробарида хотиржамликдан қўрқади, доимий хавотир қучоғида бўлади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!