Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ МАРД-ТАНТИЛАР БИЛАН ҲИСОБЛАШАДИ...
Сараланган сатрлар
Телевизорда бирор кино қачон қўйилиши ҳақида эълон кетса, одатда ундаги энг таъсирли, қадрдон лавҳалар бир-бир кўрсатиб ўтилади. Мақсад - ўша фильмни яна бир карра томоша қилишга ундаш, аввал кўрмаган бўлсангиз, мана энди фурсат топишга қизиқтиришдир. Шу маънода ҳукмингизга дунё ва ўзбек адабиётининг энг сара намуналаридан олинган иқтибосларни ҳавола этишдан ҳам муродимиз шу: китобхон ва вақт синовидан ўтган чинакам асарлар доимий ҳамроҳингиз бўлсин.
Бу галги лавҳалар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг ягона романи - "Шовқин"дан олинган. Китобда бир "киночи"нинг ҳаётига назар солинади. Чўчиманг, Эркин Аъзам асарларини ўқиб ҳали ҳеч ким афсус қилмаган. Тил имкониятлари, киноялар, ўзига хос воқелик сизни бефарқ қолдирмайди.
* * *
Суръат ҳамма жойда яхши ўқиган, истеъдодсиз ҳам деб бўлмасди уни. Қизиқ-қизиқ сюжетлар ўйлаб топишга уста эди. Масалан, ёш бир актриса одамларни ўрганиш учун ҳар хил даврага боравериб, ахийри ҳаётда ҳам артистга айланиб кетади ёки бир чол аллақандай дори ичириб, кампирини яшартириб қўяди. У кинонинг талаб-табиатини балодек ўзлаштирган, бояги каби топилмаларини айтиб бериб унча-мунчани ҳайратга ҳам солар, шуларни қоғозга туширишга келганда эса иш тескари бўлиб чиқар эди. Шунинг учун ҳозирга қадар унинг бирорта мустақил асари йўқ, ҳаммаси икки киши-уч кишилашиб ёзилган ҳашар нимарсалар эди.
* * *
...ишни ўзингиз бажаргандан кўра, унга ҳайбаракаллачилик қилмоқ, бошчилик қилмоқ осон ҳам мароқли. Бу эса шундай ширин, шундай мазали бир нишолдаки, ялайтуриб ҳар қандай қаламни синдириб отгингиз келади.
* * *
Ҳа, кўп нарса ёзилмай, кўнгилда қолиб кетди. Кечалари баъзан шуни ўйлаб қаттиқ безовта бўлади, зирапча мисол қадалиб ётган алланима юрак-юрагини зирқиратиб юборади, ҳозироқ туриб нимадир қилгиси, бир нималар ёзиб ташлагиси келади, аммо кундузги ҳорғинликми, аллақандай қўрқув - журъатсизликми қўлини чандиб, ўрнидан қўзғатмай қўяди. Эртаси эса, кундалик юмушларга шўнғиб, кеча ҳаяжонга солган гаплар кўзига арзимас, аҳамиятсиз бир нарсадек кўринади. Ҳар гал шу, кўп такрорланган ҳол. Бора-бора шуниси ҳам унутилиб, энди аллақандай асосу баҳоналар топиб, ўзингизни оқлайдиган, ҳатто бундан мағрурланадиган бўлиб қолар экансиз.
* * *
...мен сизга айтсам, ҳар қандай калимага мана шу "кино"ни қўшсангиз, у ёғи ўз-ўзидан тўқилиб кетаверади: кинобобо, киномомо, киноафсона (олдинги иккови), кинокатта (раис), кинобой (картина директори), киноқул (ёрдамчилар, декорация ясовчилар); киножонон, киноулфат, киноғурбат сингарилари таниш сизга. Ўзимни эса дангалига "киношўрлик" деб биламан. Шўрлик бўлмасам - сценарий ёзармидим, авваламбор шунга ўқирмидим? Сценарийчини мен бировга қиз берган шўринг қурғур ота-онага ўхшатаман. Не-не орзу-умидлар билан қизни туғиб вояга етказасиз. Кейин битта бўйни йўғони келадию от ваъда қилиб, туя ваъда қилиб олиб кетади. Олиб кетгач, элтиб билган кўйига солади. Қани, энди аралашиб кўринг-чи!
* * *
...сўхтаси совуқ дўхтир хотинга миннатдорлик ифодаси сифатида Умар Хайёмнинг Тошкентда чоп этилган ўрисча нашрини туҳфа қилган эди, у қайтиб олдига суриб қўйди: "Уйимда қалашиб ётибди бунақаси". Мулзамликда қолган Фарҳод пул чўзмаганига пушаймон бўлиб, дўхтирнинг ҳузуридан чиқди.
* * *
Дунёда ҳар қандай дарду балонинг давоси бор. Фақат биз уни билмаймиз, тополмаймиз...
* * *
Дунёда ахир одобу андиша, раҳм-шафқат деган гаплар ҳам бор-ку... Зуваласи ўша замонда қорилгани, суяги ўша замонда қотиб, фикр-қарашлари ҳам ўшанга мосланиб қолгани учун фақатгина ўзи айбдор эмасдир ахир!
* * *
"Ўша ёққа бориб ишлаб келсанг, Фахрий ёрлиғ берамиз", деб ваъда қилганмиш комсомолнинг марказий идораси. "Хўп, ўша ёрлиғини бердиям дейлик, кейин-чи, кейин нима қиласиз?" деб сўрасам, ўйлай-ўйлай, "Билмасам. Бир гап бўлар", деб қўяди елкасини қисиб. Жуда содда-ей!
* * *
...ҳозир раққосаси тугул, умрида саҳнага қадам босмаганлари ҳам кинога чиқиб кетаётир!
* * *
Булар Абушароф акамизни анчайин бир табиб эмас, ҳамма соҳанинг пиру билағони деб ўйлар экан, бурчакда пастгина ғинғиллаб турган телевизорда Навоий номи тилга олиндию бояги серсавол одам тағин сўроққа тутди:
- Тақсир, Навоийни нега Навоий деймиз, маъниси нима?
- Оталари асли новвой ўтган-да, шундан Наввойи-Наввойи бўлиб кетган.
Бундай даврада гапга аралашиб, маҳмадонагарчилик қилгим келмади.
* * *
Одам бир ишга қаттиқ ёпишса, кутилган натижа чиқмаслигига кўзи етиб турса ҳам, чиқадиганга ўхшайверар экан.
* * *
"Шу денг, Равшанжон, Цекада ишлайдиган давримиз. У ёғини ўзингиз биласиз! Бир куни чоқириб, "Киностудияга директор бўлиб борасиз", дедилар. "О, биз кинога ўқимаган, касбимиз - тарих муаллими", десак ҳам қўймадилар: "Сиз партийнийсиз, ҳаммасини билишингиз шарт - партиямизнинг буйруғи шу!" Ҳай, бордик. Борсак - ҳаммаёқ бардак! Бир эпизодни тўрт-беш мартадан олдик, деб пулни ўғирлайдилар. О, нимага тўрт-беш марталаб оласан, мусулмон, биттасини бир мартага ол! Ана сўғин омборхонага тушиб, қани, чиқор плёнкангни, дебмизу қулочлаб ўлчайберибмиз, ўлчайберибмиз денг! Ҳай, бу бир ҳангома-да. Кейинига-ку билиб кетдик ҳаммасини. Улар тўрт-беш маротаба олган бўлса, ўзимиз ўн маротабалаб олмоқни ўргандик".
* * *
Худойим ҳар кимнинг феълига яраша, гоҳо бировдан аяганини бошқасига қўшқўллаб берар экан-да.
* * *
"Парво қилманг, - дейди ҳар сўзида. - Кўнгилни мўлтонининг иштонидай кенг тутинг, ичига шамол кириб, ўзи обориб қўяди керакли жойга". Жайдарироқ фалсафаю, лекин тубсиз қудуққа тушиб қолган кишига зўр таскин-да, тўғрими?
* * *
Одам бўлгандан кейин шундай бир дард ҳам керак-да: бу дунёнинг, ўткинчи умрнинг қадрини, ғаниматлигини эслатиб-эслатиб турадиган! Қаранг, ҳаёт ўзи ғала-ғовур шовқинга тўла-ку, тўғрими? Гап энди шунга кўмилиб қолмасликда, кўнгилни шундан озода асрай олишда. Кимки бу талотўпнинг ичидан кўнглига мос бир оҳангни топа билса, ана ўша одам ютади, ана ўшанинг армони камроқ бўлади. Кўнгилни ўйланг, кўнгилни авайланг, иним. Кўнгил - ўзингизники, қолган шовқин-сурон эса дунёга тан. Ахир, қулоқ жонивор фақат беҳуда шовқин-суронни эшитмоққа берилмагандир!
* * *
"Маълумки, санъат иши азалдан бир-бирига қарама-қарши икки тоифанинг ўртасида талаш бўлиб келган: истеъдодли билан истеъдодсизнинг, чинакам заргар билан қаллобнинг. Тўғрими? Аммо ўша қаллоб деганимиз ҳам ҳеч қачон ўзини бировдан кам чоғламайди: у ҳам инсон, тирик жон, унинг-да ҳаётда кўзлаган мақсаду манфаатлари бор, шу йўлда курашади ва табиийки, буни адолат жабҳасидаги муқаррар муҳораба деб билади.
* * *
Худдики машҳур Делон дейсиз, Ален Делон! (Айтишларича, сочини хотинчасига танғиб юрганида кекса отанинг ори келиб, бир кеча уйқудалигида уни таппа босибдию ўт-алаф майдалайдиган дағал жоди билан ўша шарманда кокилни ғарчча кесиб ташлабди.)
* * *
Мана шу емакхонадагиларни олинг. Биронтасининг юзида ташвиш-таҳлика кўринмайди, бари беғам-бепарво, оғзидаги гўштини чайнаб, пивосини хўриллатиб ўтирибди. Майдон тарафларда эса қанча шовқин-сурон, қанча қиёмат бўлиб ётибди!
Бундан чиқди, инқилобу тўнтариш деганлари не бир илинждор тўдагинанинг иши экан-да! Қолганлар бу ёқда пивосини ҳўплаб, биров-бировига ош ошатиб юраверади...
* * *
Қизиқ, баъзан ҳаётингизнинг қораламаси оралаб - хомаки бир ҳаётда яшаб тургандек бўласиз. Гўёки теварак-атрофингиздаги одамлар ҳам, воқеа-ҳодисалар ҳам ўткинчи, омонат, уларни яна бир карра, яъни расмонасига кўрмоқ, бошдан кечирмоқ ҳали олдинда кутаётган каби шошиб, бепарво юраверасиз. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири бетакрор, бор ҳаётингиз - мана шу, умр деганлари - шу, тамом!
* * *
Тақдир йўлларидан яккаш ўзингиз ўйлагандек, орзу қилгандек топ-тоза, бирон гард юқтирмай ўтиб бўлмас экан. Гоҳо етти ухлаб тушингизга кирмаган гирдоб ё мағзаваларга йўлиқасиз, аммо уларни четлаб-айланиб эмас, айнан кечиб ўтмоққа маҳкумсиз! Шунда, ана шунда!.. Демак, гап бу муқаррар хас-хашагу лойқа-қуйқадан имкон қадар фориғланиб боришдагина қолар экан. Лекин буниси ҳам осон эмас-да, аксар қутулмоқнинг иложи йўқ-да: барибир кечаги кунларингиз таъқиб этаверади.
Тақдирга тик қараб, мардона туриб бермоқдан ўзгаси бекор! Ҳаёт тантига - танти, тантилар билангина ҳисоблашади.
Б.ЎКТАМ тайёрлади.