Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР
* * *
Ўз оиласи, ўз халқи ва ўз Ватанини севмаган, қадрламаган одам ҳеч бир ҳурмату эътиборга лойиқ эмас.
* * *
Ўзга элу халқлар устидан фақат ҳукмронлик қилишга интилган давлатлар бир кун келиб албатта мағлубиятга учрайдилар.
* * *
Ёлғону мақтовни эшитиб хурсанд бўлгандан кўра, росту танқидни эшитиб хатони тўғрилаш афзалдир.
* * *
Юксак орзу-умидларинг сари интилаётган вақтингда дуч келган ташвишу қийинчиликларга сабрли бўл.
* * *
Оломон олиму донишлардан кўра бузғунчи-нодонларга бўйсунишга мойилдир.
* * *
Айримлар бандани қўрқитар мансабингдан олурман деб, бандаси ўйлар бу ташвишли амалдан қачон қутуламан деб.
* * *
Майда кўпкарида юрган чавандозлар катта кўпкарига кирсалар шошиб, нима қилишини билмай қоладилар. Ҳаёту тирикчилик учун кураш ҳам худди шундай жараёндир.
* * *
Нодону худбиннинг таомига шерик бўлсанг, бир умр эшагига қўшиб ишлатмоқчи ёхуд итига қилган муомалани қилмоқчи бўлади.
* * *
Юпину хароб кийинганлар ва ночору ожиз кўринганларга аксариятимиз ачиниш ҳисси билан қараймиз.
* * *
Мулку мансаб ишқида бир умр изтироб чекиб яшашдан кўра, қир-адирда қўй-эчки боқмоқ афзалдир.
* * *
Эркаклар бевақт севиб қолсалар изтироб чекадилар, аёллар эса кулги бўладилар.
* * *
Майхўрлар биргаликда майхўрлик қилишни одат қилганлардан бошқаларни тан олмайдилар.
Абдишукур ОМОНОВ