Меню

Қашқадарё

06.10.2020 1457

Ҳаёт кузатувларидан қайдлар

Фақат ёлғон гап эшитиб безган одам, ҳар замонда айтилган ростни ҳам ёлғон санайди.

Инсоннинг истагу хоҳиши ўз имкониятлари билан бирга, давру замон руҳига ҳам мос келиши керак.

Расмий идоралар давлат ишини қайси тилда, қайси алифбода юритса, демак, шуниси "давлат тили"дир.

Бобом дерди: уйда ўтирсанг, шарти кетиб, парти қолган кампиринг ҳам иш буюришни яхши кўради, одат қилади.

Ўзини ўзи бошқара олмаган одам - элу жамоага ҳам оқсоқоллик қилолмайди.

Орзу-мақсади улуғларнинг меҳнату мажбурияти ҳам катта бўлади.

Тарихга назар солинг: нафақат "доҳий"лар, ҳатто диктаторлар ҳам фақат халқ номидан гапирганлар ва халқ номидан иш кўрганлар.

Аввало ўзингга, сўнгра фарзанду набираларингга талабчан бўл!

Раҳбар ҳар қандай  масала бўйича таҳлили, хулосаси ва таклифи бўлмаса, омма олдида маъруза қилмаслиги керак.

Оила! Бу маконда нафақат райҳону атиргуллар, балки тиканлар ҳам ўсиши мумкин.

Ўтмишига "тош отиш"ни одат қилган элу улуснинг порлоқ келажагига ишониш қийин.

Ҳамманинг бир хил фикрлаши - ҳеч кимда фикру эътиқод йўқлигидан далолат.

Уламо деди: Аллоҳдан ўзганинг эътиборини қозонишга интилиш хушомадгўйликдир.

А.ОМОНОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!