Меню
Қашқадарё
Ҳаёт кузатувларидан қайдлар
Зиёлилар - элу улуснинг виждони, тўғри йўлни кўрсатгувчилари бўла олмоғи керак.
* * *
Қалби тоза инсон - энг гўзал ва энг бахтли инсондир.
* * *
Оилавий бахт - бошқа барча бахтларнинг шоҳидир.
* * *
Фикру тафаккури эркин бўлмаганлар ҳамиша бошқалар таъсири ва хизматида юради.
* * *
Тарбия ва таълим олмасдан, илму маърифатли бўлмасдан бахтли ва саодатли бўлишни орзу қилма, деди бобом.
* * *
Китоб дўконида: бобо араб, ота кирилл, ўғил эса лотин имлосида битилган китобларни изламоқда, улар гўёки бир-бирига бегона!
* * *
Қонунлар доирасидаги эркинлик - озодлик дейилади.
* * *
Замондан нолишни одат қилганлар муваффақиятга эришиши қийин, янада ёмони, улар ўзларини ҳеч қачон бахтли ҳис қилмайдилар.
* * *
Ота-онасининг пенсияси эвазига рўзғор тебратаётган ёш оилалар аҳволи нақадар ачинарли. Ишқилиб, умрлари узоқ бўлсин...
* * *
Ҳар қандай даврдан узоқлашаверсак, у вақтларнинг яхши-ёмон томонларини чуқурроқ англай бошлаймиз.
* * *
Араб-форс, лотин (инглиз), кирилл (рус) алифбоси - ҳеч қайсиси бизники эмас, аммо аросатда юрмаслик учун улардан бирини тезроқ танлашимиз керак, деди ўйчан зиёли.
* * *
Чиройли гаплар шундай маҳлиё қилиб қўядики, унинг рост ёхуд ёлғон эканини ажратолмай қоласан.
* * *
Эртадан умиди йўқ кадр ишидан унум, ютуқ ва ижобий натижа кутманг!
* * *
Шоҳлар - фақат Аллоҳ ҳамда келгуси авлодлар ва тарих олдида жавобгардир.
* * *
- Вақт шунчалик тезлашганки, ҳатто кечаги кунимизни ҳам "бир вақтлар" деб атай бошладик, - деди телевизор қаршисида ўтирган кайвони.
А.ОМОНОВ