Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР
Давлату жамиятдаги ютуқлар, ўзгаришлар ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатсагина тан олинади, эътироф этилади.
* * *
Фақат мақтанишни одат қилсанг, ёлғончига айланасан.
* * *
Аксарият мулки кўплар амали катталар билан, баъзи амали катталар бойлиги кўплар билан яқин бўлишни истайдилар.
* * *
Ўтмишнинг хатоси бугун сезилаётган бўлса, бугуннинг хатоси эртага кўринади.
* * *
Барчамиз бу дунёга меҳмон эканлигимизни билсак-да, аксариятимиз ўзимизни фанонинг мезбони деб ҳисоблаймиз.
* * *
Барча ислоҳатчилар ўтмишдан хато ва камчилик излайдилар.
* * *
Севмаган ва севилмаган қалб - ғарибдир.
* * *
Маънавиятсиз раҳбарлар ўз атрофида ўзидан ҳам жоҳил ва худбин ходимларни тўплаб олади.
* * *
Энг кучли шеру йўлбарслар ҳам эҳтиёткорлик ва айёрлик қилишдан холи эмаслар.
* * *
Катта раҳбарлар атрофида ўзини фидойи, ишчан, итоаткор ва содиқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилувчилар кўплаб топилади.
* * *
Ислоҳотлар қилиб турилмаса, давлату жамиятда яширин иллатлар кўпайиб кетади.
* * *
Оиласини севмаган халқини, халқини севмаган юртини севмайди.
А.ОМОНОВ